Жамият | 21:50 / 09.02.2018
113332
2 дақиқада ўқилади

Шайх номи қўйилаётган масжид тарихи

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган Сўгалли ота ёдгорлиги ёнида 1990-йиллар бошида масжид қурилиши бошланган эди. Аммо, айрим сабабларга кўра, мазкур масжидда қурилиш ишлари тўхтаб қолганди.

Масжидни барпо этиш ишлари 1997 йилда тўхтатилган. 2013 йили декабрь ойида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу масжидга ташриф буюради. Масжид қурилиши нега тўхтаб қолгани ҳамда бошқа қурилиш ишлари билан қизиққан, хайрли дуолар қилади. Сўнг масжид қурилишида бироз силжиш бўлиб, масжид гумбази қуриб битказилади.

Ўшандан сўнг масжидни барпо этиш ишлари яна тўхтаб қолган. Қурилиш тўхтаб қолганини эшитган ҳазрат роса хафа бўлган экан.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахтнинг бир неча туманларида бўлди. Президент жумладан, мазкур масжид майдонига ташриф буюрди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этиладиган мазкур масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди.

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади».

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу масжид лойиҳаси билан танишар экан, уни янада такомиллаштириш, бунда халқимиз ва уламоларнинг таклифларини ҳам ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид