Фан-техника | 15:48 / 22.09.2017
7792
2 дақиқада ўқилади

Google ва HTC битими фонида Apple акциялари нархи пасаймоқда

Фото: appleinsider

Google корпорацияси HTC бизнесининг бир қисмини харид қилиши ҳақида эълон қилганидан кейин Apple акциялари нархи пасая бошлади. Битим тахминан 1,1 миллиард долларга баҳоланмоқда. BusinessInsider шу ҳақида маълум қилди. 

Apple акциялари нархи 1,02 фоизга - 154,38 долларга пасайди. Google акциялари эса, аксинча 0,38 фоизга - 951,1 долларгача ошди. 

UBS'нинг Нью-Йорк фонд биржасидаги савдо операциялари бўйича директори Арт Кашиннинг сўзларига кўра, бу қадам Google'нинг iPhone муваффақиятига илк жавоби бўлиши мумкин.

"Трейдерларнинг тахмин қилишича, Google'нинг янги битими iPhone учун салоҳиятли таҳдид бўлиши мумкин. Улар Google'нинг суперсамарали овозли ёрдамчига эга смартфон яратиб, Apple билан рақобатга киришишидан хавфсирашмоқда", - дея таъкидлайди Кашин. 

Битим шартларига кўра, HTC'нинг янги версиядаги Pixel смартфони устида ишлаётган тахминан 2 минг ходими Google'га ўтади. Америка компанияси шунингдек HTC'нинг интеллектуал мулкига ноёб ҳуқуқларга эга бўлади. 

Google ўтган йили икки модель - Pixel ва Pixel XL смартфонларини ишлаб чиқаришни бошлаган. Смартфонларнинг иккинчи авлоди HTC билан ишлаб чиқилади ва 4 октябрь куни чиқарилади. 

Йил бошидан буён Google акциялари - 20,02 фоизга, Apple акциялари нархи эса 33,29 фоизга ошди. 

Мавзуга оид