Спорт | 12:54 / 09.10.2017
10139
6 дақиқада ўқилади

Мундиалнинг янги иштирокчилари ва бортдан ташқарида қолганлар

Якшанба оқшомида 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаши ўйинлари давом эттирилди. Европада жаҳон чемпионатининг яна бир иштирокчиси аниқланди. Варшавада Польша Черногорияни 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мундиалга чиқди. Ўйиннинг 85-дақиқасида Роберт Левандовски яна гол урди ва Европа саралаш минтақасида урилган голлар сони бўйича рекорд ўрнатди (16 гол). Африка минтақасида эса Миср Конгони мағлуб этиб, муддатидан аввал мундиал йўлланмасини ҳал қилди.

C гуруҳи
Германия рекорд ўрнатди

Германия – Озарбойжон – 5:1 (Горецка, 8, 66. Вагнер, 54. Рюдигер, 64. Эмре Жан, 81 – Шейдаев, 34).

Мундиал йўлланмасини аввалги турда нақд қилиб бўлган немислар ярим захира таркиби билан Озарбойжонни йирик ҳисобда мағлуб этди.

Германия терма жамоаси 2016 йилнинг майидан буён ўз майдонида илк марта гол ўтказди. Немисларнинг 7 ўйиндан иборат «қуруқ» сериясини Рамиль Шейдаев тўхтатди

Шу билан бирга Германия ЖЧ саралаши доирасида қаторасига 16-учрашувда ғалаба қозонди.

Норвегия – Шимолий Ирландия – 1:0 (Брант, 71, автогол). 
Чехия – Сан-Марино – 5:0 (Крменчик, 8, 23. Копиц, 27. Новак, 71. Кадлец, 83).

Бу гуруҳдаги учрашувлар амалда ҳеч нарсани ҳал қилмас эди. Чехлар иккинчи таркиби билан Сан-Марино устидан осонлик билан ғалаба қозонди, аммо чехлар бу натижадан кейин учинчи ўриндан кўтарилмади. Шимолий Ирландия ҳам Норвегияга қарши ўйиндан олдин плей-оффга чиқиб бўлганини билар эди ва бу ўйинда ҳам интрига йўқ эди.

E гуруҳи
Левандовски рекордни янгилади

Дания – Руминия – 1:1 (Эриксен, 59, пенальти – Деак, 88). Четлатиш: Ганеа (Руминия), 63.

Поляклар бу гуруҳда биринчи ўринни эгаллашига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Охирги турда черногорияликларга қарши дуранг натижа ҳам мезбонларнинг биринчи ўринда қолишини таъминларди. Лекин маълум бўлишича, агар поляклар мағлубиятга учраганида ҳам ҳеч нарса ўзгармас экан, данияликлар ўз майдонида Руминияни енга олмади. Ҳолбуки, скандинавлар иккинчи бўлим ўрталаридан бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилди.

Данияликлар бу дурангдан кейин очколари сонини 20тага етказди ва ўтиш ўйинларида қатнашадиган бўлди.

Польша – Черногория – 4:2 (Мачиньски, 6. Грощицки, 16. Левандовски, 85. Стойкович, 87, автогол – Мугоша, 78. Томашевич, 83).

Польша жаҳон чемпионатининг 14-иштирокчисига айланди. Левандовски жамоадошлари билан бу саралаш босқичида 10 ўйинда 8 ғалабага эришди, 1 дуранг ва 1 мағлубият қайд этилди. 

Охирги тур ўйинида черногорияликларда назарий жиҳатдан ўтиш ўйинларида қатнашиш учун имконият сақланиб қолганди ва иккинчи бўлимда жамоа катта куч билан олдинга ташланди.

Аммо якунда Левандовски якуний ҳисобни ўрнатди - 4:2. Польша Россияга боради. Бу польяклар учун саккизинчи жаҳон чемпионати бўлади.

Қозоғистон – Арманистон – 1:1 (Турисбек, 61 – Мхитарян, 26).

Арманистон бу саралаш босқичини жуда ёмон ўтказди. Мхитарян ва жамоадошлари гуруҳ аутсайдери устидан ҳам ғалаба қозона олмади. ЖЧ-2014 саралашида бу тера жамоа 13 очко олиб, иккинчи ўриндаги жамоадан 3 очколик фарқ билан учинчи ўринда қолганди. Бу сафар эса 10 ўйинда фақат 2 ғалаба ва 7 очко билан бешинчи ўрин.

F гуруҳи
Шотландлар армияси ҳалокати

Словения – Шотландия – 2:2 (Безяк, 52, 72 – Гриффитс, 32. Снодграсс, 88). Четлатиш: Цесар, 90+2 (Словения). 

Охирги тур олдидан гуруҳда иккинчи ўринда бўлган Шотландия Люблянада ғалаба қозона олмади ва ўтиш ўйинларида қатнашиш имкониятини қўлдан чиқарди. Аввалига ишлар яхши кетаётганди, Гриффитс биринчи бўлимда шотландларни олдинга бошлади. Аммо иккинчи бўлим мезбонлар устунлигида ўтиб, улар икки гол уришди. Ўйин охирида Снодграсс томонидан урилган иккинчи гол шотландларга ёрдам бера олмади. Улар яна жаҳон чемпионатидан қолиб кетишди.

Шотландиядагилар айбдорни топишди, бу пуштиранг футболкалар.

Словакия – Мальта – 3:0 (Немец, 33, 62. Дуда, 69).

Словениянинг қўллаши словакларга ёрдам бермаслиги мумкин. Мальтани йирик ҳисобда мағлуб этган словаклар 2-ўринга кўтарилиб олишди лекин бу жамоа қўшимча кўрсаткичлар пастлиги туфайли плей-оффда иштирок эта олмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. 

Литва – Англия – 0:1 (Кейн, 27, пенальти).

«Уни тўхтатишнинг ягона йўли – шунчаки уни стадионга қўймаслик», – дея ҳазиллашганди Литва бош мураббийи Эдгарас Янкаускас ўйиндан олдин ўтказилган матбуот анжуманида. Аммо Болтиқ бўйидаги давлат терма жамоаси Кейнни стадионга киришдан тўхтата олмади, уларнинг бахтига қарши инглизлар мураббийи уни майдонга туширди ва Кейн фантастик голли сериясини давом эттирди.

Англия жаҳон чемпионати учун саралаш босқичларида 21 учрашувни мағлубиятсиз ўтказиб, ўз рекордини такрорлади.

Африкадан иккинчи йўлланма. 28 йилда илк марта

Миср — Конго 2:1 (0:0)
Голлар: Салоҳ (63, 90+5, пенальти) — Бука (87).

Миср терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасидаги 5-турда Конго терма жамоасидан устун келди (2:1). Муҳаммад Салоҳнинг дубли жамоага йўлланмани тақдим этди. Айниқса Салоҳ 95-дақиқада киритган голи билан миллат қаҳрамонига айланди ва терма жамоасини Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2018 йўлланмасини нақд қилиб қўйишида бош ролни ўйнади.

Бу мисрликлар учун учинчи марта мундиал йўлланмасини қўлга киритилиши бўлди. Шунингдек терма жамоа сўнгги 28 йилда илк марта жаҳон чемпионатида иштирок этадиган бўлди. Гуруҳда мисрликлар 5 учрашувда 12 очко тўплади. Кутилмаган натижа сифатида эса Гана терма жамоасининг йўлланмани қўлга кирита олмаганини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Мавзуга оид