Light | 17:48 / 02.10.2017
14127
10 дақиқада ўқилади

Нима учун ютуқларимиз бизни муваффақиятсизлик сари етаклайди?

Фото: oleer.com

Биз ўз тажрибамизга қимматбаҳо актив сифатида қарашга ўрганиб қолганмиз. Бироқ биз қўлга киритаётган билим ва кўникмалар ишимизга салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Fast Company журнали ҳаммуассиси Билл Тейлор "Ажойиб! Катта компаниялар нимаси билан ажралиб туради?" китобида нима учун тажриба новаторликда халақит бериши ва қандай қилиб янгича фикрлашни ўрганиш мумкинлиги ҳақида сўз юритади. Harvard Business Review улардан энг қизиқларини тақдим этди. 

Нуқтаи назарингизни ўзгартиришга қўрқманг

Фото: Cossa

Тажриба муҳим... токи новаторлик йўлида тўсиққа айлангунга қадар. Сўнгги ўн йилликларда бизнес ва ижтимоий соҳадаги тажрибалар бир инсоний хусусиятни очиб берди: энг катта тажриба, билим ва ресурсларга эга одамлар ҳамда ташкилотлар ўз соҳаларида янгилик яратиш йўлларини энг охирги бўлиб кўришади.

Бироқ шунча ақлли одамлар ишлайдиган ва кўплаб маблағларга эга улкан корхоналар қаерда эди? Нима учун ABC, CBS ёки бошқа бир медиамагнат 24 соатлик янгиликлар каналини ишга тушира олмади ва бу ишни ахборот бизнесидаги янги одам - Тед Тернерга қолдирди. Нима учун жаҳон миқёсидаги овоз ёзиш компаниясининг ҳеч бири ўз мусиқачиларини эндигина пайдо бўлаётган кабель телевидение платформасига кўчирмади ва MTV яратиш ҳамда поп-маданиятни ўзгартиришни ёш овоз ёзиш режиссёри Роберт Питтманга қолдирди? Нима учун General Motors узоқ вақт давомида гибрид автомобилларни тан олмади, Microsoft интернетнинг ривожига анчагача ишонмади, Yahoo! компанияси Google ва Facebook'нинг иқтисодий салоҳиятини кўра билмади?

Сюжет такрорланаверади ва жавоб ўз-ўзидан пайдо бўлади: кўпинча бизнинг билимларимиз тасаввур чегарамизни чеклаб қўяди. Intel инновация стратегиялари бўйича мутахассис Синтия Бартон Рейб ушбу деструктив стратегик кўрлик учун яхши атамани ўйлаб топган. Кўплаб компаниялар ва раҳбарлар "тажриба парадокси"га дош бера олишмайди.

Тушунмовчилик шундаки, бозордаги позициянгиз қанча мустаҳкам бўлса, уни ўзгартирувчи янги бизнес-моделларга очилишингиз шунча қийин бўлади. Аввалги натижалар бўлғуси янгиликларга таҳдид сола олмайди, бироқ сизнинг келажак ҳақидаги тасаввурларингизни чегаралаб қўйиши мумкин.

Билимларингиз тасаввурингизни чеклашига йўл қўйманг

Фото: Flickr

"Гап инновация ҳақида кетганда, - дейди у, - машаққат билан келган тажриба, барча кўникма ва усуллар, яъни муваффақият пойдевори ривожланишни ортга тортувчи тўсиқ бўлиши мумкин. Бошқача айтганда, билимларимиз юки, айниқса жамоавий билимларимиз новаторликни "ўлдиради". Нима учун билим ва тажриба инновацияга салбий таъсир кўрсатиши мумкин? Чунки мутахассис бўлгач, биз "агар бундай бўлса-чи" қабилидаги фантазиялар парвозини "бори билан чекланиш"га ўзгартирамиз. Соҳани қанча яхши ва узоқ вақтдан буён билсак, янги йўллар, истиқболлар ёки имкониятларни кўриш шунча қийин бўлади. Адвокат ва санъат тарихчиси маълумотига эга маслаҳатчи ва ўқитувчи Эми Герман "қараш" ва "кўриш" ўртасидаги фарқни тушунишга ёрдам берувчи қизиқ дастурни ишлаб чиқди. "Қабул қилиш санъати" курси доирасида у полиция изқуварлари, ФҚБ агентлари ва ҳатто МРБ ва разведка вакилларини Метрполитен музейи, Фрик коллекцияси ва бошқа машҳур бадиий музейларга олиб борган. Жиноятлар ва терроризмга ўрганиб қолган номдор мутахассислар Пикассо, Караважо, Эдвард Хоппер ва бошқа рассомларнинг санъат асарларини томоша қилишлари керак эди. Германнинг сўзларига кўра, машғулот моҳияти "санъат асарига қараш эмас, кўрганларини сўзлаб бериш"да бўлган.

