Фан-техника | 17:30 / 25.12.2017
51410
8 дақиқада ўқилади

2017 йилнинг энг ажойиб кашфиётлари

Яқиндагина буларнинг бари фантастика ёзувчиларнинг уйдирмасидек туюларди.

2017 йил кашфиётлар йили бўлди: NASA кўп мартали ракеталарни қўллашни бошлади, инсон қон таначалари ёрдамида саратонни даволаш усули ихтиро қилинди, олимлар Ернинг йўқолган саккизинчи қитъасини  аниқлашди. BusinessInsider йилнинг энг ажойиб ва истиқболли кашфиётларига доир маълумотлар билан бўлишди. 

32 олимдан иборат халқаро гуруҳ Тинч океанининг жанубий қисмида янги қитъани аниқлади

Фото:  IODP/JSRO/Tim Fulton

Зеландия сув ости қитъаси Янги Зеландия ва Янги Каледония ўртасида жойлашган. 

У ҳар доим ҳам сув остида бўлмаган — тадқиқотчилар қачонлардир у ерда мавжуд бўлган ўсимлик ва ҳайвонлар қолдиқларини аниқлашган. Баъзилар уни умумқабул қилинган етти қитъа билан тенг алоҳида қитъа деб ҳисоблаш мумкин, деб ҳисоблашади. 

Олимлар ҳаётнинг сунъий шаклини яратишга яқинлашишди

Фото: Shutterstock

Тирик мавжудотларнинг ДНКси икки аминокислотали жуфтлардан ташкил топган: А-Т (аде­нин-ти­мин) ва G-C (гу­а­нин-ци­то­зин). Бу тўрт аминокислота дунёдаги бутун генетик маълумот асосини ташкил қилади.

Олимлар икки янги компонент, аминокислоталарнинг нотабиий жуфти X-Y'ни синтезлашди. Улар ноябрь ойида қандай қилиб сунъий компонентлар ДНК бактерияларига табиийлари билан бирга жойлаштирилишини намойиш қилишди. 

Калифорниядаги Скриппс  тадқиқот институти олимлар гуруҳини бошқарувчи Флойд Ромесбург янги кашфиёт касалликларни даволаш усулларини яхшилаш имконини беришини таъкидламоқда. Ҳозирда унинг жамоаси мазкур кашфиёт саратон ва аутоиммун касалликларини даволашда қандай фойда келтириши мумкинлигини аниқламоқда. 

Олимлар космосда олтин ва платина ҳосил бўлишининг гувоҳи бўлишди

Фото: Fermilab

Икки нейтрон юлдузларнинг Ердан 130 миллион ёруғлик йили масофасида тўқнашуви натижасида космосга 100 октиллион (29 та ноллик бирлик) долларлик олтин сочилган. Шунингдек платина ва кумуш ҳам мисли кўрилмаган ҳажмда синтезлашган. 

Бу астрономлар икки нейтрон юлдуз тўқнашувини "жонли" кузатган биринчи ҳолат бўлди. Улар Ердаги махсус детекторлар томонидан қайд қилинди. Олимларнинг сўзларига кўра, бундай ҳодисалар камдан-кам ҳолатларда рўй беради - тахминан 100 минг йилда бир марта. 

Олимлар Хеопс пирамидаси ичида махфий хона борлигини аниқлашди

Фото: Shutterstock

Мюон сканерлашнинг инқилобий усули ёрдамида тадқиқотчилар Хеопс пирамидаси ичида 30 метрли бўшлиқ борлигини аниқлашди. Мюонлар энг янги, бирлашувчи нейтрон юлдузлар, қора туйнуклар ва бошқа космик объектларнинг юқори энергия нурлари Ерга етиб, ҳаво молекулалари билан ўзаро таъсирга киришади. 

Олимлар миллионлаб тонна тошлар орасидан пирамида тубини кузатиш учун махсус детекторлардан фойдаланишди. Улар пирамидада ичкари хона борлигига 99,99 фоиз ишонч билдиришмоқда, бироқ унинг қандай хона экани ва нима учун хизмат қилгани борасида аниқ тасаввурга эга эмаслар. 

Беморлар ўз қон ҳужайралари ёрдамида саратон билан курашишни ўрганишди

Фото: Dmitry Smirnov/Strelka/Flickr

Август ойида АҚШ Санитария назорат бошқармаси Novartis томонидан ишлаб чиқарилган Kymriah препаратини тасдиқлади. У организмнинг иммун тизимини болалардаги ўткир лимфобласт лейкозга қарши курашишда қўллайди. Бироқ даволаш жуда қимматга тушади — бир бемор учун 475 минг доллар.

Октябрда яна бир CAR-T препарат Yescarta катталардаги тажовузкор лимфомани даволаш учун тасдиқлади.

Олимлар сайёрамизнинг муз қоплами ҳолатининг аянчли аҳволда эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилишди

Фото: John Sonntag/IceBridge/NASA

Июлда Антарктикада 1 триллион тоннадан ортиқ оғирлик ва 100 километрдан зиёд ўлчамларга эга муз бўлаги Larsen C музлигидан ажралиб, шимол томон силжий бошлади. Бу кузатувлар тарихидаги катталиги бўйича учинчи айсберг. 

Олимлар шунингдек шимолдаги муз тундрасининг ҳолатидан ташвишдалар: декабрда АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси (NOAA) "Арктика энди бир неча ўн йиллар аввалгидек музламаётгани"ни маълум қилди. 

NASA яшаш учун яроқли етти салоҳиятли сайёрани аниқлади

Фото: Kornmesser

Кашф қилинган сайёралар TRAPPIST-1 юлдузи атрофида айланади. Улардан олтитаси худди ердагидек тошли юзага эга. Олимларнинг сўзларига кўра, экзосайёралар тадқиқ қилиш мумкин бўлган зоналарда жойлашган. Уларда ҳаддан ташқари совуқ ҳам, иссиқ ҳам эмас - ҳарорат инсонлар яшаши учун тўғри келади. Бундан ташқари, улар Ерга яқин жойлашган - атиги 40 ёруғлик йили. NASA мутхассислари ўз топилмаларидан хурсанд бўлиб кетишди, зеро экзосайёралар анча яқин бўлиб, келгусида уларни ўрганиш катта қийинчилик туғдирмайди.

13 йил давомида Сатурн ва унинг йўлдошларини тадқиқ қилган космик аппарат ўз миссиясини якунлаб, сайёра атмосферасида ёниб кетди

Фото: NASA

15 сентябрда газ гиганти атмосферасига ҳалокатли шўнғишни амалга оширишдан аввал космик зонд Сатурннинг янги ракурслардан ноёб суратларини етказиб берди. 

Космосдаги 13 йиллик муваффақиятли фаолиятидан кейин Кассинининг сўнгги миссияси Сатурн ойларидан бири - Титанни суратга олишдан бошланди. Шундан сўнг Кассини тарихда биринчи марта сайёра атмосфераси ва унинг халқалари орасидан учиб ўтди.

Интенсив терапия бўлимидаги чақалоқлар сканерловчи машинага эга бўлди

Фото: Flickr

Embrace неонатал МРТ-тизими юқори даражали хавфсизлиги туфайли биринчи марта  палаталарга жойланиш ҳуқуқига эга бўлди. 

Сканерлашдан аввал чақалоққа махсус кийим, бошига эса шовқинга қарши "дубулға" кийдирилади. Шундан сўнг булар аппарат ичига жойланади ва шифокорлар уларнинг ҳолати ҳақида маълумот тўплашга муваффақ бўлишади.

Янги сканер ташқи кўринишидан ҳаракатлантириш мумкин бўлган МРТ-тизимларни ёдга солади. У тўлиқ изоляция қилинган, шундай экан, кучли магнитлар ва нурланишларнинг кичик беморларга таъсиридан хавотирланмаса ҳам бўлади.

SpaceX кўп марталик ракета тезлаткичини муваффақиятли синовдан ўтказди

Фото: SpaceX/Flickr

Одатда тезлаткичлар кўп босқичли ракетанинг энг қиммат қисми ҳисобланади. Улар бир марталик фойдаланишдан кейин анъанага кўра, океанда бўлади (ёки Ерга қулайди).

Бироқ SpaceX бош директори Илон Маск кўп марталик Falcon 9 ва Falcon Heavy тизимларини ишлаб чиқишни мақсад қилди. Улар ҳар бир парвозда 18 миллион долларгача маблағни тежаш имконини беради. 

Муваффақиятли синов биринчи марта шу йилнинг 30 мартида амалга оширилди. Falcon 9 ракетаси сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқди, кейин эса унинг тезлаткичи атмосферага қайтди ва Атлантик океани платформасига қўнди. 

2017 йилда SpaceX камида 20 марта муваффақиятли парвоз ва қўнишни амалга оширди. 

Хитойлик олимлар дунёдаги илк квант телепортацияни ўтказишди

Фото: Хитой Фанлар академияси

Star Trek мухлислари хурсанд: олимлар биринчи транспортаторни (муайян маънода) ўйлаб топишди. 

Хитойлик олимлар жорий йилда биринчи марта кўзгулар ва лазерлар ёрдамида фотонларнинг баъзи хусусиятларини ердан ташқи космосга телепортация қилишнинг уддасидан чиқишди. Мазкур тажриба квант физикаси учун улкан муваффақият бўлди — олимларнинг айтишича, янги технология бутун дунё бўйлаб энергия ва маълумот кўчириш усулларини тўлиқ ўзгартириши мумкин. 

У туфайли ЭҲМ соҳасида улкан истиқболлар очилмоқда — у мутлақо янги турдаги, ақлни шошириб қўювчи квант компьютерларининг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Ўта тезкор квант интернет янада тезкор, хавфсиз ва ташқи таҳдидлардан буткул ҳимояланган бўларди. 

Мавзуга оид