Жамият | 11:44 / 28.08.2017
15826
3 дақиқада ўқилади

Нон ичида тамаки маҳсулотини олиб чиқишга уринганлар фош этилди

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Фуқаролар Ш.Маматсоева ва А.Умаровлар нафси йўлидан бориб, нондек азиз неъматдан қинғир мақсад йўлида фойдаланишга уринишди, деб хабар бермоқда “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Истанбулга парвози олдидан ушбу шахсларнинг безовталаниши божхоначиларда шубҳа уйғотди. Божхона кўригидан ўтказиш давомида уларга тегишли багажларнинг назорат-рентген аппарати экранидаги шубҳали тасвирлари сабабли юклар холислар иштирокида очиб кўрилди.

Натижада, ушбу шахслар божхона ходимларининг кўзини шамғалат қилишга уриниб, 2 турдаги тамаки маҳсулотларини нонлар орасига бекитишгани фош бўлди. Шунингдек, уддабуронлар сигаретларни картон қутилардаги печеньелар орасига ҳамда пойафзаллар ичига ҳам яширишган экан.

Шу тарика, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб ҳамда йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан Ш.Маматсаева 560 қути, А.Умаров эса 500 қути тамаки маҳсулотларини яширинча олиб чиқишга уринишган пайтда тўхтатиб қолинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Бундан ташқари, “Тошкент-Истанбул” рейси бўйича парвози олдидан фуқаролар И.Қўлдошева ва Х.Маноновалар ҳам тамаки маҳсулотларини божхона назоратидан четлаб, олиб чиқмоқчи бўлишганда тўхтатиб қолинди.

Божхона ходимларини чалғитишга уринган И.Қўлдошева 700 қути, Х.Манонова эса 880 қути тамаки маҳсулотларини қуруқ чой қадоқлари ичига бекитишган экан.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 100 га яқин божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати салкам 200 млн. сўмлик 39,8 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар ўзлари билан олиб ўтаётган товарлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилишлари шарт. Бу талаб тамаки маҳсулотларига ҳам бирдек тааллуқли.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш, яъни товарлар, уларнинг божхона режими ва бошқалар ҳақида божхона мақсадлари учун зарур бўлган белгиланган ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклдаги маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш, агар жиноят аломатлари бўлмаса, фуқароларга товарларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид