Ўзбекистон | 14:17 / 20.01.2018
39656
1 дақиқада ўқилади

Наманган вилоятида вафот этганларни хотирлаб, сукут сақлашди

18 январь куни Қозоғистон Республикаси Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида юз берган мудҳиш воқеада вафот этганларнинг кўпчилиги Наманган вилоятида яшовчи аҳоли вакиллари бўлган. Ҳалок бўлганларнинг хотирасини ёд этиш мақсадида 20 январь куни Наманган вилоятидаги барча муассаса, ташкилот ва корхоналар иш бошланишидан аввал бир дақиқалик сукут сақлади.

Маълум қилинишича, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров тегишли хат билан вилоятдаги барча таълим муассасалари, идора, ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳамда туман, шаҳар ҳокимларига мурожаат қилган.

Бундан аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров ва вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов Қозоғистонда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг оила аъзоларига Президентнинг ҳамдардлиги ва таъзиясини билдиргани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид