Спорт | 08:30 / 21.01.2018
76932
2 дақиқада ўқилади

Фото: Рақибига даҳшатли жароҳат етказган Рондон йиғлаб юборди

«Эвертон» ярим ҳимоячиси Жеймс Маккарти Англия Премьер-лигасининг 24-турида «Вест Бромвич Альбион»га қарши ўйинда (1:1) оғир жароҳат олди. Иккинчи бўлим ўрталарида ирландиялик футболчи «қораялоқлар» жамоаси ҳужумчиси Хосе Саломон Рондондан тўпни олиб қўйишга ҳаракат қилганида венесуэлалик футболчи Маккартининг оёғига ўзи истамаган ҳолда қаттиқ зарба бериб юборди.

«Эвертон» футболчисини газондан замбилда кўтариб чиқишди, Рондон эса рақибига етказган жароҳати туфайли шок ҳолатга тушди ва майдонда йиғлаб юборди. Уни жамоадошлари ва мураббийлари овутишга мажбур бўлишди.

Ўйиндан кейин «ирислар» бош мураббийи Сэм Эллардайс Маккарти мавсум охирига қадар сафдан чиққанини маълум қилди.

Рондон ўйиндан кейин ўз твиттерида Маккартига мурожаат қилиб, унга соғлиқ тилади.

«Қаттиқ хафаман. Ҳамкасбинг бундай оғир жароҳат олганида рақиблик унутилади. Жуда ҳам умид қиламанки, сен тезда соғайиб кетасан», — дея ёзган Рондон.

 

Мавзуга оид