Спорт | 18:54 / 07.09.2017
158515
7 дақиқада ўқилади

Терма жамоамиз бош мураббийлиги учун 6 номзод

Бугун терма жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян истеъфога чиқарилди. Навбатдаги цикл олдидан аксарият журналистлар ва мухлислар терма жамоага чет эллик тажрибали мураббий тайинланиши кераклигини айтишмоқда. Ўзбекистон футбол федерацияси бу борада қандай фикрда эканидан хабаримиз йўқ. Катта эҳтимол билан уларда бирорта фикр йўқ бўлиши ҳам мумкин.

Чунки яқинда Ўзбекистон Футбол Федерациясида сайловлар бўлиб ўтиб, янги раҳбарият келиши кутилмоқда.

Орадаги танаффусдан фойдаланиб, келинг, терма жамоамизни бошқаришга кўндириш мумкин бўлган, яъни ҳозирда ҳеч қаерда ишламаётган, олдимизга қўйиладиган вазифаларга фикримизча, мос келадиган мураббийлар ҳақида гаплашамиз. 

Ули ШТИЛИКЕ

Фуқаролиги: Германия

Ёши: 63 да.

 

Штилике 1998-2006 йилларда Германия терма жамоаси системасида ёрдамчи мураббий, ёшлар таркиби мураббийи сифатида ишлаган. Яъни, терма жамоаларнинг ишлаш тизими борасида етарли тажрибага эга. Янгиланиш даврида айнан мана шуни тўғри тушуна оладиган бош мураббий асқотган бўларди.

Ули шунингдек, Осиё футболи билан ҳам яқиндан таниш. У сўнгги 3 йилда гуруҳдаги рақибимиз Жанубий Корея терма жамоасини бошқарди. Бу даврда икки бор терма жамоамиз билан тўқнаш келди ва ғалаба қозонди. Айтиш мумкинки, терма жамоамиз имкониятларини ҳам чамалай олади, музокараларда бу жиҳат ҳам ёрдам бериши мумкин.

Сўнгги турлар олдидан корейслар уни бўшатиб юборган бўлишса-да, терма жамоа муаммоси фақат бош мураббий билан боғлиқ эмаслиги сезилди. Жанубий Корея терма жамоаси сўнгги 2 ўйинда маҳаллий мураббий қўл остида ўтказиб, бирорта ҳам гол ура олмади.

 

Гуус ҲИДДИНК

Фуқаролиги: Нидерландия

Ёши: 70 да

Янги аср бошларидаги энг эътиборли мураббийлардан бири. Айниқса, берилган қисқа муддатларда ҳам ўйин сифатида, жамоавий ўйинни йўлга қўя олиши билан машҳур.

Нидерландия, Австралия, Жанубий Корея, Россия каби терма жамоаларда муваффақиятли ишлаган.

Айниқса, бугунги терма жамоамизнинг тушкун кайфиятига мос келади, қисқа вақтда футболчиларда ишонч уйғота олиши, қизиқтириши, терма жамоа атрофида ажойиб муҳитни яратиши мумкин. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумда у муваффақиятсизликлар ботқоғига ботиб қолган «Челси»ни қабул қилиб, узоқ вақт мағлубиятсиз серия қайд этганди.

Эътиборли жиҳати, Ҳиддинк терма жамоамиз етакчи футболчиси Одил Аҳмедов билан жуда яхши таниш, улар биргаликда «Анжи» клубида ишлашган. 

 

Майк ФЕЛАН

Фуқаролиги: Англия

Ёши: 54 да

Эронликлар бош жамоалари Алекс Фергюсоннинг шогирдини олиб келиб, Осиёнинг энг зўр, енгилмас жамоасига айлантириб олишаётганда, нега биз айни йўлдан бормаслигимиз керак, тўғрими?

Майк Фелан худди Карлос Кейруш сингари, узоқ вақт, салкам 15 йил «Манчестер Юнайтед» системасида ишлади. Фергюсоннинг сўнгги йилларида унинг биринчи ёрдамчиси сифатида фаолият олиб борди.

Фелан мустақил фаолият билан шуғулланишга ҳам уриниб кўрган, жумладан, «Ҳалл Сити», «Норвич» клубларида ишлашга ҳам улгурди.

 

Томас ТУХЕЛЬ

Фуқаролиги: Германия

Ёши: 44 да

 

Шу одамни кўндирсак, жуда яхши иш бўларди. Янги даврнинг энг кўзга кўринган мураббийларидан бири. У «Майнц» клубини бошқараётгандаёқ, Европада тилга тушди, «Боруссия»да кимсан Юрген Клоппнинг ўрнига қолиб, ўйин сифати ва натижалар борасида бемалол ўринбосар бўла олгани таҳсинга сазовор.

Дортмундликлар кутилмаганда у билан шартномани бекор қилишди ва энг иқтидорли мураббийлардан бири ҳозирча ишсиз қолмоқда. Ўз вақтида унинг «Челси» ёки ҳатто «Барселона» клубини бошқариши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ҳужумкор, юқори прессингга асосланган футбол тарафдори. Янги талантларни очиш, ёшлар билан ишлаш ва ўзининг тактик янгиликлари билан эътиборни жалб қилади. 

 

Хорхе ФОСАТТИ

Фуқаролиги: Уругвай

Ёши: 64 ёш

 

Тажрибали мураббий. Осиё футболи билан ҳам жуда яқиндан таниш. 2011 йилда «Ас Саад» билан биргаликда Осиё чемпионлар лигасида ғолиб келган.

Сўнгги саралаш гуруҳида у рақибимиз Қатар терма жамоасини бошқарди. Ушбу терма жамоа бошқарувидаги сўнгги ўйин ҳам унинг ишга бўлган муносабатини яққол намоён қилади. Жанубий Кореяга қарши ўйинда Фосаттининг истеъфога чиқиши, қатарликларда кейинги босқичга чиқиш имконияти деярли қолмагани деярли аниқ бўлиб турганига қарамасдан, Қатар бор кучи билан ўйнаганди. Футболчилар мураббийни жуда қадрлашганди.

Бу Хорхе Фосаттининг ҳар қандай шароитлар остида ҳам ўз олдига максимал мақсадлар қўя олишини ва доимо ўз вазифасини сидқидилдан бажаришини исботлайди.

 

Қурбон БЕРДИЕВ

Фуқаролиги: Россия, Туркманистон

Ёши: 65 ёш.

 

Эртага биргина чет эллик мураббий келиши билан бутун федерациямиз, футболчиларимиз, футболимиздаги муносабатлар Европага айланиб кетишига ишониш қийин. Агар чуқур илоҳотлардан умид бўлмаса, бугунги шароитлар остида ҳам қандайдир яхши натижалар кўрсатиш керак бўлса, номзод сифатида Қурбон Бердиевни кўрсатиш мумкин.

У собиқ иттифоқ давлатларидаги, Ўрта Осиёдаги футбол тизимини яхши тушунади, қўрқиб кетмайди ва мана шу шароитларда ҳам ўзи учун қулай тизим ярата олади. У нафақат жамоани футбол майдонида бошқариш, шунингдек, менежерлик қобилияти, умуман футбол тизимига туртки бериши мумкинлиги билан ҳам эътиборга арзийди.

Бердиев кучли тактик, жамоа имкониятидан келиб чиқиб, вазифани уддалай олиши билан машҳур. «Рубин»нинг «Барселона»га қарши ёки «Ростов»нинг «Бавария»га қарши ўйинларини эслаш кифоя. 

 

Рўзиқул БЕРДИЕВ

Фуқаролиги: Ўзбекистон

Ёши: 45 да.

Келажакка бўлган оптимистик қарашларимиз пуч бўлиб чиқиши, ўтган муваффақиятсизлик учун ягона чора, шунчаки, Бабаянни истеъфога чиқариб қўйиб, уёғи эски ҳаммом ва эски тоғорада чўмилишга мажбур бўлишимиз мумкин. У ҳолда юқорида санаб ўтилган ёки ўтилмаган бирор мураббийнинг келишидан умид йўқ, хуш келибсиз, Рўзиқул Бердиев деб қоламиз холос. Юртимизда ПРО лицензициясини олган мураббийлар жуда кўп, навбати билан ҳамма ишлаб чиқса ҳам бўлади.

Сарказмни йиғиштириб қўйиб айтадиган бўлсак, Европалик тажрибали мураббийларни терма жамоамиз бошқарувига олиб келиб, унга ўзимизнинг Бердиев, Ҳасанов, Қосимов, Лушчан, Ирисметов каби мураббийларимизни ёрдамчи қилиб қўйсак, мураббийларимиз учун ҳам яхши тажриба мактаби бўлишига шубҳа йўқ. 

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид