Жаҳон | 15:24 / 10.10.2017
13104
2 дақиқада ўқилади

Ўнинчиси: Путин Иваново области губернаторини ҳам алмаштирди

Россия президенти Владимир Путин Иваново области губернатори Павел Коньковнинг истеъфосини қабул қилган, деб хабар берилмоқда Кремль расмий сайтида. Ҳудуднинг вақтинча раҳбари этиб иқтисодий ривожланиш вазирининг ўринборсари Станислав Воскресенский тайинланган. Коньков ҳам «ўз ихтиёрига кўра» истеъфога чиқарилган.

Павел Коньков Иваново областини 2013 йилдан буён бошқараётган, ваколатлари 2019 йилда ниҳояланар эди. Воскресенский иқтисодий ривожланиш вазирлигида 2008–2012 йилларда, сўнгра 2014 йилдан ишлаб келаётган эди. 2012–2014 йилларда у Шимолий-Ғарбий федерал округида президент вакилининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Фото: Павел Коньков / ТАСС

25 сентябрь куни «Коммерсантъ» нашри Кремлдаги манбаларига таяниб, бир неча губернаторлар истеъфога чиқарилишини эълон қилган эди. Ўша куннинг ўзидаёқ Самара области губернатори Николай Меркушкин лавозимидан айрилди. Сўнгра Нижний Новгород области губернатори Валерий Шанцев, Красноярск ўлкаси губернатори Виктор Толоконский, Доғистон раҳбари Рамазон Абдулатипов, Ненец автоном округи раҳбари Игорь Кошин, Приморье ўлкаси губернатори Владимир Миклушевский, Орёл области губернатори Вадим Потомский, Новосибирск области губернатори Владимир Городецкий, Омск области губернатори Виктор Назаров бирин-кетин «ўз аризасига биноан» истеъфога чиқарилди. Булардан ташқари, нашр Мурманск области ва Олтой ўлкаси раҳбарлари ҳам истеъфога чиқарилишини эълон қилган эди.

«Владимир Путин 15 кун ичида 9 нафар губернаторни ишдан бўшатди» мақоласида ушбу истеъфолар 2018 йили ўтказиладиган президентлик сайлови билан боғлиқ эканлиги ҳақида фикр юритилган эди.

Мавзуга оид