Ҳар сафар тажрибали кузатувчилар картинанинг энг аҳамиятли элементларини сезишмасди, саҳнадагиларга изоҳ берувчи яққол белгиларга эътибор беришмасди ёки шунчаки кўрганларни қандай қилиб сўзлаб беришни билишмасди (улар таассуротларни фақат сўзлар орқали, ноаниқликни билдирувчи сўзларни қўлламаган ҳолда тасвирлашни сўрашган).

"Ўз қарашларингизни ўзгартиришга қўрқманг", - дерди педагог атрофга бошқача қараб, ишдаги далиллар таҳлилига ёндашувни ўзгартиришни ўрганганганига иқрор бўлган талабаларига. Эми Германнинг семинари - изқувар ва разведкачи учун кундалик ишларнинг одатий тартибидан узоқлашишнинг ажойиб усули, малака ошириш ва кўникма орттириш учун кўнгилочар ва фойдали машғулот.

"Нью-Йоркда ноодатий нарсаларга ўрганиб қоласан киши, шунинг учун тайёрлаш жараёнида биз кузатувчанликни ривожлантиришга ҳаракат қиламиз", - дея изоҳ беради полиция бошлиғининг ўринбосари. Бироқ тажриба парадокси, келажак имкониятларини четлаб ўтиб, ўтмиш тажрибасидан келиб чиқиб, атрофлича ўйлаш одатини енгиб ўтишнинг осонроқ йўли бормикан? Агар бор бўлса, узоқ вақтдан бери фаолият юритиб келаётган ташкилотларнинг катта ўзгаришларга қийинчилик билан эришаётганини инобатга оладиган бўлсак, бу осон эмас ва дунёдан "дадил компетентлик" моделини талаб қилади.

Мен бу иборани биринчи марта дунёдаги энг қадимий реклама агентликларидан бири Foote, Cone & Belding маркетологларидан эшитганман. Мени компаниянинг Чикагодаги идорасида чиқиш қилишга таклиф қилишди, бироқ у ерга бориб, кўпроқ тинглаш кераклигини тушуниб етдим. Маҳаллий раҳбарият режалаштириш мутахассислари билан бирга бизнесга ўз ёндашувларини ишлаб чиқишди, у атайин чуқур ўйламасликка, яъни "оддий, табиий, ишончли" ва бир вақтнинг ўзида "қўрқув уйғотувчи, мураккаб ва ёрқин" ғояларга асосланган.

Бундай ғояларни топиш учун улар "Стратегик чизиқлар" - кун бўйи давом этадиган йиғилишлар ўтказишади ва у ерда товар тарихи батафсил ўрганилади ва оригинал келажак ғоялари ишлаб чиқилади (масалан, "товарнинг тескари осилиши, ҳеч ким танимайдиган даражада кийиниш, стулда туриш. Бу ҳаракатларнинг муқобилини топинг", дейилади бир раҳбариятда). Бироқ бу техникаларнинг бари ишлаши учун ҳам ижодий ишчилар, ҳам ҳисобчилар агентлик тилида айтганда, дадил компетентликка эга бўлиши керак...

Маълум бўлишича, дадил компетентлик атамаси чикаголик маркетинг даҳолари томонидан ўйлаб топилмаган. У жаз оламидан келган ва энг дадил мусиқачиларнинг импровизацияга йўл очиб, мукаммалликка етказилган маҳорати чегарасидан ташқарига чиқишини ифодалайди...

