Фан-техника | 22:30 / 22.01.2018
11107
3 дақиқада ўқилади

Tesla Semi электр юк машинаси илк бор оддий йўлда пайқалди 

Фото: Inverse

Ўтган йил ноябрда Илон Маск Tesla Semi электр юк машинасини тақдим қилди. Ўшанда машинани автомобиль йўлларида у оммавий ишлаб чиқарилиши бошланганда, яъни 2019 йилдагина кўриш мумкинлиги тахмин қилинганди. Бироқ интернетда Semi’нинг оддий йўлда кетаётгани видеоси пайдо бўлди.

Юк машина Калифорнияда, Tesla’нинг Пало-Альтодаги бош қароргоҳи яқинида кўрилган. 7 сонияли видеода қоп-қора юк машина чорраҳадан деярли шовқинсиз ўтиб кетганини кўриш мумкин. Уни YouTube фойдаланувчиси Брэндон Камагаро тасвирга олишга улгурган.

Видеода машина кабинасида икки киши борлигини кўриш мумкин. Ноябрдаги тақдимотда кўрсатилгандек, ҳайдовчи кабина ўртасида ўтирибди. Унинг ортида эса йўловчи жойлашган. Қизиқ жиҳати шуки, юк машианинг видеодаги версиясида тақдимотдагисида бўлмаган анъанавий орқани кўриш ойналари бор бўлган. Орқа ойналарнинг йўқлиги футурустик юк машинанинг ўзига жалб қилувчи жиҳатларидан бири ҳисобланади. Бунинг ҳисобига компания машина аэродинамикасини яхшилаган. Компания ойналар йўқлигини кўп миқдордаги камералар билан компенсациялашга ваъда берганди. Бироқ кўринишича, ҳозирча бу функция охиригача етказилмаган ва шу сабабли компания оддий ойналардан фойдаланишга қарор қилган.   

Юк машинаси чорраҳани қандай тезлик ва овоз билан кесиб ўтаётгани ҳам ўзига тортади. Видеога берилган изоҳларда “бу яқинлашиб келаётган келажак овози” деб ҳазил қилинган. Ҳақиқатан ҳам, Semi дизелда ҳаракатланувчи “рақобатчилари” каби овоз чиқармайди. Умуман олганда эса бу машина тақдимотдаги машинанинг ўзи, бироқ тиркамасиз. 

Бундай юк машинанинг нархи унинг юриш захирасига (бир қувватланишда босиб ўта оладиган масофаси) боғлиқ бўлади. Бир қувватланишда 480 км масофага юрадиган варианти 150 минг, 800 км га юра оладигани 180 минг доллар туради. Шунингдек, юк машинасининг Founders Series версияси бўлади, унинг нархи 200 минг доллар бўлади. 

Юк машина 96 км/соат тезликка 5 сонияда эриша олади, унга тўлиқ юкланган ҳолда (36 тонна) бундай тезликка эришиш учун 20 сония талаб этилади. Дизелда ҳаракатланувчи юк машиналарга нисбатан бу жуда тездир.  

Юк машинаси чекланган миқдордаги одамлар томондан синалган бўлса-да, уни танқид қилувчилар ҳам топилди. Мисол учун, юк машина собиқ ҳайдовчи Жонатан Рамзига хуш келмаган. Унинг айтишича, машинадаги янги функциялар оддий ҳайдовчига ёрдам бермай, аксинча уни чеклайди. Мисол учун, ёрқин дисплей кўзни қамаштиради, камералар юк машинасида ойналар йўқлигини компенсациялай олмайди. Шунингдек, катта юкларга мўлжалланган электр юк машинасини оммавий бозорга Tesla’дан олдинроқ чиқаришга ваъда бераётган бошқа компаниялар ҳам пайдо бўлмоқда.

Мавзуга оид