Жаҳон | 20:40 / 19.08.2017
6192
2 дақиқада ўқилади

ЖАРда вазир ўринбосарларидан бири аёл кишини ургани учун ишдан бўшатилди

Жанубий Африка Республикаси президенти Жейкоб Зума олий таълим вазири ўринбосари Мдудузи Мананани август бошида Йоханнесбургдаги тунги барда аёл кишини калтаклагани учун ишидан бўшатди.

Ушбу воқеа билан боғлиқ можаро ижтимоий тармоқларда Манана Мандиза Дума исмли аёлни калтаклаётгани видеоси ва аёл олган жароҳатлар сурати пайдо бўлгандан кейин авж олган. Манананинг бу қилмишини ЖАРдаги ҳукмрон партия ҳисобланмиш Африка миллий конгресси қоралаган, полиция ишлари бўйича вазир Фикиле Мбалула ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш очилгани ва тергов бошланганини маълум қилган.

33 ёшли Манана аёлдан, унинг оиласи ва бутун ЖАР ҳалқидан қилмиши учун кечирим сўраган. “Очиқча иғвога қарамасдан, мени ўзимни босиқ тутишим керак эди”, деб айтган эндиликда собиқ амалдор. Воқеага нима сабаб бўлгани расман маълум қилинмаган, бироқ ижтимоий тармоқларда хабар қилинишича, аёл Мананани бесоқолбоз деб атаган.

Ушбу можаро ЖАРда аёлларни зўравонликлардан асраш ойлиги сифатида нишонланаётган вақтда юз берган. Аёлларга нисбатан зўравонлик қўллаш ушбу мамлакатда энг кўп тарқалган жиноятлардан ҳисобланади. Кўплаб жамоатчилик ташкилотлари Манананинг истеъфосини талаб қилишган.

Мавзуга оид