Boxing Day — 170 йиллик футбол «тегирмони»!
Бугун Англия Премьер-Лигасида «Boxing Day». Нафақат Премьер-Лига, балки Англиянинг барча профессионал лигаларидаги жамоалар навбатдаги тур ўйинларини ўтказишади. Бу кунда футбол ўйнаш Англияда одат тусига кирган, ҳар йилнинг сўнгги ҳафтасига АПЛ бир эмас, бир нечта тур ўйинларини сиғдириб, мухлисларга ўзига хос байрам совға қилади.
BOXING ЭМАС, BOX
Boxing Day тушунчаси футбол оламида баъзан бироз нотўғри тушунилади. Йилнинг сўнгги ўн кунлигида Англияда бир нечта тур ўтказилишини эътиборга олиб, кўпчиликда, бу термин ҳақида бироз нотўғри фикр шаклланган.
Аслида бу терминнинг илдизи Boxing, яъни «бокс» эмас, «The Box» яъни «қути» маъносини англатади. Тарихда Christmas (25 декабрь) байраминг эртасида зодагонлар ўз хизматкорларига дам олиш имконини берганлар ва уларга қутида совға беришган. Бу кунни алоҳида байрамга айланиши айнан ўша одатга асосланади, кейинчалик, бу кунда инглизлар бир-бирларига қутиларда совға улашишга одатланишди.
Бир нечта спорт турларида, хусусан футболда ҳам 26 декабрда футбол ўйинларини ўтказиш урфга кирди ва ҳар йили бу санада ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъи назар тур ўйинлари ўтказиладиган бўлди. Шунинг учун ҳам, кўпинча чемпионатнинг 18-19 турларига тўғри келадиган бу кунга алоҳида эътибор бериладиган бўлди ва алоҳида ҳисоб китоблар юритилиши мухлислар учун қизиқдир.
Албатта, биратўла ўша сўнгги ўн кунликни эътиборга олиб, «Боксинг Дэй»ни умумий қилиб, 3-4 тур деб тушунилиши у қадар зарар эмас. Филологияда ҳам бутунни қисм билан ифодалаш қоидалари бор, масалан. Таҳлилчилар, журналистлар орқама-орқа ўтказиладиган мана шу турларни умумий маънода мана шу атама билан номлашлари тушуниш учун ҳам, бу кунларнинг ўзига хослиги нуқтаи назаридан ҳам у қадар нотўғри туюлмайди.
ФУТБОЛ БИЛАН ТЕНГДОШ BOXING DAY
Яна бир қизиқ тарафи футболдаги Boxing Day тушунчаси, қайсидир маънода футбол ўйини билан ҳам тенгдошдир. 1860 йилнинг айнан 26 декабрида футбол тарихида илк футбол учрашуви сифатида қайд этиш мумкин бўлган ўйин бўлиб ўтганди.
1855 йилда «Шеффилд» Крикет жамоаси аъзолари футбол тўгарагини ташкил қилишади, бироз ўтиб эса, футбол тарихидаги илк футбол клуби – ФК «Шеффилд» ташкил топади. Аввалига жамоа аъзолари фақат ўзаро ўйнаб юришди. Доим қандайдир асосда футболчилар иккига бўлинар, гоҳ бўйдоқларга уйланганлар, гоҳ малла сочлиларга қора сочлилар куч синашишарди.
1860 йилнинг сентябрида Шеффилд яқинида яна бир футбол клуби «Ҳаллам» ташкил этилди. Жамоалар Christmas нинг эртасига ўзаро ўйин ўтказишни келишдилар. Шу тариқа футбол тарихидаги энг кўҳна дерби – Rules дербиси ташкил топди. Учрашувда тажрибалироқ «Шеффилд» футболчилари 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Ўша ўйин бўлиб ўтган «Сандигейт Граунд» стадиони ҳали ҳам мавжуд. Жамоалар эса, Англиянинг саккизинчи ва ўнинчи дивизионларда иштирокини давом эттириб келмоқда. Бундан уч йил олдин кубок ўйинида бу жамоалар ўзаро тўқнаш келишди ва келажакда яна бундай ўйинлар бўлишидан умидворлар. Англияда футболнинг туби нақадар чуқур эканини ҳис қилиб борасан киши...
УНУТИЛМАС ЎЙИНЛАР
Авваллари, мана шу байрам кунлари мухлисларнинг у шаҳардан бунисига сафар қилиб юрмасликларини эътиборга олиб, ташкилотчилар бу кунга дерби ўйинларни белгилашга ҳаракат қилишарди.
Айниқса, 1979 йилда Англиянинг учинчи дивизионида бўлиб ўтган «Шеффилд Уэнсдей» ва «Шеффилд Юнайтед» ўртасидаги ўйин тарихга кирган. Бу ўйинга 49 минг мухлис ташриф буюрганди – учинчи дивизион учун ҳалигача рекорд кўрсаткич бўлиб келмоқда.
1963 йилда бўлиб ўтган Boxing Day эса, бошқа тарафдан ёдда қолган. Ўша куни ўтказилган 10 учрашувда ҳаммаси бўлиб 66 гол урилганди. Ўша куни футбол ишқибозлари 3 покер, 3 хет трик, 8 дубль ва 4 қизил карточканинг гувоҳи бўлдилар. «Фулҳэм» «Ипсвич»ни 10:1 ҳисобида мағлубиятга учратди, «Вест Ҳэм» – «Блекбёрн» ўйини эса, 8:2 ҳисобида меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди. «Бёрнли» «Манчестер Юнайтед» устидан 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди – қизиғи, бу жамоалар бугун «Олд Траффорд»да куч синашади.
РОСТАН ҲАМ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ БОСҚИЧМИ?
Мавсум бошида қайси жамоа ҳар қанча устунлигини намойиш қилмасин, аутсайдерлар ҳар қандай оғир аҳволга тушиб қолишмасин, журналистлар ва таҳлилчилар «ҳаммаси Боксинг дэй»ларда ҳал бўлади, дейишни яхши кўрадилар.
Умуман олганда, бу ўйинларнинг бошқа турлардан алоҳида фарқланиб турадиган жиҳати йўқ. Масалан сўнгги икки йилда шу даврга келиб турнир жадвалини бошқариб турган жамоалар ўн кунликда юз фоизлик натижа қайд этганини таъкидлаш жоиз. Топ клублар бошқа турларда ҳам очко йўқотишади, фақат айнан шу кунлардаги йўқотишларга алоҳида тус берилади холос.
Аксинча, агар топ-клублар бу турларга стратегик ёндоша олишса, бошқа клубларга нисбатан устунроқ ҳолатда бўлишлари мумкинлигини айтиш керакдир, балки. Чунки юқорида айтилганидек, 10 кунда 4 тур ўтказилади. Таркибнинг бойлиги ва захира ўйинчиларининг савияси жиҳатидан яхшироқ имкониятга эга бўлган топ-клублар бу ўйинларда ротацияни кўпайтиришлари ва шу орқали таркибдаги чарчоқни 11 эмас, 20 ўйинчига бўлиб юборишлари мумкнн. Ўртамиёна ва аутсайдерлар эса, бундай қила олишмайди. Уларда 2-3 футболчининг захирада қолдирилиши ё майдонда туша олмаслиги ўйин сифатига кескин таъсир қилишини кўрамиз.
Бошқа тарафдан, айнан шу жиҳат уларга қўл ҳам келади. Чунки, бу факторни ҳамма билади ва кўпчилик улардан мана шу турларни йўқотишсиз ўтказишни кутмайди ҳам. Босим нуқтаи назаридан катта клублар эҳтиёткор ёндашишлари кераклиги ҳам ҳақ гап.
БИЗНИ КУТАЁТГАН ЎЙИНЛАР
Демак, бугун АПЛ да 20-тур ўйинлари бўлса, келаси душанбада 22-тур бошланаётган бўлади. Яъни олти кунда жамоалар уч мартадан майдонга тушишга мажбурлар.
Boxing Day соат 17:30 да «Тоттенҳэм» – «Саутҳемптон» тўқнашуви билан бошланади. Кейин эса, 20:00 да бирданига 6 жуфтлик ўзаро куч синашадилар. Хусусан «Челси» «Брайтон»ни, «Манчестер Юнайтед» «Бёрнли»ни қабул қилади. Кун «Ливерпуль» – «Суонси» ўйини билан ниҳоясига етади.
Эртага, 27 декабрдан 28 декабрга ўтар кечаси турнир пешқадами «Манчестер Сити» Ньюкаслга сафар қилади. Бир кун ўтиб, шу вақтда ушбу турдан ўрин олган Лондон дербисида «Кристал Пэлас» ва «Арсенал» майдонга тушадилар.
21-22 турлардаги эътиборга молик учрашувлар эса, қуйидагича:
21-ТУР
30 декабрь, шанба: «Челси» – «Сток Сити» (20:00), «Ливерпуль» – «Лестер» (20:00), «Манчестер Юнайтед» – «Саутҳемптон» (22:30)
31 декабрь, якшанба: «Кристал Пэлас» – «Манчестер Сити» (17:00), «Вест Бромвич» – «Арсенал» (21:30)
22-ТУР
1 январь, душанба: «Бёрнли» – «Ливерпуль» (20:00), «Эвертон» – «Манчестер Юнайтед» (22:30),
2 январь, сешанба: «Суонси» – «Тоттенҳэм (00:45), «Манчестер Сити» – «Уотфорд» (01:00)
3 январь, чоршанба: «Арсенал» – «Челси» (00:45)
Қаҳрамон Асланов тайёрлади
Мавзуга оид
00:35 / 19.12.2024
Англиядаги 6 миллиондан зиёд объект сув остида қолиши мумкин — тадқиқот
16:29 / 28.11.2024
Узоқ кутилган ҳуқуқми ёки қалтис йўл? Британиядагилар эвтаназия масаласида баҳслашмоқда
20:02 / 18.11.2024
Англияга пул эвазига ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
12:00 / 09.10.2024