Ўзбекистон | 13:10 / 29.11.2017
16776
4 дақиқада ўқилади

Шайхонтоҳур туманида 648 нафар фуқаро турли рўйхатлардан чиқарилди

Фото: Muxlis.uz

Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги Шайх Зайниддин жоме масжидида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»га бағишланган анжуман ўтказилди. Унда уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари ҳамда аввал турли рўйхатларда бўлган фуқаролар иштирок этди, деб ёзади Muxlis.uz.

Мулоқотда бугунги кунда давлат томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратганнинг бундай неъматларига шукрона қилиш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.

Ҳақиқатдан, ҳаётда бирор-бир муаммога дуч келган одам аввало дардини ким биландир бўлишгиси келади. Шундай лаҳзада уни кимдир диққат билан эшитса, бир оғиз ширин сўз билан таскин берса, тўғри йўлга бошласа, мушкули осонлашади. Кўпинча адашган одамга тўғри берилган йўл-йўриқ туфайли кишида ҳаётда ўз ўрнини топишда ишонч пайдо бўлади. Эшитиш ва таскин бериш билан чекланмай, амалий ёрдамга қўл чўзилганда эса одам ўзини чин маънода бахтли ҳисоблайди.

Фото: Muxlis.uz

Мана шу нуқтаи назардан диний соҳа ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари адашган оқимларга мойил бўлган оилаларга кириб, танлаган йўллари нотўғри экани ҳақида Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг ишончли далиллари асосида тушунтириш ишларини олиб боришди. Адашган фуқароларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, қилмишидан пушаймон бўлиб, афсус-надомат чекаётганларга руҳий тасалли бериб, ҳаётда ўз ўрнини топишларига имом-хатиблар яқиндан кўмак бериб келмоқдалар.

Анжуманда оилаларда китобхонлик тарғиботини кенг ёйиш мақсадида Одилхон қори Исмоилов қаламига мансуб «Жаннат калити», «Инсон манфаатлари ислом таълимотининг олий мезони» сингари китоблар тарқатилди.

Тадбирнинг иккинчи қисми бир пиёла чой устида давом этди ва ушбу суҳбат ҳам бу борада қилинаётган савобли ишларнинг узвий давоми бўлди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари дилларидаги самимий, илиқ сўзларни айтиб, йиғилганларнинг кўнглини шод этишди.

Фото: Muxlis.uz

Ўтган олти ой давомида Тошкент шаҳрида 2273 нафар, Шайхонтоҳур тумани бўйича эса 648 нафар фуқаролар ҳар хил рўйхатлардан чиқарилиб, эмин-эркин ҳаёт кечириш учун барча шароитлар муҳайё қилинди.

Жорий йилнинг июнь-июль ойларида улар билан бўлиб ўтган суҳбатлар натижасига кўра, Шайхонтоҳур туманидаги бир гуруҳ фуқаролар жамоатчилик гуруҳига муаммолар билан мурожаат этган эди. Уларни бартараф этиш бўйича маҳалла, туман ва шаҳар миқёсида амалий ишлар олиб борилди. Масалан, 118 нафар шахс амбулатор ва стационар шароитда соғломлаштирилди, 352 нафар бола ўз хоҳишига кўра, тўгаракларга жалб этилди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган 12 нафар шахсга кредит олишда кўмаклашилди, 3 нафар оиланинг уй-жой шароитини яхшилаш учун Сергели туманидаги янги кўп қаватли уйлардан олишга тавсия берилди.

Бўлиб ўтган учрашувда ҳам бу хайрли анъанани давом эттириб, бир қанча кишиларнинг тадбиркорлик ва бошқа масалаларда учраб турган муаммолари тегишли ташкилотларнинг масъул шахслари томонидан назоратга олиниб, ҳал этилиши юзасидан чоралари кўрилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид