Спорт | 08:30 / 28.11.2017
13804
2 дақиқада ўқилади

3 баскетболчи 5 рақибига муносиб қаршилик кўрсатди

26 ноябрда NCAA мусобақасида АҚШнинг Алабама штати талабалар баскетбол жамоасининг “Миннесота” жамоасига қарши учрашувида антиқа ҳолат юз берди. “Алабама” ўйинни 2 кишига кам бўлиб якунлашига тўғри келди: университет жамоасида ўйинчилари четлатилгани сабабли майдонга туширишга ўйинчи қолмади. Ўйин қоидасига кўра, майдонда жамоалар 5 га 5 бўлиб ўйнашлари лозим.

Гап шундаки, учрашувнинг иккинчи ярмида баскетболчилар ўртасида жанжал чиққан. “Алабама”нинг захирадаги ўйинчилари майдонга чиқиб, жанжалга аралашишгани сабабли ҳакам уларнинг барчасини майдондан четлатган. Шу тариқа жамоанинг 7 ўйинчиси ечиниш хонасига жўнатилган, жамоа ихтиёрида эса фақат майдондаги 5 ўйинчигина қолган.

Бу ҳам етмагандек, сал ўтиб “Алабама”нинг яна бир ўйинчиси кўп қоида бузгани учун ўйиндан четлатилган. Қоида бўйича, четлатилган ўйинчи ўрнига бошқа ўйинчи майдонга тушиб, иккала жамоа ўйинчилари ҳам 5 кишидан бўлиб ҳаракатланишлари керак. Бироқ “Алабама”да четлатилган ўйинчи ўрнини эгаллай оладиган бошқа ўйинчи қолмагани сабабли жамоа ўйинни 4 киши бўлиб давом эттиришга мажбур бўлган. 2 дақиқадан кейин “Алабама”нинг яна бир ўйинчиси жароҳат туфайли ўйиндан чиққан.
 
Шу тариқа, бу кеча омади чопмаган алабамаликлар учрашувнинг қолган 10 дақиқасини 3 киши бўлиб якунлашларига тўғри келган. Тан олиш керак, ўйинчилар бундан тушкунликка тушмай, балки янада яхшироқ ўйин кўрсатишиб, камчиликда рақибнинг 24 очкосига 30 очко билан жавоб беришди. Бироқ охир натижада улар 89:84 ҳисобида имкониятни бой беришди.

Мавзуга оид