Матбуот ва ахборот агентлиги ижтимоий буюртмалар лойиҳасини эълон қилди
Мамлакатда республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида қабул қилинган ҳамда изчил амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди. Бу жараённинг амалий натижалари, белги ва хусусиятлари бугунги кунда ҳаётнинг барча жабҳаларида, энг муҳими, халқнинг онгу тафаккури, интилиш ва ҳаракатларида яққол кўзга ташланмоқда.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги мана шу йўлда жонбозлик кўрсатиб, фидойиларча меҳнат қилаётган замондошларнинг бадиий мукаммал образлари яратилишига ҳисса қўшиш, бугунги улуғвор бунёдкорлик ишларини тарих зарварақларига муҳрлаш, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, хусусан ёш ижодкорларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб–қувватлаш мақсадида “ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ВА ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНИ” мавзуида бадиий ва ижтимоий-сиёсий асарлар яратиш бўйича ижтимоий буюртмалар лойиҳасини эълон қилди.
Ижтимоий буюртмалар бўйича яратиладиган ижодий ишлар учун қуйидаги талаблар кўзда тутилган:
- аҳоли учун арзон уй-жойлар қурилиши билан боғлиқ бўлган масалалар, уй жойга кўчиб кирилишида одамларнинг қувончи, узоқ йиллик орзу умидларининг рўёбга чиқишини ёрқин бадиий бўёқларда ифодалаш;
- янги саноат корхоналари қуриб битказилаётганлиги (масалан, Жиззах, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудида жойлашган йирик нефтни қайта ишлаш заводлари қурилиши) ;
- республикада янгидан бунёд этилаётган кенг ва равон йўллар, кўприклар, ер усти метро тармоқлари, сув иншоотларининг қурилиш жараёнлари;
- аҳолини арзон дори-дармонлар билан таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар;
- тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар;
- амалга оширилаётган Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари;
- “Халқ қабулхоналари - адолат қўрғонлари” мавзуида фуқароларнинг фикрини ўрганиб, жойларда фаолият кўрсатаётган ижро органларининг халқ дардини тинглаш, уларнинг муаммоларни ҳал этиш борасидаги иштироки;
- мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, чегаралар дахлсизлигини асраш;
- ёшларни она юртга меҳр ва садоқат, ҳарбий - ватанпарварлик руҳида тарбиялаш;
- узоқ йиллар Ўзбекистонда яшаб, фуқаролиги бўлмаган, бугунги кунда паспорт олаётган ватандошлар қалбидаги чексиз фахр-ифтихор туйғулари, ҳис-ҳаяжонларининг бадиий ифодаси;
- ён қўшнилар бўлган давлатлар билан азалий қардошлик алоқаларининг қайта тикланиши;
- республикада Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши билан боғлиқ бўлган ишлар ва бошқа ижтимоий – иқтисодий ислоҳотларни ҳаётий далил ва мисоллар орқали талқин этувчи асарлар шулар жумласидан.
Буюртма берилган китоблар Агентлик тизимидаги нашриётлар қошида тузилган нуфузли ҳайъат томонидан баҳоланиб, нашриётларнинг ижтимоий грантлари асосида чоп этилади ва муаллифларга белгиланган тартибда қалам ҳақи берилади.
Нашриётлар ва муаллифлар ўртасида тузиладиган шартномада ижтимоий грантлар асосида яратиладиган китоб учун қалам ҳақининг маълум қисмини олдиндан тўлаш ҳам кўзда тутилади.
Лойиҳада иштирок этишни хоҳловчилар диққатига!
Ижтимоий буюртмалар лойиҳасининг ташкилий ва ижодий жиҳатлари юзасидан Агентлик тизимидаги нашриётларга бевосита мурожаат қилишингиз ҳамда улар билан олдиндан шартнома тузиш тартибида лойиҳани бажаришга киришишингиз мумкин.
Агентлик тизимидаги Нашриёт –матбаа ижодий уйларининг манзили:
1. “Ўзбекистон” - Тошкент, Навоий кўчаси-30.
2. “Ўқитувчи” - Тошкент, Янгишаҳар кўчаси-1.
3. Чўлпон номидаги НМИУ - Тошкент, Навоий кўчаси-30.
4. “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти - Тошкент, Навоий кўчаси-30.
5. Ғафур Ғулом номидаги НМИУ - Тошкент, Лабзак кўчаси-86.
Мавзуга оид
15:43 / 05.12.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ХМИ иштирокида 2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда
13:56 / 04.12.2024
«Бир миллион дастурчи» лойиҳасида энг яхши натижа кўрсатган мактабга электромобил берилади
13:29 / 07.11.2024
Ўзбекистон ва Хитой аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда
14:30 / 02.11.2024