Фан-техника | 11:40 / 16.11.2017
28434
5 дақиқада ўқилади

Дунёни ўзгартирувчи 5 технология ҳақида

Американинг The New York Times нашри яқин орада турмушни илмий-фантастика фильмларидаги каби тубдан ўзгартириб юборадиган янги технологиялар рўйхатини тузиб чиқди. 

1. Соғлиқни сақлаш соҳасида сунъий интеллект

Нейротармоқлар тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ҳақиқий инқилоб ясаши мумкин. Чуқур ўргатиш сунъий интеллектни МРТ ва рентген суратлари орқали беморга ташхис қўядиган даражага олиб чиқади. Масалан, нейротармоқ миллионлаб ретинал суратларни таҳлил қилиб, диабетик кўзи ожизликнинг дастлабки босқичини аниқлайди. У компьютер томография суратларини кўриб чиқиб, ўпка саратонига ташхис қўя олади. Бундай технологиялар малакали шифокорлар етишмайдиган минтақалар учун жуда зарур. Хусусан, Google компанияси Ҳиндистоннинг икки шифохонасида синов дастурларини ишга туширмоқда. Infervision стартапи эса Хитойда фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, тез орада сунъий интеллект фармацевтларга ёрдамга келиб, турли дори-дармонлар ихтиро қилишга ёрдам беради ва уларнинг инсон танасига таъсирини ўргатади.
 
2. Компьютерлар билан мулоқот

Яқинда Вашингтон штати университети профессори Люк Цеттлмайер оғзаки нутқни таниш технологиясида олға қадам ташлангани ҳақида баёнот берди. Яқин орада, нафақат махсус буйруқларни, оддий инсон нутқини тушуна оладиган қурилмалар ишлаб чиқарилади. Бу борада Google, Facebook ва Microsoft компаниялари анча илгарилаб кетди. Улар яқин келажакда бизларнинг телефонлар, автомобиллар ва умуман ҳар қандай қурилмалар билан мулоқот қилишга доир тасаввуримизни ўзгартириб юборишга ваъда беришмоқда.
 
Replika стартапи ҳам худди шундай технология устида ишлаяпти. 

3. Фикрларни ўқиш

Айрим компанияларнинг фикрича, келажак овозли буйруқлар эмас, балки компьютер билан фикран мулоқот қила олишда эканини айтмоқда. Neurable стартапи, ҳозирда, қаҳрамонларини фикр кучи билан бошқариш учун электроэнцефалографиядан фойдаланиш устида бош қотирмоқда. Албатта, ҳар сафар компьютер билан ишлаш учун электродларни бошга маҳкамлаш жуда ҳам қулай эмас. Аммо Facebook фикрича, технологияларни такомиллаштириш ва оптик датчикли янада кучли тизимларни ишлаб чиқиш мумкин. Шундай экан, фикр кучи ёрдамида 5 марта тезроқ матнни киритиш мумкин бўлади.
 
Илон Маск эса, бу борада янада илгарилаб кетди. У чиплар ёрдамида мия импульсларини санашни таклиф қилмоқда. Даставвал бевосита мияга ўрнатиладиган чиплар имконияти чекланган инсонларга ёрдам бериши керак. Технологиялар самарадорлик кўрсатса, чипларни барча хоҳловчиларга ўрнатиш мумкин бўлади.
 
4. «Учар автомобиллар»

Kitty Hawk, Joby Aviation, Uber, Airbus ва бошқа кўплаб компаниялар шаҳар типидаги учар қурилмалар устида иш олиб бормоқда. Дизайнерлар ҳар қандай шакл ва ўлчамдаги концептларнинг суратларини чизишмоқда. Аммо уларнинг принципи ягона: ҳар бир ҳайдовчи автомобиль, вертолёт ва митти самолёт гибридига эга бўлади. Албатта, учар автомобилларни кенг қўллаш учун оммавий ишлаб чиқариш фойда келтиришига сармоядорларни ишонтириш лозим. Турли мамлакатлар давлат автоназорати ҳаво ҳаракати қоидаларини ишлаб чиқиши талаб этилади.

5. Квант компьютерлари

Квант компьютерларини ишлаб чиқиш билан инсониятнинг энг бош оғриқ муаммоларини ҳал этишга ваъда беришмоқда. Янги дорилар ишлаб чиқишни тезлаштириш, молия бозорлари ва транспорт тизимини оптималлаштириш ва бошқа кўплаб муаммоларни ҳал этиш шулар жумласидан. Ҳозирча, квант компьютери ишлаб чиқиш билан боғлиқ муаммо битта: уларни қуриш жуда қийин. Аммо Google, IBM, Intel ва Rigetti Computing каби стартаплар технологияни ривожлантиришга жуда катта маблағ сарфламоқда. «Бу маълумотларни узатишнинг умуман бошқа кўриниши, — дея изоҳлайди Роберт Шолькопф. — Бу соҳадаги мавжуд билимлар — шунчаки денгиздан бир томчи холос».
 
Лекин айнан квант компьютерлар биткоин ва бошқа криптовалюталарни йўқ қилиши мумкин. Сидней технология университети олимлари шундай фикрга келишди. Улар тез орада блокчейндаги мулк ҳуқуқини тасдиқловчи рақамли имзолар асосланган эллиптик криптографияни бузишлари мумкин.

Мавзуга оид