Фан-техника | 16:20 / 22.08.2017
13250
3 дақиқада ўқилади

Янги Android O тизимидан нималар кутиш мумкин?

21 август куни Google корпорацияси Android операцион тизимининг О код номи остидаги саккизинчи версиясини тақдим этди. Қоидага кўра, Android версиялари ширинликлар шарафига номланади - AndroidPolice маълумотларига кўра, янги тизим Android Oreo дея номланган. Business Insider нашри Android'нинг янги версиясида пайдо бўладиган энг асосий янгиланишлар ҳақида маълумот берди.

 

Тезлаштирилган тизим - аввалгидан икки баробар тезроқ

 

 

Асосий экран сатрида заряд даражаси фоизларда акс этади

Иловаларда хабар бериш белгилари пайдо бўлади

Янги хабарлари ўқилмаган иловаларда нуқта кўринишидаги белги пайдо бўлади. Фойдаланувчи унга босиб туриб, ўқилмаган хабарларни кўздан кечириши мумкин бўлади.

 

"Суратда сурат" режими

Видеоролик ёки видеоқўнғироқ ойнасини кичиклаштириш мумкин, у бошқа иловаларнинг устида туради. Бу бир вақтнинг ўзида икки сервисдан фойдаланиш имконини беради.

 

Алоҳида иловаларнинг хабар берувчи товушини вақтинчалик ўчириш имкони

Фойдаланувчи иловаларни тўлиқ ўчириш ёки "безовта қилмайдиган" режимга ўтказиш ўрнига баъзи иловалар товушини вақтинчалик ўчириб қўйиши мумкин бўлади.

 

Матнни "ақлли" ажратиш

Smart Text Selection функцияси исмлар ва номларни автоматик равишда таний бошлайди - бу керакли номни истаган жойда ушлаб туриб, ажратиш имконини беради.

Шунингдек бу функция телефон рақамлари ва манзилларни ҳам таний олади, улар ажратилганда шу рақамдан ёки харита иловасидан фойдаланишни таклиф қилади.

 

Google Play Protect ҳимоя тизими

Google Play Protect иловалар ва уларнинг функциялари фойдаланувчиларнинг қурилмалари ва маълумотларига зиён етказмаслигини назорат қилади.

 

Логин ва паролларни автотўлдириш

Барча иловалар учун Chrome'да сақланиб қолган логин ва паролларни автоматик тарзда тўлдириш функцияси ишга тушади. Масалан, агар Twitter'даги профиль маълумотлари Chrome'да сақланиб қолган бўлса, Android уларни Twitter иловасида қўллаши мумкин.

 

Янгиланишни етказишнинг янги тизими

Android'нинг асосий муаммоси шундаки, ҳаддан ташқари кам қурилмалар тизимнинг сўнгги версиясигача янгиланади. Масалан, августнинг бошига келиб, барча Android-қурилмаларнинг атиги 13,5 фоизигина - долзарб 7.0 Nougat версияси бошқаруви остида ва бор-йўғи 1,2 фоизи сўнгги янгиланиш остида ишлаган.

Google корпорацияси Android O билан бирга Treble номли янги тизимни ҳам намойиш қилади, у Samsung, LG ва бошқа компаниялар смартфонларидаги тизимлар аввалгидан-да тезроқ янгиланиши таъминлайди.

Мавзуга оид