Фан-техника | 20:20 / 03.11.2017
8538
2 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект Лондоннинг энг яхши юристларини ортда қолдирди

Сўнгги вақтларда келажакда қатор фаолият соҳаларини сунъий интеллект бошқаруви остидаги роботларга "топширилиши" мумкинлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Автоматлаштирилган ишлаб чиқариш у қадар хавотир уйғотмаса-да, фуқароларнинг эркинлигига боғлиқ хизматлар соҳалари борасида бундай деб бўлмайди. Масалан, яқинда Кембриж талабалари томонидан яратилган CaseCruncher Alpha алгоритми юристлик вазифасини Туманли альбионнинг топ-адвокатларидан-да яхши уддалади.

CaseCruncher Alpha роботи Кембриж университетининг юридик факультетида таълим олувчи уч талаба - Жозеф Марусак, Ребекка Аглиоло ва Людвиг Булл томонидан ишлаб чиқилган.

Алгоритм аслида илғор нейротармоқларга асосланган чат-бот ҳисобланади. Чат-бот дастлаб фақат юридик йўналишдаги саволларга жавоб берган, бироқ вақт ўтгач, у суд жараёнларининг нима билан тугашини олдиндан тахмин қила оладиган даражага келтирилган.

Next Web нашрида хабар берилган ноёб тажрибага кўра, Лондоннинг энг етук 100 нафар юристи ва CaseCruncher Alpha роботига бир хил вазифа юкланди - уларга суғурта тўловларига доир 775 баҳсли иш топширилди, ҳар бир жамоа бу ишлардан қайсиларини молиявий омбудсмен ҳал қилиши ва қайсилари якуний хулосасиз қолишини имкон қадар аниқ топиши керак бўлган. Охир-оқибат юристлар тахмини - 66,3 фоиз ҳолатда, сунъий интеллект прогнозлари эса 86,6 фоиз ҳолатда судьянинг қарорига мувофиқ келган.

Шундай экан, савол туғилади: сунъий интеллект алгоритмлари бундай ишларни одамлардан яхши уддаласа ва уларнинг хизмати арзонроққа тушса, у ҳолда юқори малакали реал мутахассисларга иш қолармикан?

Мавзуга оид