Спорт | 15:00 / 02.11.2017
21861
13 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ. Кимда қандай имконият?

Европа Чемпионлар лигаси 4-тур олдидан жамоаларнинг имкониятлари ҳақида сўз бориб, ҳатто 11 жамоа шу турдан кейин кейинги босқич масаласини ҳал қилиш имконияти борлиги ҳақида айтилганди. Аммо якунда фақат тўрт жамоа – «ПСЖ», «Бавария», «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» жамоаларигина кейинги ўйинларни ҳар қандай ҳисобда ютқазишга ҳақлилар холос.

Шундай бўлса-да, тан олиш керак, гуруҳ ўйинлари биз кутган курашларни тақдим эта олмади ва аксарият гуруҳларда расман бўлмаса-да, деярли, пешқадамлар якунда ким бўлиши аниқ бўлиб улгурган.

A ГУРУҲИ

100% чиққан жамоа: йўқ.

Деярли ҳал қилган: «Манчестер Юнайтед»

Бизнинг тахмин: «Манчестер Юнайтед», ЦСКА

Кейинги ўйинлар: «Базель» – «МЮ», ЦСКА – «Бенфика», «МЮ» – ЦСКА, «Бенфика» – «Базель»

«Бенфика»га қарши ўйиндан сўнг, тўпланган 12 очко ҳам плей-оффни кафолатламаганини эшитган Моуриньо ҳам ҳайрон қолганди. Ростан ҳам, шундай. Лекин манчестерликлар кейинги босқичга чиқмасликлари учун қолган икки ўйинни ҳам йирик ҳисобда ютқазишлари, ўз навбатида «Базель» ва ЦСКА ҳам юз фоизлик натижа кўрсатишлари керак бўлади.

Демак, бу икки жамоа 2-ўрин учун кураш олиб боришини тахмин қилиш мумкин. Бугунгача 6тадан очко тўплаган бу жамоалар кейинги икки турда «Бенфика» ва «МЮ»га қарши ўйнайди ва ким кўпроқ очко тўпласа, ўша жамоа плей-оффга чиқади. Ўзаро ўйинларга кўра, швейцарияликлар анча яхшироқ кўрсаткичга эга. Аммо 3 очко олиш имконияти бўлган ўйин фақат ЦСКА жамоасида бор. «Бенфика» Москвага келади ва португалияликлар ЕЧЛ ўйинларида кўпроқ иккинчи таркибни туширишни бошлаб юборган. «Базель» билан эса, «Бенфика» ўз уйида ўйнайди ва 0:5 ҳисобидаги мағлубиятнинг аламини олишга уриниши мумкин.

Армиячилар мураббийи Виктор Гончаренко «МЮ»нинг сўнгги турдаги ўйинга бироз эътиборсиз бўлишидан умид қилаётганини яширмади, аммо «Олд Траффорд»даги учрашувда катта нарса умид қилиш қийин. Моуриньо жамоаси барча мусобақаларда бу стадионда ҳозирча юз фоизлик натижа кўрсатмоқда.

 

B ГУРУҲИ

100% чиққан жамоа: «ПСЖ», «Бавария»

Бизнинг тахмин: «ПСЖ», «Бавария»

Кейинги ўйинлар: «ПСЖ» – «Селтик», «Андерлеҳт» – «Бавария», «Селтик» - «Андерлеҳт», «Бавария» – «ПСЖ»

Бу гуруҳда ҳаммаси олдиндан кутилганидек, деярли аниқ бўлганини айтиш мумкин. «ПСЖ» ва «Бавария» расман кейинги босқич масаласини ҳал қилиб улгурди.

Гуруҳдаги биринчи ўрин масаласи ҳам амалий тарафдан ҳал бўлгандек. «ПСЖ» кейинги турда ўз майдонида «Селтик»ни қабул қилади ва агар ғалаба қозонадиган бўлса, уларни ҳозирги эгаллаб турган ўринларидан тушириб юбориш қийин. Парижликларни ортда қолдириш учун «Бавария» 4 тўп фарқи билан ғалаба қозонишига тўғри келади.

Умуман, жамоаларнинг айнан биринчи ўрин учун қаттиқ жон куйдиришларига ҳам ишониш қийин, чунки катта эҳтимол билан «Реал», «Ювентус» каби клублар ҳам 2-ўрин билан кифояланмоқда. Яъни гуруҳ ғолиби бўлиб, «Реал»га, гуруҳда иккинчи ўринни олиб эса, масалан, «Бешиктош»га тушиб қолиш эҳтимоли бор.

