Жамият | 08:39 / 18.10.2017
8931
2 дақиқада ўқилади

2017 йилги Букер мукофоти америкалик ёзувчига насиб этди

Америка ёзувчиси Жорж Сондерс Man Booker Prize-2017 мукофотига муносиб топилди. Бу ҳақда Лондонда бўлиб ўтган тантанали маросимда эълон қилинди. 

Сондерс инглиз тилидаги адабиётлар йўналишида «Бардодаги Линколн» номли романи учун бош совринга лойиқ кўрилди. У АҚШнинг ушбу обрўли мукофотни қаторасига иккинчи марта океанортига олиб кетаётган ёзувчи бўлди. 50 минг фунт стерлинг (66,6 минг доллар) бўлган совриннинг 2016 йилдаги мукофотини яна бир америкалик Пол Бит олган эди. 

58 ёшли Сондерснинг асари ўлимни ўзига хос тадқиқ қилиш бўлди. Асосан ҳикоялари билан танилган ёзувчининг романи АҚШ президенти Авраам Линкольннинг (1809-1865) Фуқаролик уруши аввалида 11 ёшида ҳаётдан кўз юмган ўғли Виллининг қабрига борган ҳолатини тасвирлайди. Линколн Жоржтаундаги қабристонда буддаларнинг "бардо" деб атайдиган ҳолатга тушиб қолади ва ҳалок бўлганларнинг арвоҳлари билан қизиқарли ва ларзага солувчи мулоқот қилади. 

Сондерснинг айтишича, у бу романини 20 йил мобайнида қалбида сақлаган. Унинг сўзларига кўра, асар ўқувчини 155 йил аввалги даврга олиб кетса-да, аслида у бугунги кунда ҳам долзарбдир. 

Маълумот учун, Букер мукофоти 1969 йилда таъсис этилган бўлиб, инглиз адабиёти бўйича дунёдаги энг нуфузли совринлардан бири ҳисобланади.

2017 йилги Букер мукофотига Сондерсдан ташқари «Куз» (Али Смит), «Бўрилар тарихи» (Эмили Фридлунд), «Ғарбга чиқиш» (Муҳсин Ҳамид), «Элмет» (Фиона Мозли) ва «4321» (Пол Остер) даъвогарлик қилишганди. 2013 йилгача мукофот фақат Бирлашган қироллик ва ҳамдўстлик мамлакатлари ёзувчиларига топширилган.

Мавзуга оид