Ўзбекистон | 14:36 / 16.01.2018
58341
2 дақиқада ўқилади

Арзон уй-жойга муҳтож оилаларни аниқлаш учун тартиб ўзгартирилмоқда

Фото: Fotolia

Янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жой олиш учун талабгорларга ёзма тавсияномани энди туман ҳокимлиги ҳузурида тузилиши режалаштирилган комиссия тақдим этиши белгиланмоқда. Бу ҳақда «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси мутасадди вакили Kun.uz мухбирига маълум қилди.

«​Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, уй қурувчининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиялари асосида 2017 — 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинган.

Унга кўра, дастурда иштирок этиш учун ариза берувчига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла) томонидан бериладиган ёзма тавсия бирламчи ҳужжат ҳисобланган. Бошқача қилиб айтганда, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оила, деб топилган талабгорга ана шундай ёзма тавсия бериш назарда тутилганди.

Афсуски, айрим ҳолатларда ушбу ваколатни суиистеъмол қилиб, мансабдор шахслар ҳақиқий уйга муҳтож бўлган оилаларга эмас, ўзига тўқ, уй-жойи етарли бўлган кишиларга ҳам тавсиянома бермоқда. Буни 2018 йилда ўзгартириб, тегишли тавсиянома ва хулосани туман ҳокимлиги ҳузурида тузилиши режалаштирилган комиссия томонидан тақдим этилиши белгиланмоқда»​, дейди у.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низомга кўра, «бошқа оила ёхуд бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи оила; кўп болали оилалар; тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган оналар (оталар); таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила; кам таъминланган оилалар, шунингдек уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оилалар - уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оила» ҳисобланади.

Мавзуга оид