Жамият | 19:30 / 21.01.2018
170527
7 дақиқада ўқилади

Рўмол ўраган аёл ҳуқуқбузарми?

Бир жумла борки, у барча муҳокамага нуқта қўяди, забон ҳам ҳақли сўзларни айтишдан тўхтайди. Бу жумланинг қудрати жамиятимизда шу қадар улуғки, ўз мулкинг ё жонинг ҳимояси учун икки оғиз ҳақиқатдан иқтибос келтириш ҳам «жиноят»га айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Бу жумла - «сен президент сиёсатига қаршимисан?!» оҳанги билан жаранглайди.

Ҳаётнинг не қисмати ва синовини бошдан кечирган ўзбек миллати Совет Иттифоқи парчалангач, барча соҳада эркинликни қўлга киритишга катта умид боғлади. Савдо-иқтисодий ривожланиш, кетма-кет қад ростлаган завод ва корхоналар халқнинг бир неча йиллик азалий орзусини рўёбга чиқаришидан далолат берарди. МУСТАҚИЛЛИК...

Аммо, ҳар соҳада бўлгани каби диний йўналишда ҳам соҳанинг айрим ўзига хос хусусиятлари билан ҳисоблашмай, маъмурий буйруқбозликка берилиб кетдик. Оқибатда, жамиятда бироз бўлса-да, исломофобия жараёнини тезлаштириб юборувчи ҳодисалар юз берди. Буларнинг барчаси ўтмишда қолди, «сеҳрли жумла» билан муҳокамага ўрин қолдирмаганларга қарата айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти бугун айтмоқда: «соф Ислом ақидаларини тарғиб этишимиз, фарзандларимизга Бухорий ҳадисларини ўргатишимиз лозим».

Ҳукуматдаги сиёсий ирода устунлик қилиб, ислоҳотлар шамоли диний соҳага ҳам кириб келди: республика бўйлаб Қуръон Карим китобини ўқиш мусобақаси, янги диний таълим муассасалари ва илмий марказлари иш фаолиятини бошлади, аҳолига диний таълим беришни назарда тутган ўқув курслари ташкил этилди. Ўзбекистондаги энг муҳташам масжидда катта танаффусдан сўнг, азон овоз кучайтиргичлар билан айтилмоқда. Бу барча мўмин-мусулмонлар орзу қилган давр яқин эканлигидан бир дарак.

Аммо, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»​ги қонуннинг 14-моддасида диний урф-одатлар ва маросимлар ҳақида сўз боради ва бу банд барча ўзгаришларни чипакка чиқаришга хизмат қилмоқда. Унда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.

Табиий савол пайдо бўлади: аслида ибодат либоси нима? Кишининг жамоат жойида қандай кийимда юргани қайси мезон асосида аниқланади? Кимдир бу саволга жавоб берганми ўзи?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоевнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, «буниси - ислом кийими, буниси эса ислом динига зид, деган тушунчалар йўқ».

«Муайян бир динларда айрим расм-русумларни бажариш учун кийиладиган кийимлар белгилаб қўйилган бўлади. Аҳолимизнинг 94 фоизидан ортиғи ислом динига эътиқод қилади. Ислом динида ибодат қилиш учун «​буниси - ислом кийими, буниси эса ислом динига зид»​, деган тушунчалар йўқ. Бошқа динларда эса ибодат маросимларини ўтказиш учун алоҳида либослар кийилади. Ислом динида эса ибодат учун диний кийим, деган мулоҳазалар ноўрин. Дин ишлари қўмитаси, мутасадди ташкилотлар, маслаҳатчи-экспертлар ҳам рўмолни ҳеч қачон диний либос сифатида эътироф этмаган. Агар рўмолни диний либос сифатида қаралаётган вазиятга дуч келсангиз, бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Биз бу масалани кўриб чиқишга тайёрмиз», дея қайд этди Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари.

Бир тарафдан барчаси рисоладагидек, Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари қатъият билан «узун кўйлак ва рўмолнинг ибодат либоси» эмаслигини таъкидламоқда. Аммо Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган, Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, Оқ олтин шаҳарчасида истиқомат қилувчи Н.Ш. жамоат жойида рўмол ўраб юргани учун ҳуқуқбузар сифатида маъмурий жавобгарликка тортилганини сўзлаб берди.

«Ҳадичаи Кубро билим юртида ўқиш ниятим бор эди, шу туфайли керакли ҳужжатларни йиғишни бошладим. Таассуфки, Ички ишлар ходимидан «​ҳеч қандай оқимга аъзо эмаслиги»​ ҳақидаги маълумотномани олиш учун борганимда, «​жамоат жойида диний либосда кўриниш берди»,​ дея маъмурий жавобгарликка тортишди. Аввалига судья оилавий шароитим ва менга берилган характеристикага асосланиб, жазодан озод этди. Аммо прокурорнинг протест ҳаракати билан суд ишни қайта кўриб чиқди. Натижада, 2017 йил 29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 184(1)-моддаси бўйича айбдор, деб топилдим», деб сўзларини якунлайди у.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган бошқа бир муслима аёлнинг (ўз илтимосига кўра, исми ошкор этилмайди) сўзларига кўра, Ички ишлар ходими аёл ишлайдиган жойга тинимсиз ташриф буюриб, унинг иш жойида рўмол ўраб ўтирганини аниқлаган ҳолда, суҳбатдошимизни жавобгарликка тортишини айтиб таҳдидлар қилган.

«Бу ҳол кўп марта такрорланди, етти марта (!) жазога тортилдим. Ахир ёлғиз онаман, топган маошим ҳам боламнинг ризқи. Ҳар сафар қанчадир миқдорга жарима ёзиб беришади, ишдан ҳам бўшатишмоқчи бўлди. Шу ҳаракатлардан сўнг, мажбурлик ёқасида рўмолни ортдан ўрашга (бўйин қисмини тўсмаган ҳолда - таҳрир.) қарор қилдим», дея пушаймонлик билан ўша вазиятни эслади у.

Бежиз мақола бошида «сеҳрли жумла» ҳақида эслаб ўтмадик: давлат раҳбари соф Исломни тарғиб этинг, деган бир пайтда, жамиятда юз бераётган бундай англашмовчиликнинг келиб чиқиш омили қаерда? Ана энди дангал гапнинг пўсткалласини айта қолай, халқнинг уйғонган ишонч ва умиди пучга чиқадими? Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари «фақат арабларга хос кийиниб, юзни ниқоб қилишдан асраниш, миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб кийиниш»​ни тавсия этмоқда. Аммо, амалда нималар юз бермоқда?

Вазиятни чуқур таҳлил қиларканмиз, англашмовчиликка ҳуқуқни муҳофаза этувчи орган ходимларининг ҳаракати сабаб бўляпти, дейишдан йироқмиз. Балки, бунга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳаракатсизлиги сабаб бўлмоқда. Негаки, Ички ишлар ходими ва судья қонунга асосланиб иш кўрмоқда. Агар вазият шунга бориб тақалса, бундан 20 йил аввал қабул қилинган қонунга ўзгартириш киритиш вақти келмадими? Қонунда бўшлиқ ташлаб кетиш, диний либос аслида нима эканлигига изоҳ бермасликдан мақсад нима?

Ўйлаймизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакиллари бу масалага эътибор қаратиб, атрофлича ўрганиб чиқади. Ваҳоланки, қонун амалда жамиятга зиён етказмаслиги лозим.​

Мавзуга оид