Спорт | 14:42 / 22.12.2023
34133
16 дақиқада ўқилади

«Қонуний кузир». Суперлига машмашаларининг навбатдаги босқичи ҳақида

Футбол олами яна икки ярим йил аввалги мавзу – Суперлига масаласига қайтди.

Бунга сабаб Европа суди қарори: унга кўра Суперлига масаласида клубларга босим ўтказган УЕФА ва ФИФА ҳаракатлари ноқонуний деб топилди. Бирданига бу хабар ортидан Флорентино Перес ва бошқа шахсларнинг баландпарвоз баёнотлари, гўёки УЕФА монополиясига чек қўйилгани ҳақидаги ишончли гаплар ва ҳатто Суперлига мусобақасининг форматидан тортиб тахминий саналаригача эълони қилиниши кўпчиликни эсанкиратиб қўйгани табиий. Нима бўляпти?

Бироз ўтиб ҳаммаси анча мураккаб экани ойдинлашди, бирин-кетин клублар аввалги позициясини эслатиб, бу лойиҳадан ташқарида экани ҳақида расмий баёнот бера бошлади. Ахборот оқими шу қадар кўпки, воқеанинг асл жиддияти ва қамрови ҳақида нотўғри таассуротлар жуда кўп. Келинг, ойдинлаштирамиз, аслида нима бўлди ва келажакда нима кутилмоқда?

Ибтидо

Бу лойиҳа айнан қандай ғоялар асосида пайдо бўлгани ва унинг асосий мазмуни кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Анчадан бери УЕФА ва йирик клублар, нафақат клублар, балки миллий жамоалар ўртасида зиддиятлар мавжуд. Бу турли фикрлилик замирида приоритетлар ва табиийки, молиявий тақсимотлар ётади.

Содда қилиб айтганда, УЕФА эгидаси остида ўтадиган мусобақалар, айниқса, Чемпионлар Лигаси каби йирик турнирлар асосан йирик клубларнинг шарофати билан бу қадар жозибадор экан, асосий сўз ҳаққи ҳам, каттароқ молиявий улушлар ҳам айнан топ-клублар фойдасига ҳал этилиши кераклиги талаб қилинади. УЕФА эса аксинча, айнан Чемпионлар Лигаси каби қизиқарли ва томошабоп турнир сабабли клублар ўз брендларини илгари суриш, кўпроқ фойда олишга муваффақ бўляптими, демак, якуний сўз айнан ташкилотда бўлиши кераклиги борасида қатъий туради.

Шунингдек, Европа ва ЖЧ саралашлари, ЕЧЛ гуруҳ босқичи топ-клублар учун ҳам спорт нуқтайи назаридан, ҳам матч-дэй даромадлари нуқтайи назаридан самарали эмас, деб ҳам ҳисоблаб келинади. «Бавария»нинг шартли «Астана» билан ёки Париж юлдузларининг андорралик яримпрофессионаллар билан ўйнашга мажбур бўлишидан ҳеч қандай наф йўқ, аксинча, бу миллионлаб пул сарфланган активлар бўлмиш футболчиларнинг жароҳатланиш рискини ҳам оширади. Кичик жамоалар катта ўйинларга бўлган қизиқиш шароитида даромадини оширса, катта клублар нокерак ўйинлар туфайли йўқотишларга учраб боради.

Яна бир парадокс шундаки, айтайлик, «Фейенорд» ёки «Базел» каби клублар айнан «Реал» ёки «Манчестер Сити» билан турнирларда иштирок этиб, яхшигина даромад олишлари натижасида молиявий мустақиллиги ортиб боради ва айнан ўша «Реал» харидор бўлган ўз футболчисига бемалол баланд нарх қўя олади. Яъни қисман «Реал»нинг ўзи бойитган клуб «Реал»дан трансфер учун кўпроқ пул талаб қилишни бошлайди. Топ-клубларнинг давомли эътирозлари ва қандайдир ўзгаришни амалга ошириш истаги аксарият ҳолларда УЕФА томонидан тингланмади. Қисман Миллатлар Лигаси турнири ташкил этилиши қайсидир маънода федерацияларга қўшимча даромад манбайи сифатида кўзда тутилган бўлса-да, айтиш мумкинки, лойиҳа у қадар ишончни оқламади. Айниқса, пандемия шароити ҳатто энг бой клубларни ҳам маълум вақт спорт натижаларидан ҳам кўра молия ҳақида қайғуришга мажбур қилиб қўйди.

Хуллас, мана шундай шароитда 2021 йил баҳорида «бомба портлатилди».  «Реал» ва «Ювентус» раҳбарлари томонидан ишлаб чиқилган Суперлига ғояси катта ваъдалар ва жозибадор режалар билан кириб келди. Суперклублар учун ўз тақдирини белгилаш имконияти, катта молиявий даромадлар, кафолатланган топ-ўйинлар табиийки, жуда кўп клубларни қизиқтириб қўйди ва ҳатто 12 талик таркиб ҳам шаклланиб улгурганди.

Аммо УЕФА, ФИФА ва миллий федерацияларнинг кутилмаган даражада кескин қаршилиги, Суперлига лойиҳасининг ўзида ҳам пишитилмаган жиҳатлар жуда кўплиги вазиятни буриб юборди. Айнан ахборот урушида Суперлига ютқазиб қўйиши оқибатида мухлислар тўлиғича УЕФА томонида бўлди. Клублардаги фанбазалар ҳаракати, ФИФА ва УЕФА томонидан турлича таҳдидлар туфайли аста-секин клублар четга чиқа бошлади. «Реал», «Барселона» ва «Ювентус» қолди, холос. Кейинчалик Италия клуби ҳам чиқиб кетгач, испан грандлари УЕФАнинг бўлажак босими ва эҳтимолий санкция хавфи остида қолди.

Суд

21 декабр куни Европа Иттифоқи адлия суди Суперлига лойиҳаси фойдасига ҳукм чиқариб, ФИФА ва УЕФАнинг бу борада монополия ўрнатишини ноқонуний деб топди. Яъни клублар агар ўзаро бирор мусобақа ташкил қилмоқчи бўлса, УЕФА ва ФИФА ташкилотидан рухсат олиш мажбурияти қонунга зид бўлиб чиқди.

УЕФА Суперлигани тан олмаслиги, ҳатто иштирокчи клублар сафидаги футболчилар миллий жамоаларда, ФИФА ва УЕФА доирасидаги турнирларда ўйнашдан маҳрум этилиши ҳақидаги таҳдидлар янграганди. Бу ҳам Европа Иттифоқи меҳнат қонунларига зид, ташкилотнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиш деб топилди.

Аммо шуни таъкидлаш керакки, Суперлиганинг суддаги ғалабаси Суперлига фақат юқоридаги ҳолатлар бўйича ҳақ эканини кўрсатади холос, бундан ортиқ эмас.

Яъни бу энди Суперлига аниқ ташкил этилиши, УЕФА тарқаб кетиши ёки бошқа маъноларни билдирмайди. Шунчаки, Суперлига лойиҳаси қонуний деб топилди, Суперлигага ФИФА ва УЕФАнинг қарши ҳаракатлари нотўғри бўлиб чиқди. Суперлиганинг қонуний экани ушбу ғоянинг аниқ амалга ошишини билдирмайди, албатта. Бунинг устига, «поезд кетиб бўлган», бу худди тўй куни бирор жанжал чиқиб, никоҳ бузилиши, орадан икки йил ўтиб эса, аслида қудалар айбсиз экани судда тасдиқлангандек гап. Тўй қайтадан бўладими? Қийин масала.

Мухлисларнинг Суперлигага қарши норозилик акцияси, 2021 йил.
Фото: Global Look Press

Ҳукмдан кейин

Қийин масала эканини англаш учун соатлар кифоя қилди. Бир томонда Перес ва унинг тарафдорлари катта баёнотлар бериб, футболда янги даврни ваъда қилаётган ва ҳатто янги мусобақа форматлари тақдим этилаётган бир пайтда қатор суперклублар икки йил олдинги фикрдан қайтилмагани, Суперлигада қатнашмаслигини расман айтиб чиқишди. Ҳатто Британия ҳукумати АПЛ клубларининг кейинчалик фикри ўзгариб қолишини тўсиш мақсадида қонун ҳам ишлаб чиқа бошлади.

Бу ерда барибир, асосий девор – рисклар баҳоланиши билан боғлиқлигини таъкидлаш керак. Клублар бугунги ҳолатдан ҳар қанча норози бўлишмасин, мавҳумлик ундан ҳам қўрқитади. Ўтган сафарги реакция кутилганидан анча катта бўлганини ҳеч ким унутмаган. Нега ҳали кўп нарса келишилмаган, нима бўлиши номаълум бўлган турнир ортидан қувиш керак?

Зиддиятлар

Келинг, хом бўлса-да, ҳозирда тақдим этилаётган формат билан танишайлик. Энг ёмони, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, бугун намойиш этилаётган Суперлига у қадар жозибали эмасдек ва муҳими, жуда кўп томонлар билан зиддиятларга эга.

Айтилишича, Суперлига 64 клубдан иборат бўлиб, учта лигага бўлинади. «Юлдузли Лига»да 16 жамоа 8 тадан икки гуруҳ, «Олтин лига»дан 16 жамоа 8 тадан икки гуруҳ, «Мовий лига» эса, 32 жамоа 8 тадан 4 гуруҳга бўлинади. Ҳар бир гуруҳ ичкарисида уй/сафар тизимида 14 тадан ўйин бўлиб, чоракфиналдан бошлаб плей-офф ўтказилади. Лигалар орасида чиқиб тушишлар бўлади, «Мовий Лига»ни эса, ҳар йили 20 жамоа тарк этиб, миллий чемпионатлардан тўлдирилади.

Биринчи зиддият УЕФА билан. Табиийки, бу турнирни УЕФА доирасидаги Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси каби мусобақалар билан параллел ўтказишнинг иложи йўқ. Ўз-ўзидан Суперлига ЕЧЛнинг ўрнига келади.

Иккинчи зиддият футболчилар билан. ЕЧЛдан фарқли равишда нимчорак финалдан воз кечилгани билан, эътибор беринг, 64 клубнинг ҳар бири камида 14 тадан ўйин ўтказади. Финалгача борган жамоаларнинг ўйини 19 тани ташкил этади. Ҳозирги ЕЧЛ форматида финалгача 13 ўйин, келаси йилдан амал қиладиган форматда эса, финалгача 15 ўйин бўлади холос. Энди тасаввур қилинг, шундоқ ҳам миллий чемпионатлар, миллий жамоалар мусобақалари билан бирга футболчиларга шундоқ ҳам ортиқча жисмоний босим тушаётган бир даврда +6 учрашув қандай муаммоларни яратади? Бунинг устига, Суперлигадаги 14 учрашувнинг ҳеч бири ўткинчи эмас, камида ўз савиясидаги рақибларга қарши бўлса?

Учинчи зиддият лигалар билан. Гўёки Суперлига ички чемпионатларга халақит бермаган равишда, ҳамкорликда ташкил этилиши айтилаётган бўлса-да, аслида хавотирга ўрин бор. Масалан, бугунги АПЛни АПЛ қилиб турган жиҳат нима? Фақат чемпионлик пойгаси эмас, тўғрими? Англияда ўз олдига Чемпионлар Лигасига чиқишни мақсад қилган камида 7-8 клуб бор. Уларнинг 4 йўлланма учун курашиши лигани бугунги қизиқишда ушлаб тургани сир эмас. Хўш, агар Европанинг асосий турнирига ўтиш фақат «Олтин лига»даги ўйинлар орқали бўлса, миллий чемпионатдаги ўринлар деярли аҳамиятга эга бўлмай қолса, АПЛ бундан фақат ютқазади-ку? Лиганинг ичида назорат қилиниб турган молиявий мувозанатга ҳам, алоҳида учрашувларга бўлган спортча муносабатга ҳам путур етмайдими?

Тўртинчи зиддият мухлислар билан. Тан олиш керак, ҳар қанча ўраб-чирманилмасин, ҳозирча, бўлажак мусобақа жозибаси етарли эмас. Етарли эмаски, икки йил олдин бутун фанбазалар оёққа турганди. Ҳа, топ-клублар учун максимал даражада топ-учрашувлар ваъда қилиняпти, аммо яна бир жиҳатни тан олиш керакки, асалнинг ҳам меъёри ширин.

Тасаввур қилинг, «Юлдузлар Лигаси»нинг тахминий таркибини келтирамиз: «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Ювентус», «Интер», «Милан», «Бавария», «Боруссия», «ПСЖ», «Манчестер Сити», «Арсенал», «Ливерпул», «Челси», «МЮ», «Тоттенҳэм» ва «Бенфика».

Бу дегани 14 тур 8 тадан, 100 дан ортиқ мана шу жамоалар ўртасидаги ўзаро топ-ўйинлар ваъда қилиняпти. Ҳа, зўр, лекин агар ростан ҳам ҳар турда 8 тадан, юздан ортиқ ва ҳар йили бўлса, мана шундай қадрга эга бўладими? Менимча, йўқ. Бу жамоалар ўртасидаги ўйинларнинг биринчидан оз бўлгани, иккинчидан, ўртага қандайдир муҳим мақсад тикилгандагина ҳаммани экран қаршисига йиға олади. «Барселона» билан «Челси» «Юлдузли лига»да 6-7 ўринларни эгаллаб турганида эмас, чорак ёки финал остонасида орани очиқ қилгани қизиқроқ ва унутилмас тарихга айланади.

Бундан ташқари, ўйинлар бутун дунёга текинга намойиш қилиниши ҳақидаги ваъдаларнинг асоси ҳам қизиқ. Ҳа, турли реклама шартномалари орқали яхши пул топиш мумкиндир, лекин ҳозирда муҳим турнирларни сотиб олиб, чиройли пакетга ўраб фойда қилаётган телевидение гигантларининг ҳам манфаатлари билан ҳам ҳисоблашиш лозим бўлади.

Энди нима бўлади?

Мени кўпроқ ҳайрон қолдиргани Португалия ёки Нидерландия клубларнинг айримлари Суперлигани қўллаб-қувватлаши бўлди. Ҳа, катта пул ваъда қилинганда, ўзига яраша ҳисоб-китоблар қилингандир, аммо қаранг, катта эҳтимол билан, назарда тутилган клублар «Юлдузлар Лигаси»да эмас, қуйироқ лигалардан ўрин олишади. Ҳозир ўз мамлакатидаги чемпионатда муваффақият қозониб, Европа грандлари билан гуруҳда ва балки плей-оффда тўп суриш имконияти турганда, футбол нуқтайи назаридан Суперлиганинг қуйи лигасини танлаш қанчалик мантиқли?

Ҳа, юқорида айтилганидек, молиявий ваъдалар эътиборга олингандир, аммо агар Суперлиганинг бизнес мантиғидан келиб чиқсак, эртага, асосий сўз ҳаққи яна топ-клубларда қолиб, асосий даромад улуши уларга ўтиб кетиши, «Бенфика» ёки «ПСВ»дан ҳеч ким сўраб ўтирмаслиги эҳтимоли юқорироқ эмасми?

(Шу ўринда, «Копенҳаген»нинг ҳали ҳеч ким сўрамасдан ҳам, Суперлигага қарши баёнот билан чиққани одамнинг юзида табассум уйғотади. Ахир бир мавсумнинг ўзида «Бавария», «Манчестер Юнайтед» ва «Манчестер Сити» билан икки мартадан ўйнаш бахтига муяссар бўлаётган данияликларда бошқачароқ формат ҳақида тасаввур ҳам бўлишининг ўзи «нонкўрлик» бўларди, нима дедингиз?)

Энг муҳими, ҳар қанча танқид қилинмасин ёки коррупцияга ботган дейилмасин, УЕФА 70 йиллик тарихга эга бўлиб, камида моҳиятан, анъанавий равишда Европада футболни ривожлантиришнинг ўз зиммасига олади. Яъни ташкилот барчасига молиявий призмадан эмас, тарихий масъулият нуқтайи назаридан ҳам қарай олади, камида узоқ йиллик барқарорликни тақдим этади ҳам. Клублар ҳар қанча норози бўлмасин, бутун Европада футболни ривожлантириш ғояси умумий мақсадга ҳам фойда келтиради. Айнан биқиқ бўлмаган сиёсат туфайли, авваллари тахмин қилиш ҳам қийин бўлган худудлардан футбол юлдузлари етишиб чиқмоқда, бу ҳам билвосита бўлса ҳам, аслида суперклубларнинг муваффақиятларида ўз ролига эга.

Суперлига эса маълум шароитда ва давр учун ечим сифатида тақдим этилаётгани, бир қатор табиий ва тарихий босқичларни босиб ўтмагани туфайли ўта радикал ва ўз навбатида хавфли бўлиши мумкин. Ахир ҳаммасини назорат қилиш қийин, эртага кутилган маблағлар, қоғоздаги ҳисоб-китоблар реал ҳолат билан мос келмаса, турли зиддиятлар келиб чиқиши, ҳатто лойиҳанинг умри узоқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Катта пуллар айланаётган соҳада ушбу рискни баҳолаш, бунинг устига ҳамманинг айни фикрда келишиши жуда мураккаб жараён.

Албатта, Суперлига ташкилотчилари қўл қовуштириб ўтирмайди, бу аниқ. Табиийки, музокаралар давом этади, клублар, лигалар билан турли доираларда муҳокамалар, таклифлар кўриб чиқилиши шубҳасиз. Аммо бу шу қадар қийин жараёнки, Перес айтаётган 2025 йилгача улгуриш иложсиздек кўринади. Ахир бир столда келишиши керак бўлган томонлар жуда кўп ва асосий тўсиқ, улар бир «тилда» гаплашмайди. Қайсидир клубнинг эгаси америкаликлар, бошқасини бутунлай араб давлатлари бошқаради, немис клублари умуман мухлисларнинг қўлида.

Бунинг устига УЕФА ҳам сўнгги йилларда, айниқса, ўтган сафарги Суперлига машмашаларидан кейин клубларга ён бера бошлади, мисол учун еврокубоклар форматини ўзгартирди.

Тахминимча, Суперлига яқин бир неча йилликда умуман ташкил топмаслиги ҳам мумкин, аммо бу кечаги суднинг бесамар кетганини ҳам англатмайди.  Аксинча, «жин кўзадан ташқарига қўйиб юборилди», энди топ-клубларда ҳам УЕФА олдида ўз «кузири» пайдо бўлди. Хаёлий эмас, суд томонидан тасдиқланган қонуний «кузир»...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид