Жаҳон | 19:55 / 04.12.2017
17533
3 дақиқада ўқилади

Швейцариялик сураткаш Қозоғистон Миллий банкидан компенсация талаб қилди

Швейцариялик сураткаш Марсель Буркард Қозоғистон Миллий банки ва республиканинг Берндаги элчихонасига 500 тенгелик банкнотада унинг ишидан фойдаланганлик тўғрисидаги хатни йўллади. 

"Бир томондан, мен олган сурат Қозоғистон банкноталаридан бирида муҳрланганидан жуда фахрланаман, албатта. Бироқ дизайнер менинг муаллифлигимдаги суратдан фойдаланиб, пул ишлагани тўғри эмас, деб ҳисоблайман", - деди швейцариялик ва Қозоғистон Миллий банки буни рад этаётганини қўшимча қилди. 

Буркарднинг сўзларига кўра, бутун Қозоғистонга танилган чайка суратини у 2005 йилда Швейцарияда, Тун кўли қирғоғида олган. Шу билан бирга, у профессионал сураткаш эмаслигини таъкидлаган.

"Қозоғистон билан судлашмоқчи эмасман - ўйлашимча, бу ажойиб мамлакат. Суратдан фойдаланганлик учун пул олиш масаласига келадиган бўлсак, бундай ниятим йўқ. Шундай бўлса-да, менга товон пули тўланишига умид қиламан. Охир-оқибат дизайнер менинг ишим учун пул олган-ку, ахир", - деди Буркард. 

Фото: zakon.kz

Сураткаш компенсация сифатида унинг суратидан фойдаланганлик тан олинган чиройли сертификат ва унга бириктирилган банкнота суратини олишдан хурсанд бўлишини таъкидлаган. 

"Мен ҳеч қачон Қозоғистонда бўлмаганман. Бироқ энди, банкнотада мен олган сурат акс эттирилгандан кейин бу мамлакатга бориш ҳақида ўйлаб қолдим", - дейди у.

500 тенге номиналли купюра пайдо бўлганидан кейин кичик қушча Қозоғистонда муҳокама мавзусига айланди. Миллий банк тақдим этган 500 тенгеда Каспий узра чайкалар тасвирланган, бироқ хушёр қозоғистонликлар унинг Википедиядаги суратга ўхшашлигини пайқашди. 

Буркарднинг сурати Википедияда CC BY-SA 2.0 DE копирайт кўрсаткичлари билан жойланган, у материални барча форматларда қўллаш ва тарқатиш имконини беради. Бундан ташқари, суратга қараб, ишлаб чиқариш материалларини яратишга ҳам рухсат берилган. Муаллифни кўрсатиш ва лицензияга ҳавола тақдим этиш мажбурий шарт ҳисобланади. 

Миллий банк рассом интернетдаги суратдан фойдаланган бўлиши мумкинлигини инкор этмади. Идорада таъкидланишича, банкнота дизайнини ишлаш учун махсус маблағ ажратилмаган. 

Мавзуга оид