 

C ГУРУҲИ

100% чиққан жамоа: йўқ

Деярли ҳал қилган: йўқ

Бизнинг тахмин: «Челси», «Рома»

Кейинги ўйинлар: «Қорабоғ» – «Челси», «Атлетико» – «Рома», «Рома» – «Қорабоғ», «Челси» – «Атлетико»

Бу гуруҳда ҳали ким яққол пешқадам бўлишини айтиш қийин. Ҳеч қайси жамоа кейинги босқични кафолатламади. Шундай бўлса-да, «Атлетико»нинг имконияти жуда пасайиб кетгани ва энди барчаси унинг қўлида эмаслигини айтса бўлади.

Кейинги турларни асосий рақибларига қарши ўтказадиган Симеоне шогирдлари ҳар икки ўйинда ғалаба қозонган тақдирда ҳам, якунда учинчи ўринда қолиб кетиш эҳтимоли катта. Чунки, «Рома»ни ҳам, «Челси»ни ҳам «Қорабоғ»га қарши ўйинлар кутиб турибди. «Челси» келаси турда Озарбойжонда ғалаба қозонса, плей-офф масаласини ҳал қилади. Сўнгги турда «Қорабоғ»ни Римда қабул қиладиган «Рома» ҳам худди шу ишни қилиши мумкин. Ёки озарлардан яна бир қаҳрамонлик кутайликмикин?

 

D ГУРУҲИ

100% чиққан жамоа: йўқ

Деярли ҳал қилган: «Барселона»

Бизнинг тахмин: «Барселона», «Ювентус»

Кейинги ўйинлар: «Ювентус» – «Барселона», «Спортинг» – «Олимпиакос», «Барселона» – «Спортинг», «Олимпиакос» – «Ювентус»

5-турда «Барселона»га қарши ўйинда очко олиш, аниқроғи, ғалаба қозониш «Ювентус» учун жуда зарур. Бу билан туринликлар ҳам «Спортинг» билан орадаги фарқни сақлаб туради, ҳамда каталонияликларнинг охирги турда ҳам очко учун курашга мажбур қилади.

Акс ҳолда, «Спортинг» ўз майдонида «Олимпиакос» устидан ғалаба қозониб, «Ювентус»га яқинлашиб олади. Охирги турда эса, «Ювентус» Грецияга, «Спортинг» Барселонага боради. Греклар майдонида очко олиш осон эмаслигини ўтган тур исботлади. «Барселона» эса, агар гуруҳ масаласини олдинроқ ҳал қилса, сўнгги турга бироз панжа ортидан қараш эҳтимоли ҳам пайдо бўлади. 

 

E ГУРУҲИ

100% чиққан жамоа: йўқ

Деярли ҳал қилган: йўқ

Бизнинг тахмин: «Севилья», «Ливерпуль»

Кейинги ўйинлар: «Севилья» – «Ливерпуль», «Спартак» – «Марибор», «Марибор» – «Севилья», «Ливерпуль» – «Спартак»

Кейинги турда «Севилья» ўз майдонида «Ливерпуль»ни қабул қилади ва агар ғалаба қозонадиган бўлса, кейинги босқичга чиқади. Умуман дуранг ҳам испанларни қаноатлантириши мумкин, чунки охирги турда «Севилья» «Марибор» билан ўйнашини эътиборга олсак, яна 3 очко киритиш имкониятига эга.

Охирги турдаги «Ливерпуль» – «Спартак» ўйини иккинчи йўлланма масаласини ҳал қилиши шубҳасиз. Ўша ўйинда русларни фақат ғалаба қониқтиради.  

 

F ГУРУҲИ

100% чиққан жамоа: «Манчестер Сити»

Деярли ҳал қилган: йўқ

Бизнинг тахмин: «Манчестер Сити», «Шахтёр»

Кейинги ўйинлар: «Манчестер Сити» – «Фейенорд», «Наполи» – «Шахтёр», «Шахтёр» – «Манчестер Сити», «Фейенорд» – «Наполи»

Бу гуруҳда «Наполи» масалан «Шахтёр»га нисбатан кучсиз эканини кўрсатмаган бўлса-да, айнан тақвим украиналикларга жуда қулай келяпти ва якунда ортиқча уринишларсиз гуруҳдаги 2-ўринни олиб бермоқда деб айтиш мумкин.

Биринчидан, 1-турда «Шахтёр» «Наполи»ни ўз майдонида қабул қилди ва керакли ғалабага эришди. Агар бу ўйин Италияда бўлиб ўтганда, гуруҳ ўйинлари давомида «Наполи»нинг имконияти баландроқ бўларди. Иккинчидан, «Шахтёр» «Манчестер Сити» билан энди, рақибга очко керак бўлмаган паллада ўйнайди. Эътиборли жиҳати, «Шахтёр» – «Манчестер Сити» ўйини АПЛ доирасидаги Манчестер дербисидан уч кун олдин бўлиб ўтади. Албатта, Пеп Гвардиола кейинги ўйинга тайёрланиши ва бир қатор етакчи футболчиларни Харковга олиб келмаслиги мумкин.  Бу ўйиндаги дуранг «Шахтер»ни плей-оффга олиб чиқади.  

Аслида барчаси кейинги турда ҳам ҳал бўлиш эҳтимоли катта. «Наполи» ўзаро ўйинларга кўра «Шахтёр»дан яхшироқ бўлиб олиш учун, украиналикларни йирик ҳисобда ютишига тўғри келади. Бу амалга ошмаса, «Шахтёр»ни бемалол 2-ўрин билан табриклашимиз мумкин.

 

G ГУРУҲИ

100% чиққан жамоа: йўқ

Деярли ҳал қилган: «Бешиктош»

Бизнинг тахмин: «Бешиктош», «Порту»

Кейинги ўйинлар: «Бешиктош» – «Порту», «Монако» – «Лейпциг», «Порту» – «Монако», «Лейпциг» – «Бешиктош»

Кейинги турда турклар ўз майдонида «Порту»ни қабул қилади. Бу ўйиндаги дуранг ҳам «Бешиктош»ни кейинги босқич иштирокчисига айлантиради.

Афсуски, «Монако»нинг курашга қўшилиши бироз кеч юз бериши мумкин. Французлар кейинги турда ўз майдонида «Лейпциг»ни енгадиган бўлишса, балки «Порту»га яқинлашиб олишар. Аммо энг охирги турда «Монако» «Порту» меҳмони бўлади – 2004 йилги ЕЧЛ финалчилари бу сафар плей-офф масаласини ўзаро ҳал қилишса, албатта, қизиқ ўйин бўлса керак.

Ўз навбатида, немисларни ҳам унутмаслик керак, уларда ҳатто бир турдан кейин иккинчи ўринга кўтарилиб олиш имкониятлари бор. «Лейпциг» агар Монакода ғалаба қозонадиган бўлса, балки охирги ўйинда ўз майдонида очко керак бўлмаган «Бешиктош» билан ўйинда ҳам ғалаба қозониши мумкин.

Хуллас, аввалдан кутилганидек, энг қийин ва мураккаб гуруҳ – сўнги тургача ҳаммада плей-оффга чиқиш имконияти сақланиб қолишининг эҳтимоли катта.

 

H ГУРУҲИ

100% чиққан жамоа: «Тоттенҳэм»

Деярли ҳал қилган: «Реал»

Бизнинг тахмин: «Тоттенҳэм», «Реал»

Кейинги ўйинлар: «Боруссия» – «Тоттенҳэм», «АПОЭЛ – «Реал«, «Тоттенҳэм» – АПОЭЛ, «Реал» – «Боруссия»

АПОЭЛ бу гуруҳда «Қорабоғ» вазифасини бажариб берди. Яъни сўнгги тургача қизғин курашлар кечиши тахмин қилинган гуруҳда «Боруссия»ни 4 очкодан маҳрум қилиб, амалда барча масалани ҳал қилиб қўйди.  

Энди, мадридликлар Кипрда ғалаба қозонишса, бўлди, «Боруссия» плей-офф умидидан буткул маҳрум бўлади.

Гуруҳ ғолиби масаласи ҳам деярли аниқ. Сўнгги турда кипрликларни қабул қиладиган «Тоттенҳэм» ҳозир эгаллаб турган ўрнини «Реал»га топшириб қўймаса керак. Ўзаро ўйинларда мадридликлардан устун бўлган инглизлар кейинги 2 турда 3 очко олса, кифоя, гуруҳда 1-ўринни ҳам нақд қилиб қўйишади.

Мавзуга оид