Спорт | 21:06 / 30.08.2017
23705
2 дақиқада ўқилади

Рустам Тўлаганов профессионал боксга ўтди

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

Рио—2016 Олимпиадасининг 91 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги спортчилари орасида бронза медалини қўлга киритган ўзбекистонлик Рустам Тўлаганов фаолиятини профессионал боксда давом эттиради. Бу ҳақда «Оламспорт» нашри хабар берди.

Бунинг учун спортчи АҚШга жўнаб кетган. Фазлиддин Ғоибназаровнинг профессионал боксга ўтиб кетишида муҳим рол ўйнаган литвалик Эгес Климос бу борада Рустамга ҳам ёрдам беради.

Режага кўра, Рустам Тўлаганов профессионал боксдаги илк жангини 27 октябрь куни Чикагода ўтказади. Мусобақа ташкилотчиларидан бири Фазлиддин Ғоибназаров билан ҳамкорлик қилаётган Top Rank промоутерлик компанияси ҳисобланади.

Тўлагановнинг профессионал рингдаги илк рақиби ҳозирча номаълум.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоасининг -91 килограмм вазн тоифасидаги боксчиси айни пайтда Санжар Турсунов бўлиб турибди. У Осиё чемпионатининг чорак финалида енгилган бўлса, Германиядаги Жаҳон чемпионатида ярим финалга қадар етиб борди ва россиялик Евгений Тишенкога рақиб бўлди.

Рио—2016 Олимпиадасида айнан Тишенко олтин медалга эга чиққан, қозоғистонлик Василий Левит кумуш медаль билан кифояланган. Рустам Тўлаганов ва кубалик Эрисланди Савонга бронза насиб қилганди.

Мавзуга оид