Спорт | 21:40 / 28.01.2018
7550
2 дақиқада ўқилади

УЕФА болалар футболида бош билан ўйнашни тақиқлаши мумкин

Фото: MedikForum

УЕФА агар тадқиқотлар футболда бош билан ўйнаш миянинг нормал фаолиятига путур етказишини кўрсатса, болалар футболида бош билан ўйнашни тақиқлаши мумкин. Бу ҳақда Telegraph нашри хабар бермоқда.

“Албатта, бунга жуда жиддий ёндашиш керак. Агар тадқиқотлар бош билан ўйнаш, айниқса болаларда, шикастланишларга олиб келишини кўрсатса, унда биз бу масалада қаттиққўл бўлишимиз керак. Аралаш яккакураш ёки боксда нима содир бўлишини айтишдан одам кўрқувга тушади. Футболда ҳам шу муаммо мавжуд”, деб айтган УЕФА президенти Александер Чеферин. 

АҚШда 2016 йилдан 11 ёшгача болалар ўртасида бош билан ўйнаш тақиқланган, Нидерландияда эса бу тақиқ 2004 йилдан бери амал қилади.

Нидерландиялик тадқиқотчилар бош билан мунтазам зарба берганда мияда муддатдан аввал “қариш”га шароитлар пайдо бўлиши ҳақидаги хулосага келганлар. Буни мамлакат олий лигасидаги 88 футболчи соғлиғи ҳолати мониторинги кўрсатган. Футболчилар ортидан чемпионат давомида кузатув олиб борилган.

Мавсум давомида футболчи 800 дан 1200 гача микрожароҳатлар олади. Бу жароҳатлардан аксарияти безиёндир, бироқ баъзилари боксдагидек ўз изини қолдиради (маълумки, ҳар бешинчи боксчида 30 ёшигача мия фаолияти ёмонлашиши аломатлари аниқланади). Агар одам ақли заифликка мойилликка эга Apoe-4 генига эга бўлса, хатар 4 карра ошади.

 

Мавзуга оид