Ўзбекистон | 09:00 / 28.02.2018
258200
3 дақиқада ўқилади

«Жаноб Файзиев» қўлга олинди

Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев 24 февраль куни ўз уйидан қўлига кишан тақилган ҳолда олиб кетилган. Бу ҳақда «Kun.uz» манбаси хабар бермоқда.

Айни вақтда унга нисбатан жиноят иши очилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, Жамшид Ботирович Файзиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») ва 210-моддаси («Пора олиш») бўйича айбланиши мумкин.

Жамшид Файзиев ўз вақтида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва куч ишлатар тизимлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси бўлган. Муқаддам бош прокурор ўринбосари бўлган Файзиев 2013 йил 19 мартида шу лавозимга тайинланиб, 9 ой ишлагач, йил охирида, 25 декабрда Тошкент вилояти прокурорлигига ўтказилганди.

Ўзбекистоннинг янги президенти 2017 йилнинг 8 январида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Жамшид Файзиевни танқид қилиб, уни киноя билан «Жаноб Файзиев» дея атаганди.

2017 йилнинг 2 августида ўтказилган видеоселекторда президент прокурорларни «энг катта ўғрилар» деб атаган, Тошкент вилояти прокурори Жамшид Файзиевга танбеҳ бериб, унга вазиятни ўнглаш учун 10 кун муҳлат берганди.

«Дунёқарашингни ўзгартирмасанг, кеч бўлади. Сенга ўн кун муҳлат, қадамларинг барибир ёқмаяпти. Битта ўзинг қолдинг, ҳаммани ишдан олдим. Биз янги бош прокурор қўйганмиз. 80 фоиз одамни ўзгартирдик. Аввалги бош прокурордан қолган ўғри тизимдан қолганларнинг асосий қисмини ишдан олдик. 15-20 фоизи юрибди. Файзиев ҳам шулардан. Барибир охиригача ўзгартирамиз», деганди ўшанда президент.

Шавкат Мирзиёев прокурорларни кескин танқид қилди

2017 йилнинг октябрь ойи охирида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида ўтказилган видеоселекторда Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимлари, шунингдек, ушбу вилоятлар прокурорлари, жумладан, Жамшид Файзиев ишдан олингани, уларнинг ишдан олинишига ушбу вилоятларда ҳосил қўшиб ёзишга йўл қўйилгани сабаб бўлгани маълум қилинди.

Жамшид Файзиев ўрнига 2014-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари бўлган Улуғбек Суннатов тайинланганди. Аммо у ҳам 2018 йилнинг 5 январь куни ишдан олинди.

Айрим хабарларга кўра, шу кунларда, собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳибсга олиниши ортидан унинг собиқ ўринбосари бўлмиш Улуғбек Суннатов ҳам қўлга олинган ва тергов қилинмоқда. Аммо Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси матбуот хизмати бу хабарларни тасдиқламаяпти.

Мавзуга оид