Жамият | 18:42 / 19.11.2022
24216
4 дақиқада ўқилади

“Сабзи бўлмаса ўзбекнинг уйида палов пишмайди” – гектарига 80 тоннагача ҳосил олаётган карманалик сабзичилар

“Жалойирнинг сабзиси”, деган жумла Навоий вилоятида “бренд”га айланган. Маҳаллий бозорларда айнан Жалойир қишлоғида етиштирилган сабзи харидоргир. Кармана туманида жойлашган ушбу қишлоқни Навоийнинг “ўра”си, деса ҳам бўлади. Айни кунларда ҳам қишлоқ  далаларидан сабзи ҳосили йиғиштириб олинмоқда.

Кармана туманидаги Жалойир қишлоғи аҳолиси ҳар йили ғалла ўримини интизорлик билан кутишади. Сабаби, улар ғалладан бўшаган майдонларни фермер билан ўзаро келишиб, тақсимлаб олишади ва полиз маҳсулотлари, асосан сабзи етиштиришади. Фермерларнинг ўзи ҳам ҳудуддаги эҳтиёжманд оилаларга бўшаган ерлардан ажратишади. 

Жалойирликлар сабзичилик ортидан яхшигина даромад қилишади. Чунки улар етиштирган ҳосил ички бозордан ортиб, ҳатто экспортга ҳам жўнатилади. Айни кунларда ҳам етиштирилган сабзи йиғиштириб олинмоқда. Ноябрнинг илк кунлари серёғин келгани ҳосилни йиғиштириш ишларини бироз ортга сурди. 

Ҳар йили ярим гектар, 30 сотих ер олиб, сабзи экамиз. Қиши билан сотамиз. Шу деҳқончиликнинг орқасидан тўйлар қилдик. Мана, қишлоғимиз аёллари бирлашиб, навбати билан ҳосилни йиғиштириб оляпмиз. Сабзи бўлмаса, ўзбекнинг уйида палов бўлмайди. Сотиб, шаҳарликларни ҳам таъминлаймиз. Сабзининг меҳнати оғир-у, лекин зарар кўрмаймиз. Шунинг учун ҳар йили экамиз”, — дейди Наргиза Ҳожиева.

Етиштирилаётган сабзининг уруғини ҳам жалойирликларнинг ўзи тайёрлайди. Деҳқон Марҳабо Ражабованинг таъкидлашича, февраль ойида ҳар ким ўз хонадони томорқасида уруғлик учун сабзи экади:

20 йилдан бери сабзичилик билан шуғулланамиз. Ер олишдан олдин сабзининг уруғини тайёрлаб оламиз. Февраль ойида уруғлик учун сабзи экилади ва пишгач, уруғи олинади. Кейин ана шу уруғдан кузги сабзи экамиз. Тўғри, сабзи бозордаги энг арзон полиз маҳсулотларидан бири. Аммо меҳнати осон эмас: униб чиққан сабзи ягона қилинади, ўталади”.

Айни кунларда йиғиштириб олинаётган ҳосилнинг бир қисми сотилади, қолгани эса ҳовлиларда махсус ўраларга кўмиб қўйилади. Оиладаги эҳтиёжга қараб, бозорларга баҳорги сабзи чиққунига қадар кам-камдан сотиб борилади.

Аллон маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Амриддин Акрамовнинг маълум қилишича, яхши деҳқонлар гектаридан 70-80 тоннагача ҳосил олишмоқда. Бу ҳар гектардан 50-60 млн сўм даромад дегани.

Жалойир ҳудудида 5 та маҳалла бўлиб, қишлоқ аҳолиси қачон ғалла ўрилар экан, дея такрорий экинни кутиб туради. Асосан сабзи экилади. Уруғини ҳам ўзлари етиштиради, меҳнатини ҳам ўзлари қилишади. Гектарига 80 тоннагача ҳосил олишмоқда. Агар оила 20 сотих ерга сабзи эккан бўлса, камида 10 млн сўм даромад қилади.

Бозорда ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Чунки бу қишлоқда етиштирилган сабзи доимо харидоргир. Сабаби, ҳудудимиздаги экин ерлари анча ҳосилдор, суғорганда қотиб ёки шўрлаб қолмайди. Натижада сабзи ер остида қисилмайди, чиройли кўринишда бўлади”, — дейди Амриддин Акрамов.

Қишлоқда ҳар йили ўртача 500 гектарга яқин майдонга сабзи экилади ва юзлаб оилалар сабзи сотиб, даромад қилади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид