Ўзбекистон | 18:50 / 29.01.2018
84737
3 дақиқада ўқилади

Татьяна Каримова Ислом Каримов қандай ота, қандай бобо бўлганини айтиб берди

Фото: Getty Images

Ислом Каримов фондининг Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан суҳбат эълон қилинди. Унда биринчи президент қандай ота, қандай бобо бўлганлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

“Ислом Абдуғаниевич қорни, алалхусус, биринчи қорни жуда яхши кўрардилар. Қорда фарзандлар, кейинроқ набиралар билан сайр қилиш учун ҳамиша вақт топишга интилардилар. Ислом Абдуғаниевич болаларни сузиш, қўрқмай сувга шўнғиш, велосипед минишга ўргатдилар.

Кенжа қизимиз Лола кичкиналигида уни чанада учириш ва қорбобо ясаш учун кўчага олиб чиқар эдилар. Кузда дарахт баргларини тўплашарди, ўша гербарийлар ҳозиргача сақланади. Якшанба кунлари эса улар боғ-ҳовлида велосипедда учишарди.

Кейинроқ Ислом Абдуғаниевич боғ-ҳовли ҳудудида ўшандай туганмас завқ ила набиралар билан сайр қилдилар, уларга ҳам сузиш, велосипед миниш ва табиат гўзаллигини ҳис этишни ўргатдилар. Болалар скейтборд ва роликда учаётганини томоша қилишни яхши кўрардилар. Уларнинг абжирлигидан ҳайратга тушардилар, бу борадагина оддий кузатувчи эдилар.

Ислом Абдуғаниевич Президентликка киришганларидан кейин янада банд бўлдилар ва шу боис бирор ерга боришга вақт ҳам бўлмас эди. Умр йўлдошим ишга янада кўпроқ диққат-эътибор қаратган эдилар ва оила учун янада камроқ вақт қолган эди. 

Тақдир менга бутун умр Ислом Абдуғаниевичга хизмат қилишни насиб этди. Мен турмуш ўртоғим ишлаши учун, айниқса, Президент бўлганларидан кейин имкон қадар керакли шарт-шароит яратишга интилдим. Негаки, Ислом Абдуғаниевич учун иш жуда ҳам муҳим эканини яхши билар эдим.

У киши кучли ирода ва характер соҳиби бўлиб, жуда кўп ишлар эдилар. Биз оила қурган кезларимизда камолга етган инсон эдилар. Мен ўшандаёқ у кишининг шахсияти кўламини англаган, мураккаб, лекин шарафли бир йўлни босиб ўтишларини ҳис этган эдим. 

Мен ҳамиша Ислом Абдуғаниевичга ҳамнафас бўлдим. Мендан бутун умр изланиш, ўсиш, матонатли бўлиш ва тушунишга одатланиш, такомиллашиш йўлидан юрмоқ талаб этилди. Негаки, умр йўлдошим мудом ўқиб-изланиб юксак чўққилар сари талпинардилар. Муҳаббат бизни бирлаштирди, бутун ҳаёт йўлимизни ёритди…”.

Мавзуга оид