Жаҳон | 20:57 / 22.08.2017
5616
2 дақиқада ўқилади

Сенегал Қатардаги элчисини қайтарди

Сенегал Қатардаги элчисини қайтарди, дея маълум қилди Қатар ТИВ матбуот котиби Аҳмад бин Саид Ар-Рамихий ўзининг Twitter саҳифасида. 

QNA агентлигининг хабар беришича, Қатар амири Шайх Таим бин Ҳамад Ат-Таний ва Сенегал президенти Маки Салл ўртасидаги телефон мулоқотидан кейин шунга қарор қилинган.

Манбага кўра, томонлар шунингдек икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга келишиб олишган. 

Сенегал элчиси Кўрфаздаги можаро бошлангандан кейин маслаҳатлашув учун чақирилган. 

5 июнь куни Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистони, Миср, Яман, Ливия, Мальдив ва Маврикий республикалари Қатар билан дипломатик алоқаларни узиш ҳақида эълон қилишганди. Бу қадам амирликнинг терроризм ва экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаши билан изоҳланган. 

Кейинроқ бу мамлакатлар қаторига Мавритания ва Комор ороллари ҳам қўшилган, Иордания ва Жибути эса дипломатик ваколатхоналар даражасини пасайтиришган.

Араб мамлакатлари Доҳага 13 пунктдан иборат талаблар туширилган рўйхатни йўллашди ва уларнинг 10 кун ичида бажарилиши кераклиги, акс ҳолда санкциялар ўз кучида қолишини таъкидлашди. 

Қатар томон бу талабларни бажариб бўлмаслигини айтди.

Мавзуга оид