Дадил компетентлик - шунчаки метафора эмас. Барретнинг ҳисоблашича, бу усул мусиқий гуруҳлар етакчилари ва бизнес раҳбарларининг билимларига тасаввурни чеклашга йўл қўймайди. "Қатъий қарор"дан бошлаш - ҳамкасбларни аввал жазм қилмаган хатти-ҳаракатларга ундаш, бошқаларнинг кучли томонини уларнинг ўзидан-да яхши кўра билиш керак. Кейинги қадам "одатийликдан бироз чекиниш" - одамларни ўйлашга мажбур қилувчи бирор иш қилиш, эътиборни бошқа нарсага қаратишни кўзда тутади. Хатти-ҳаракатларни талаб қилувчи вазиятларни юзага келтириш - одамларни жараёнлар давомида ўрганишга мажбур қилиш ҳам жуда муҳим. Ўрганиш жараёни рағбатлантирувчи такрорланишлар ёрдамида осонлашади, вазиятларни юзага келтириш қадам-бақадам англанган ҳолда рўй беради, эҳтиёткорлик эса секин-аста йўқолиб боради. Ниҳоят, "аналоглар кескинлигини ошириш" - одамларга таққослаш учун ўтмишга шўнғиш эркинлигини бериш керак.

"Кутилган ҳеч нима қилмаймиз": доирадан ташқарига чиқиш

Фото: wikihow

Хатти-ҳаракатларга куч бахш этувчи ва ақлни жонлантирувчи дадил компетентликни тўлиқ кўриш учун Майами-Бичдаги катта автотураргоҳ қандай қилиб маданий масканга айланганини кўриш кифоя. Ҳа-ҳа, айнан автотураргоҳ. Етти қаватли бино Линкольн-роуд ва Алтон-роуд кесишмасида жойлашган. «Линкольн-роуд, 1111» номи билан машҳур маскан дўконлар айлангани ёки Саут-Бичнинг қумли соҳиллари бўйлаб сайрга келганлар ўз автомобилларини жойлайдиган жойдир.

"Биз Линкольн-роуднинг тарихий келиб чиқиш жойи ғоясига қайтишни истадик", - дейди бу масканни "санъат"га айлантирган Веннет. Бу инқилобий лойиҳага киришишдан аввал Веннет кўп йиллар давомида кўчмас мулк билан ишлаган: 20 йил кўчмас мулкка инвестиция киритувчи йирик компанияларни бошқарган, миллиард долларлик лойиҳаларга бошчилик қилган ва атроф-муҳит ҳақида бизнесдан кам қайғурмайдиган инсон сифатида эътироф этилган. Бироқ унинг бирорта лойиҳаси Майами-Бичдаги автотураргоҳдек ёрқин ва нотипик бўлмаган. Янги бино 2010 йилнинг баҳорида очилган ва танқидчилар томонидан ижобий баҳоланиб, халқ меҳрини қозонган. Автотураргоҳ шу қадар талабгор бўлдики, нафақат автомобилчилар, балки хайрия тадбирлари, янги ичимликлар дегустацияси ва юлдузли оқшомлар ташкилотчилари орасида ҳам кенг танилди. Бино марказидаги асосий зинапоялар қуруқ америкача автотураргоҳ эмас, нафис Европа вокзалига ўхшаш муҳитни юзага келтиради. Ҳамма ерда ҳайкаллар ва халқ амалий санъати намуналари. Замонавий ресторанлар ва дўконлар бинонинг ташқи томонга қараган қисмида жойлашган. Эрталаблари, айниқса ёмғирли ҳавода спортсеварлар автотураргоҳ йўллари бўйлаб югуришади, юқори қаватларда эса йога сеанслари ўтказилади. У ерда ҳатто тўй ўтказиш учун рухсат сўралади, ҳатто New York Times'да шундай тўйлардан бири ҳақида хабар берилган.

Виннетт дўстлари билан доим қандайдир кутилмаган янгиликлар қилиш имкониятларини излайди.

Ўз билимингиз ва тажрибангизнинг кутилмаган янгиликлар сари интилиш йўлида ғов бўлишига имкон берманг.

Мавзуга оид