Жамият | 22:23 / 12.02.2018
21424
4 дақиқада ўқилади

Ижтимоий одоб: Бировнинг телефонига рухсатсиз тегиш тўғри эмас

Фото: Getty Images

Замонавий оламимизда замонавий буюмлар бизнинг доимий ҳамроҳимизга айланди. Масалан, мобил телефонлари. Уларнинг тури такомиллашгани сари, бу технология воситаларига боғланишимиз янада зиёда бўлди. Табиийки, қўл телефонида ҳар бир кишининг шахсий ёзишмалари, сурат ва видеолари ва бошқа ўзигагина тааллуқли нарсалар бўлади. Кимдир бу жиҳатларга эътибор қаратиб, бировнинг телефонига қўл теккизмайди, бошқа биров эса буни жиддий қабул қилмай, бировнинг телефонини “титкилаш” билан овора бўлади. Хўш, Ислом шариати бу жиҳатларга қандай қарайди? Бу борада қандай одоб беради? Muxlis.uz сайти ушбу саволга атрофлича жавоб беришга ҳаракат қилган.

Ислом шариатида ўзгалар уйига киришдан олдин рухсат сўраш шартлиги таъкидланган. Бу борада оятлар нозил қилинган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан тегишли кўрсатмалар берилган. Мисол учун, мана бу ривоятни келтириш мумкин.

‎عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ قَالَ: اطَّلَعَ رَجُلٌ مِنْ جُحْرٍ فِي حُجَرِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَمَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِدْرًى يَحُكُّ بِهِ رَأْسَهُ فَقَالَ: لَوْ أَعْلَمُ أَنَّكَ تَنْظُرُ لَطَعَنْتُ بِهِ فِي عَيْنِكَ إِنَّمَا جُعِلَ الاسْتِئْذَانُ مِنْ أَجْلِ الْبَصَرِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларидаги тешикдан мўралади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тароқ бор эди, у билан сочларини тарардилар. Шунда у зот: “Агар қараб турганингни билганимда, мана шуни кўзингга тиқиб олардим! Албатта рухсат сўраш назар (тушиши эҳтимоли бўлгани) учун (жорий) қилинди”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривояти).

Шариатда бирон жойга киришдан олдин изн сўраш назар сабабидан жорий қилинган. Сабаби, берухсат кириш билан уй эгаси рози бўлмаган нарсаларга бегона одамнинг кўзи тушиши мумкин. Шунинг учун бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам, аввал уй эгасини чақириб, ундан изн сўрайди. Агар изн берилса, киради. Бўлмаса, ортига қайтиб кетади. Уй эгаси чақирмасидан олдин тўппа-тўғри ичкарига бостириб кириш мўмин кишига умуман тўғри келмайди. Қолаверса, изнсиз бировнинг уйига мўралаш, эшик тирқишидан ичкарига назар солиш ҳам жоизмас. Шундан келиб чиқиб айтамиз, бировнинг телефонига рухсатсиз тегиш тўғри эмас. Мана шундай нарсалар шариат ҳукмларига беписанд қарашдан келиб чиқмоқда. Банда шариатга амал қилмаганидан кейин бошига турфа балолар ёғилаверади. Ўзингиз айтганингиздек, ҳозир бировнинг телефонига рухсатсиз қўл теккизадиганлар кўпайиб кетган. Аслида, шариат талабига кўра, бировнинг телефонини рухсат сўраб кўриш лозим. Сўрамасдан бировнинг нарсасига тегиш жоизмас!

Юқорида, ҳужраи саодат тирқишидан мўралаган кимсага қандай оҳангда мурожаат қилинганини ўқидик. Энди ўзимизга бир савол берайлик: агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировнинг телефонини рухсатсиз титкилаётганларни кўрганларида, уларга нима деган бўлардилар?!

Мавзуга оид