Жамият | 21:26 / 26.01.2018
105436
2 дақиқада ўқилади

Тахтакўпирда “Қизил китоб”га киритилган жайронлар ваҳшийларча отиб ўлдирилди

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Биоинспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳудудий инспекцияси инспекторлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани “Китай-козган” коллектори ҳудудида тезкор рейд тадбирларини ўтказди. Унда фуқаролар Саламот Искандаров, Туриниёз Нурабуллаев, Сидулла Арзимбетов Мийрбекович, Қадирбой Изимуратов, Атамурат Бердияров, Саламот Искандаров бошқарувида бўлган “УАЗ-469” русумли автомашина тўхтатилиб кўздан кечирилганида, “Қизил китоб”га киритилган ёввойи турдаги 20 бош жайрон ов қуроли орқали отиб, олиб кетилаётганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда қўмита Матбуот хизмати хабар беради. ​​

"Мамлакатимиз фаунасини оққуйруқ, жайронсиз тасаввур қилиш мушкул. Ўзбекистонда ноёб жониворлар – сайғоқлар ва жайронлар сақланиб қолган дунёнинг атиги беш мамлакатидан бири ҳисобланади", дейилади хабарда.

Саҳро кенгликларида яшашга мослашган бу жонивор табиат инжиқликларидан эмас, балки одамзоднинг ҳакалак отган нафси туфайли қирилиб кетаётгани ачинарли ҳолдир. Шўрлик жонивор нафақат гўшти, энг аввало қимматбаҳо шохлари учун браконьерларнинг ўлжасига айланмоқда.

Жайрон шохлари Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари табобатида кенг қўлланилаётгани боис мўмай даромад воситасига айланиб улгурган. Жайрон халқаро “Қизил китоб”га киритилган бўлиб, уни юртимизда овлаш қатъиян тақиқланган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси экспертларининг хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ноёб ёввойи жайронларнинг нобуд қилиниши оқибатида Ҳайвонот дунёсига жами 258 360 000 (икки юз эллик саккиз миллион уч юз олтмиш минг) сўм миқдорида зарар етказилган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид