Жамият | 21:30 / 08.09.2017
53743
4 дақиқада ўқилади

Фото: Самарқандда тунги клубларда рейд ўтказилди

Фото: Facebook / Ғофуржон Бобобеков

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва бир қатор ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлари вакиллари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда СТВ телеканали иштирокида ёшларнинг кечки пайтда асосий вақтини нималарга сарфлаётганини аниқлаш мақсадида навбатдаги тунги рейд ўтказилди, деб хабар беради KUN.UZ’га самарқандлик журналистлар.

Тунги рейд натижасига кўра, айрим ёшлар кечки вақтини асосан кафе барларда чилим чекиш билан ўтказишаётани аниқланган. Жумладан, ярим оқшом бўлишига қарамай «Disco» клубида вояга етмаган қизлар чилим ва спиртли ичимликлар ичиб ўтиргани аниқланган. Шунингдек, ушбу клуб санитария талабларига амал қилмаган ҳолда фаолият юритаётгани маълум бўлди. Клубнинг умумий зали эса «миллий минталитетимизга мос келмайдиган расмлар» билан «безатилган».

Facebook / Ғофуржон Бобобеков 

Самарқанд шаҳридаги «Жейран» тунги клубида эса клуб раҳбарияти раққоса қизларни турли беҳаё мазмундаги қўшиқларга ярим-яланғоч ҳолда рақс тушишига йўл қўйган.

Facebook / Ғофуржон Бобобеков 

Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексининг 188.2-моддасида ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари масъул шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз кўрсатилган муассасаларда бўлишига йўл қўйиш — энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Вояга етмаган ёшлар тунги вақтда нафақат бундай клубларда бўлиши, балки бу муассасларда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётгани ҳам аниқланган. Ана шундай ҳолатлар аниқланган бир қатор тунги клуб раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган ўттиздан ортиқ тунги клуб, дискотека ва барларга қўйилган номларнинг ўзиёқ кишида салбий таассурот қолдиради. Бу номлар на «Давлат тили тўғрисида»ги қонун талабларига, на миллий маънавиятга тўғри келади. Мисол учун, «Камелот» — ўрта асрларда Буюк Британиядаги шаҳар номидан, «Рафаэлло» — италиялик ширинпаз исмидан, «Кавалли» — италиялик дизайнер исмидан, «Паттая» — Таиланддаги шаҳар номидан келиб чиққан бўлса, «Жунгли» — чангалзор, «Смоук» — чекиш, «Редлайн» — қонли йўл деган маъно англатишини ушбу муассасалар эгалари ва уларнинг фаолиятига рухсат берганлар биладими?

Халқимиз, самарқандликлар учун бу номларнинг қайси бири қандай аҳамиятга эга? Номиданоқ қандай ғояга хизмат қилиши кўриниб турган тунги клублар ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатмайди, деб ким айта олади?!

«Кавалли» тунги клубида соат 24:00да ташриф буюрганимизда мижозлар билан гавжум эди. Демак, клуб раҳбарияти вилоят ҳокимининг тўйхоналар ва тунги клублар кафе барларнинг кечки соат 23:00га қадар ишлаши зарурлиги борасидаги қарордан бехабар.

«Кавалли» тунги клубидаги аёллар ўзини тутиши эса барчани бирдек ҳайратга солди.

Facebook / Ғофуржон Бобобеков 

Ўтказилган рейд давомида тунги клубларда белгиланган вақтдан сўнг турли хил спиртли ичимлик истеъмол қилаётган тамаки маҳсулотини чекиб беҳаёлик тарғиб этувчи рақсларга тушаётган фуқароларга нисбатдан тегишли тартибда чоралар кўрилди.

 

Шаҳбоз НАЗАРОВ, Фарҳод НОРБЎТАЕВ,

журналистлар

Мавзуга оид