Жамият | 22:35 / 09.03.2018
40000
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги Ёшлар иттифоқи етакчисининг хатти-ҳаракатлари хато экани тан олинди

Фото: Видеодан кадр

Наманганда Ёшлар иттифоқи етакчиси қизларнинг рўмолини ечтирганига оид хабар ижтимоий тармоқларда катта мунозараларга сабаб бўлди. Ёшлар Пресс-клубида иттифоқ вакилига шу гапларда нечоғлик ҳақиқат борлиги, Ёшлар иттифоқи бу масалага қандай қарашига доир савол билан мурожаат қилинди. Ташкилотнинг Facebook саҳифасида мавзуга доир видео тақдим этилди.

Ёшлар иттифоқи вакилининг маълум қилишича, диний ибодат кийимларида жамоатчилик жойларида юриш мумкин эмас, деб қонунларда берилган бўлса-да, улар ҳақида тушунчалар берилмаган. "Шу нормалардан келиб чиқиб, ҳар қандай муассаса ўз қоидаларини ишлаб чиқади. Жумладан, таълим муассасаси ҳам ўзининг кийиниш одоби, юриш-туриш одоби кабиларни қабул қилади. 

Сиз айтаётган Наманганда ҳам ана шундай тартиб-қоидалар бўлса керак, лекин улар учун ҳам қайси кийим - диний либос, қайси кийим - ибодат либоси мавҳум бўлиб қолган бўлса керак. 

Ёшлар иттифоқининг ҳар қандай таълим муассасасида ўзининг бошланғич ташкилоти бор, бугунга келиб уларнинг сони 21 мингтани ташкил этади. Наманган вилоятидаги ҳолатга келадиган бўлсак, биз уни чуқур ўргандик: етакчимиз хато қилган - у ўзининг Ёшлар иттифоқида белгилаб берилган вазифаларидан четга чиққани ойдинлашди ва унга нисбатан тегишли чора кўрилди. 21 мингта ташкилот вакилларига ҳам бундай ваколат берилмаган, уларнинг вазифалари бошқача - улар ёшларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиши керак", - деди ташкилот вакили. 

Ёшлар Пресс-клубида "Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакилларининг вазифаси рўмол ечишими?", деган саволга "Асло, йўқ" жавоби берилди. 

Мавзуга оид