Жамият | 17:40 / 22.09.2017
22249
5 дақиқада ўқилади

Хусусий мактабларни ташкил этиш нечоғлик заруриятга айланди?

Фото: Independent

Буюк британиялик Ниал Фергюсон ўзининг «Буюк дегенерация. Давлат ва институтлар қандай ҳалок бўлади» асарида ўқувчининг олдига бир ноқулай саволни кўндаланг қўяди: Нега ғарб демократиясида сиёсий ва молиявий муносабатлар сўниб бормоқда, қонун ижодкорлари қандай қилиб қонунларнинг устидан ҳукмронликни ўрнатди ҳамда жаҳон молиявий тизимига барқарорликни қайта олиб кириш учун нима зарур? Муаллифнинг айтишича, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг бир тимсоли бу - хусусий таълим мактабларни кўпайтириш ва қўллаб-қувватлаш.

Фергюсоннинг таъкидлашича, давлат таълим тизимидан ташқарида бўлган хусусий мактаблар барча ижтимоий синф - бой, ўртаҳол ва камбағал учун ҳам фойдали.

«Агар мен мамлакатда ягона таълим сиёсатини ёқлаб овоз берсам, демак, бу тизим хусусий мактаблар сонини мунтазам ошириб бориш ҳамда эҳтиёжманд оила фарзандларига турли стипендия, дотация ва ваучер дастурлари кўринишидаги имкониятларни тақдим этиши шарт», дейди у.

Албатта, таъкидлаш жоизки, ҳукумат моделидаги умумтаълим мактаблар қанчадир муддат катта самара билан фаолият юритди. 1852 йилдан АҚШ тажрибасида мажбурий бошланғич таълимни узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳаллий солиқ ҳам жорий этилди. Бу кўринишдаги турли тадбирлар тез фурсатда ижобий натижа бера бошлади: аҳолининг саводхонлик даражаси кескин ортиб, маорифга эътибор кучайди. Аммо, бироздан сўнг, таълим соҳасини тўлиқ назорат қилиб турган ҳокимият ушбу йўналишда монополия ўрнатади, табиий қонуниятга кўра, рақобатсиз фаолият сифатсизлашиб қолади. Аҳоли саводхонлиги ошгач, уни янада юқори даражага олиб чиқиш учун имконият камайди.

Мен бу билан давлат мактабларини қоралаб, хусусий мактабларни ёнини олмоқчи эмасман. Шунчаки, маориф фаолиятини таққослаш учун, унинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида муқобил тизим мавжуд бўлиши лозим. Бу ўринда мажбурий таълимнинг давлат томонидан бепул таъминланиши ёқлаб чиққанлар ёдида тутиши лозим бўлган бир омил бор: қаршилик сифатсиз тизимни давомий яшаб қолишини таъминлайди ҳамда хусусий мактабга эҳтиёжни ошираверади.

Финляндия таълим тизимида мавжуд муносабатлар ажойиб ечимни таклиф этади: хусусий мактабнинг бошқаруви ва таълим жараёнлари маҳаллий ҳокимият томонидан бошқарилмайди, балки давлат стандартидан паст бўлмаслиги назорат қилинади. Шунингдек, бундай фаолиятни давлат бюджетидан молиялаштириб борилади. Шунга ўхшаш тизим Англияда ҳам мавжуд ва улар «Академия» номи билан аталади. Бу турдаги мактаблар АҚШда чартер дейилади, уларнинг сони 2 мингдан ортган. Муҳими шундаки, маҳаллий ҳокимият бюджетидан молиялаштириладиган чартер мактабларда қуйи ижтимоий синф вакиллари ҳам таълим олиш имкониятига эга. 

Ачинарлиси, Нью-Йорк шаҳрида жойлашган давлат мактабларидаги 3, 4 ва 5-синф ўқувчиларнинг 62 фоизигина математика фанини ўзлаштириб, якуний имтиҳонлардан қониқарли баҳо олган. Ҳарлемдаги «Success Academy» ўқувчилари шу йили якуний имтиҳонларни 99 фоизга муваффақиятли топширган.

Демак, қуйидаги босқичларни босиб ўтган ҳолда таълим ва маорифни ислоҳ қилиш, олдимизда турган муаммоларга конструктив ечим топиш муҳим масалага айланмоқда.

Яъни:

- Мустақил бошқарув ҳуқуқига эга (айрим ҳолда маҳаллий бюджет дотацияга эга) 

- Ўқувчиларни саралаш ва имтиҳон қила олиш ҳуқуқига эга бўлган мактаблар сонини ошириш лозим.

Мисол тариқасида Ҳайдаробод шаҳридаги хароба кўчалар орасида пайдо бўлган «Қироллик ўрта мактаби», «Ёш булбулча» ва «Жаннат гуллари» мактабларини келтириш мумкин. Уларнинг фаолият олиб бориши инқироз кўчасига юз тутган давлат мактабларини рақобатга киришишга, таълим сифатини оширишга, ўқувчи ва ўқитувчиларга қулай шароит яратишга мажбур қилиб келмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар қандай консерватив фикрлашни сақлаб қолган ҳолда таълим соҳасида рақобат қилиш ҳолатини пайдо қилиш мумкин. Бугунги кунда учраб турган кўплаб мактаб ва унинг атрофидаги масалалар эса шунинг таъсир доирасида ижобий томонга ўзгариши мумкин.

Интернет маълумотлари асосида Алишер Рўзиохунов тайёрлади

Мавзуга оид