Жаҳон | 16:30 / 07.02.2020
56842
11 дақиқада ўқилади

Фаластин учун 30 миллиард: Дунё қарши чиқаётган «аср келишуви» ҳақида

АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Исроил-Фаластин можароларини ҳал қилиш масаласида ишлаб чиқилган «аср келишуви» режаси нафақат фаластинликлар ва мамлакат президенти Маҳмуд Аббос, балки бошқа давлатлар, шунингдек Европа Иттифоқи давлатлари томонидан ҳам қораланди. Трамп «аср келишуви»да нимани илгари сурганди? Қуйида шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Фото: Global Look Press/Wiktor Dabkowski

Фаластин ерларида икки давлат тузилиши

1947 йил 29 ноябрда БМТ Бош ассамблеяси 181-резолюцияни қабул қилади. Унга кўра, Британия мустамлакаси бўлган Фаластин ҳудудида иккита мустақил давлат — Исроил ва Фаластин давлатини тузиш белгиланади. Шунингдек, Ал-Қудс алоҳида мақомга эга бўлади.

1948 йилнинг 14 майида Исроил давлати тузилади ва у Фаластинга тегишли ҳудудни ҳам эгаллаб олади.

Бундан норози бўлган араб давлатлари (Миср, Сурия, Ливан, Иордания, Саудия, Ироқ ва Яман) 15 май куни Исроилга қарши уруш эълон қилади. Уруш бир йил давом этади ва дунёнинг ривожланган давлатларидан ҳарбий ҳамда молиявий кўмак олган Исроил устун келади ва БМТ аралашуви билан сулҳ тузилади.

Алалоқибат, Исроил давлати яшаб қолади. Фаластинда эса давлат тузилмай қолади. Унга тегишли ҳудуднинг катта қисми Исроил таркибига ўтади, яна бир қисми Миср назоратида қолади.

1960-йилларнинг ўрталарида мустақил Фаластин давлатини тузиш ҳаракати қайта бошланади. Бу йўлда Фаластинни озод қилиш ташкилоти тузилади. Шунингдек, 1967 йил 5-10 июнь кунлари араб давлатлари ва Исроил ўртасида «олти кунлик уруш» бўлиб ўтади. Урушда яна ҳар томонлама Ғарбнинг мададига суянган Исроил ғолиб чиқади.

1967 йилнинг 22 ноябрида БМТ 242-резолюцияни қабул қилади. Унга кўра, Исроил босиб олган Фаластин ерларидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши лозим эди, аммо Исроил томони бу талабни бажармайди. БМТ резолюцияси қабул қилинишидан бироз аввал, 1967 йилнинг 1 сентябрида Судан пойтахти Хартумда араб давлатлари вакиллари йиғилиб Исроил давлатини тан олмаслик, у билан ҳеч қандай алоқа ўрнатмаслик ҳақида битим имзолайди.

1990-йиллардан бошлаб вазият бироз ўзгаради, аввалига Миср, сўнг Иордания Исроил билан тинчлик битими тузади ва ўзаро алоқалар ўрнатилади.

Фаластин давлати тузилиши

1988 йил 15 ноябрда Жазоирда қувғинда фаолият кўрсатган Фаластин Миллий Кенгашида (Фаластин парламенти) мустақил Фаластин давлатини тузиш ҳақида илк бор эълон қилинади. Қисқа вақт ичида дунёнинг 80дан ортиқ давлати Фаластин мустақиллигини тан олишини билдиради. Масалан, СССР 1988 йил 18 ноябрда ушбу давлат мустақиллигини тан олган. 1990 йилда икки томонлама дипломатик муносабатлар ўрнатилиб, Москвада Фаластин элчихонаси очилган. Ўша пайтда Фаластин ўзини мустақил давлат деб эълон қилгани билан, амалда бу давлат Исроил таркибида эди.

1993 йил Фаластинни озод қилиш ташкилоти Исроилга қарши қуролли кураш олиб бормаслигини маълум қилади. 1994 йил Фаластин миллий маъмурияти тузилади. Бу Фаластинни мустақил қилиш учун илк қадам эди.

Фаластиннинг ЮНЕСКОга аъзо бўлиши ва БМТда кузатувчи мақомига эга бўлиши

2011 йил 31 октябрда БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўлими бўлган ЮНЕСКО умумий овоз бериш йўли билан Фаластинни ўз аъзолигига қабул қилади. Бунга 107 давлат рози, 52 давлат бетараф, 14 давлат қарши бўлади. АҚШ, Исроил, Канада, Германия, Австралия, Швеция каби давлатлар қаршилар томонида эди.

Фаластиннинг ЮНЕСКОга аъзо қилиш масаласи кун тартибга чиққанда, АҚШ ва Исроил томони агар Фаластин ташкилот сафига қабул қилинса, улар ЮНЕСКОни молиялаштиришдан воз кечишини билдиради.

Ўшанда АҚШ ташкилот учун йилига 70 миллион доллар атрофида маблағ ажратар ва бу ташкилот харажатларининг тахминан 20 фоизи дегани эди.

Шу ўринда савол туғилади: Фаластин ЮНЕСКОга тўлақонли аъзо қилиб олинса, бундан АҚШ манфатларига қандай зарар етади?

Гап шундаки, ЮНЕСКО Исроилни Фаластиннинг бир қисмини босиб олган босқинчи давлат деб ҳисоблайди ва ҳозирги кунда Исроил назоратида бўлган Ал-Қудс шаҳрининг бир қисмини ҳам Фаластин ҳудуди деб билади. АҚШга ЮНЕСКОнинг мана шу позицияси ёқмайди ва ўзининг Яқин Шарқдаги энг асосий ҳамда яқин иттифоқчиси бўлган Исроилнинг тарафини олиб ЮНЕСКО билан келишмовчиликка боради.

Ўшанда, кўпчилик АҚШ ЮНЕСКОни молиялаштиришни тўхтатиши ортидан бу ташкилотда молиявий қийинчилик юз беришини ва ташкилот АҚШга ён беришини кутганди, аммо ЮНЕСКО ён беришни истамай агар АҚШ аъзолик бадалини тўламаса, уни ташкилот ишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишини эълон қилади.

АҚШ 2011 йилдан ЮНЕСКОга аъзолик бадалини тўлашни тўхтатди. ЮНЕСКО ҳам ўз сўзида туриб АҚШни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Келишмовчилик шу даражага етди-ки, ЮНЕСКОнинг ўзига ён беришидан батамом умидини узган АҚШ 2017 йилда бу ташкилот сафидан чиқиши ҳақида қарор қабул қилади.

2018 йил 31 декабрдан бошлаб АҚШ ЮНЕСКО аъзолигидан расман чиқиб шунчаки кузатуви мақомида қолди. Маълумот ўрнида: АҚШ 1984 йилда Рейган бошқаруви даврида ҳам ЮНЕСКОни «АҚШга қарши хатти-ҳаракатлар қилганлик»да айблаб, ташкилот сафидан чиққан ва 2003 йилда қайта аъзо бўлган эди.

2012 йил БМТ Бош ассамблеясида Фаластинни ушбу ташкилотга кузатувчи сифатида қабул қилиш масаласи овозга қўйилади. Унда мутлақ кўпчилик Фаластиннинг БМТда кузатувчи мақомида бўлиши учун овоз беради. Шу тариқа, Фаластиннинг дунёдаги энг обрўли ташкилот сафида кузатувчи мақомида бўлса ҳам иштироки бошланади.

Нега «аср келишуви»?

Воқеалар ривожига кўра, ЮНЕСКО Фаластинни ўз сафига қўшиб олиши, бундан норози бўлган АҚШнинг бу ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиши Барак Обама президентлик қилган йилларга тўғри келади. Дональд Трамп президент бўлганидан сўнг АҚШ ЮНЕСКО аъзолигидан чиқиб кетади.

Агар тарихга қарасак, 1988 йилда Фаластин парламенти «Фаластин давлати» тузилгани ҳақида эълон қилганидан сўнг, дунёдаги кўплаб давлатлар унинг мустақиллигини тан ола бошлади. 2013 йил 5 январда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Фаластин маъмурияти номини Фаластин давлати деб ўзгартириш ҳақида фармон эълон қилади.

Бугунги кунда дунёдаги 137та давлат Фаластин мустақиллигини тан олган. Фаластин мустақиллигини тан олмаган давлатларнинг аксариятини АҚШнинг Ғарбий Европадаги иттифоқдошлари, шунингдек, Япония, Австралия, Канада каби давлатлар ташкил этади.

