Спорт | 18:40 / 22.01.2018
20443
3 дақиқада ўқилади

ЎФФ энди испанча тизимда ишлайди

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов бугун Испания футбол федерациясида ташкилот техник директори Фернандо Йерро ва Мураббийлар тайёрлаш Қўмитаси директори Эдуардо Катурла билан учрашди. Учрашув давомида Ўзбекистон Футбол федерацияси ва Испания футбол федерацияси ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.

Фото: The UFF.com

Келишувга кўра эндиликда Ўзбекистоннинг 16 ёшгача бўлган терма жамоалари Испаниядаги очиқ чемпионатларда иштирок этади. Шунингдек, Суперлига клублари вакиллари Испаниянинг «Реал» Мадрид, «Барселона» каби кучли жамоаларига сафар уюштириб, бу клубларнинг иш олиб бориш тизими, инфратузилмаси, машғулотлар олиб бориш жараёнлари билан яқиндан танишади.

Испания ФФнинг фаолиятини яқиндан ўрганиш мақсадида шу йилнинг март ойида Ўзбекистон футбол федерацияси делегациясини Испанияга юбориш бўйича ҳам келишувга эришилди.  Шунингдек, Испания ФФдан ҳам делегация юртимизга ташриф буюради. Улар томонидан ажратилган Техник директор юртимизда бўлиб, ўзбек футболини ривожлантиришнинг янги тизимини йўлга қўйишга ёрдам беради.

«Эндиликда ЎФФ ҳам худди Испания футбол федерацияси струкурасидан намуна олиб, уни Ўзбекистон шароитига, менталитетига мослаштириб олган ҳолда ишлайди. ЎФФ айнан шу тизимга тушиб олиши учун испаниялик мутахассис ҳам жалб этилади ва у маълум муддат Ўзбекистонда фаолият олиб боради ва ЎФФ тизимини яратиб олишимизда бизга кўмаклашади. Ҳаттоки, ЎФФдаги штат бирликларини ҳам Испания ФФдаги билан бир хил асосда ташкил этиш режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон футболи энди худди Испаниядаги тизим бўйича ишлайди. Клублар ва терма жамоалар, мураббийларни тайёрлаш ва болалар футболини ривожлантириш бўйича айнан Испанияда қўллаб келинаётган тажрибадан фойдаланамиз. Бу борада ИФФ билан келишувга эришдик», деган Аҳмаджонов.

Бугун Умид Аҳмаджонов «Реал Мадрид» академияси президенти Хулио Ронко билан ҳам учрашиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид