Жаҳон | 00:40 / 24.12.2017
15808
3 дақиқада ўқилади

Трамп Ал-Қудс бўйича хатога йўл қўймаслиги керак – Эрдўған

Фото: Anadolu

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 24–27 декабрь куни Судан, Чад ва Тунисга ташрифи олдидан Африка оммавий ахборот воситаларига интервью берди, деб ёзади Anadolu агентлиги.

Трамп Ал-Қудс масаласида хатога йўл қўймаслиги керак, деган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған AllAfrica нашрига берган интервьюсида.

Турк давлати раҳбари АҚШ президентининг Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиши ва бу шаҳарга Америка элчихонасини кўчириш ҳақидаги қароридан сўнг Яқин Шарқда зиддиятлар кучаяётганига эътиборни қаратди.

Эрдўғаннинг айтишича, Оқ Уй раҳбари Доналд Трамп Ал-Қудс масаласида найрангларга учмаслиги ва араб-исроил можароси бўйича хато қарорга келмаслиги керак эди.

Туркия президенти БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1980 йилги, жумладан, АҚШ томонидан ҳам маъқулланган 478-сонли резолюциясини эслатиб ўтди.

«Трамп БМТ Хавфсизлик кенгашининг 478-резолюциясига қарамасдан Ал-Қудс бўйича қарор қабул қилди. Америка томонидан БМТ позициясининг рад этилиши — ўта қўпол хато», — дея таъкидлади Эрдўған.

Турк етакчисининг айтишича, АҚШдек йирик давлат бутун жаҳон ҳамжамиятининг эътирозига сабаб бўлган ҳолда фақат Исроил билан ҳамкорлик қилмаслиги керак эди.

Президент яқинда БМТ Бош ассамблеясида Ал-Қудс статусининг ўзгармас эканлиги борасидаги овоз бериш жараёнини эслатиб ўтди. Ҳужжатни ёқлаб 128 давлат овоз берган, унга АҚШ ва Исроил дохил 9 тагина давлат қарши чиққан.

«Ал-Қудс нафақат мусулмон олами, шунингдек, насронийлар учун ҳам катта аҳамият касб этади. Ватикан ҳам Вашингтон позицияси билан муроса қила олмаслигини билдириб ўтди. Ал-Қудс бутун инсоният учун муҳим мавзу ҳисобланади», — дея таъкидлаб ўтди Туркия президенти ва унинг давлат Ислом бирдамлиги ташкилотининг амалдаги раиси эканлигини эслатди.

«Трамп АҚШ позициясини БМТ Бош ассамблеясида қўллаб-қувватлаган давлатлар миқёсига эътибор қаратиб, ўз позициясини ўзгартириши керак», — деди Эрдўған ва АҚШни ушбу қадамлар оқибати учун Оқ Уйнинг амалдаги раҳбари ва Исроил ҳукумати масъул эканлигидан огоҳлантирар экан.

Эрдўған Фаластин-Исроил можаросини тартибга солишнинг бирдан-бир тўғри йўли «икки халқ учун икки давлат» принципини ҳисобга олиш эканлигини таъкидлаб ўтди. Шарқий Қудснинг 1967 йилги чегаралар доирасида Фаластин давлатининг пойтахти эканлигини тан олиш жуда муҳим, дея қўшимча қилган Туркия етакчиси.

Туркия раҳбари, шунингдек, Фаластиннинг яҳудийлар томонидан босиб олинган ерларида Исроил ҳукуматининг хатти-ҳаракатларини танқид остига олди. «Исроил давлат террори сиёсатини қўлламоқда. У босқинчи давлат», — деган Эрдўған.

Мавзуга оид