Шунингдек, бирин-кетин дунёдаги аксарият халқаро ташкилотлар Фаластинни ўз сафига аъзо қила бошлади. Масалан, ФИФА Фаластинни 1998 йилдаёқ ўз сафига қабул қилганди. 2011 йилда ЮНЕСКО аъзолиги, 2012 йилда БМТда кузатувчи мақоми олиш Фаластин халқаро майдонда янада кенгроқ тан олинишига сабаб бўлади. Бунинг устига, ЮНЕСКОнинг Фаластинни деб АҚШ билан зиддиятга боргани ва ўз қарорида қатъий тургани ҳам Фаластиннинг фойдасига ишлади. Бу воқеалар яқин йилларда Фаластин БМТнинг доимий аъзоси бўлиш жараёнини ҳам тезлатиб юбориши мумкин.

Дональд Трамп маъмурияти Фаластин билан боғлиқ воқеаларни жиддийлик билан кузатиб келяпти. Балки шунинг учундир, Трамп келажакда Фаластин БМТга осонгина аъзо бўлиб кетиши мумкинлигини инобатга олиб, вазиятдан фойдаланиб қолиш учун «аср келишуви» режасини илгари сурди.

«Аср келишуви»да Фаластинга нималар таклиф этилмоқда?

Трамп ва Нетаняҳу. Вашингтон, 2020 йил 28 январь
Joshua Lott / CNP / ZUMA Wire / Scanpix / LETA

Режага кўра, Исроил, Фаластинни озод қилиш ташкилоти ва ҲАМАС ҳаракати «Янги Фаластин» деб номланадиган Фаластин давлати ташкил этилиши ҳақидаги келишувни имзолайди. Бу давлат ҳудуди бугун Исроил томонидан эгаллаб олиниб, яҳудийлар учун турар жой қурилган ерлардан ташқари, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо секторини ўз ичига олади.

Шунингдек, режага кўра, Ал-Қудс бўлинмайди ва «Янги Фаластин» ҳамда Исроилнинг умумий пойтахти мақомини олади. Шаҳарнинг араб аҳолиси Фаластин давлати фуқаролари бўлади. Уларга яҳудийларнинг уйларини, яҳудийларга эса араб уйларини сотиб олиш тақиқланади.

«Янги Фаластин» Мисрдан Ғазо сектори яқинидаги ерларни ижарага олади. Бу ҳудудда аэропорт, фабрикалар, қишлоқ хўжалиги ишлари ва савдо учун ҳудудлар яратилади. Ижарага олинадиган ҳудудларнинг ўлчами ва нархини келишувни қўллаб-қувватловчи томонлар: АҚШ, Европа Иттифоқи ва Форс кўрфази давлатлари белгилайди. Бу давлатлар «Янги Фаластин»га миллий лойиҳалар учун 5 йил давомида 30 млрд доллар беради.

Лойиҳага кўра, Фаластин давлатида армия бўлмайди, фақат полиция ходимларида енгил қуроллар бўлади. Келишув имзоланганидан сўнг, ҲАМАС ўз қуролларини топширади. Бир йил ичида Фаластинда сайловлар ўтказилади.

Бундан ташқари, Иордан дарёси водийси Исроилга тегишли бўлади. ҲАМАС ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти таклифлардан воз кечгудек бўлса, АҚШ фаластинликларга молиявий ёрдамни блоклаб қўяди. Агар Фаластинни озод қилиш ташкилоти келишувга рози бўлса-ю, ҲАМАС рози бўлмаса, ҳаракат етакчилари жавобгарликка тортилади. АҚШ, шунингдек, Исроил ва ҲАМАС ўртасида ихтилофлар авж олса, Исроилни қўллаб-қувватлашга ваъда берган. 

«Аср келишуви»га қаршилар

Дональд Трамп ва унинг маъмурияти томонидан Фаластинга таклиф этилаётган «аср келишуви»нинг тафсилотлари оммага ошкор бўлганидан сўнг, дунёдаги кўплаб давлатлар ва уларнинг раҳбарлари бу келишувда таклиф этилган режаларга қарши чиқди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, шунингдек яна кўплаб давлатлар раҳбарлари ва Европа Иттифоқи вакиллари унда илгари сурилаётган режаларни танқид қилиб чиқишди.

Уларнинг барчаси «аср келишуви»да Исроил манфатлари биринчи ўринга қўйилиб, Фаластин манфатлари мутлақо инобатга олинмаганини билдиришган.

Жумладан, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел шундай деб баёнот берди: «Биз АҚШнинг Иордан водийси ва ғарбий соҳилдаги бошқа ҳудудларнинг аннекцияси эҳтимоли тўғрисидаги баёнотларидан хавотирдамиз. Халқаро меъёрлар ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига мувофиқ, ЕИ Исроилнинг 1967 йилдан кейин босиб олинган ҳудудлар устидан суверенитетини тан олмайди».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид