«23 яшар, ёшгина ўқитувчи аёл ўлди!». Самарқанддаги фожианинг асл сабаблари қаерда?
Самарқандлик 23 яшар ёш ўқитувчининг бахтсиз ҳодисага учраб ҳалок бўлиши одамларни қайғуга солди. Ушбу ҳодиса сабаб турли фикрлар юзага чиқмоқда, журналистлар чиқишлар қилмоқда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам турли қарашлар акс этган постлар қолдиришмоқда. Аслида, нима бўлган эди? Бу мавзуга атрофлича ёндашган Xabar.uz сайти махсус мухбири Каримберди Тўрамурод ушбу воқеа юзасидан журналистик суриштирув қилиб, мақола эълон қилди.
Ҳокимлар сўзида турмади!
Наманган вилояти хокими Хайрулло Бозоровнинг ваъдаси: “Ўқитувчилар ва дўхтурларни нафақат ободонлаштириш ишларида, ҳатто қишлоқ хўжалиги ишларида ҳам ишлатиб келдик. Бу икки соҳа − энг забардаст, ишонган соҳаларимиз. Мана, ҳокимлар ҳам турибди, ўқитувчи ва шифокорларни унақанги ишларга жалб этиш тақиқланади! Чиқармаймиз уларни бундай ишларга!”
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ваъдаси: “Ўқитувчи ва шифокорларни бошқа ишларга жалб қилиш – тараққиётга тўсиқ. Туман ҳокимларига буйруқ бердик, энди ўқитувчи ва шифокорлар ўз ишидан бошқа ишга жалб этилмайди!”
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ваъдаси: “Ўқитувчи ва шифокорларни бошқа ишларга жалб қилиш – жиноят! Бирорта туман ҳокими ўқитувчи ва шифокорларни бошқа ишга жалб қилса, ўзим олиб бориб қамайман!”
Сурхондарё вилояти ҳокими ҳам, Бухоро вилояти ҳокими ҳам, бошқа ҳокимлар ҳам бундай ваъдаларни берган эдилар. Аммо қайси вилоятда ўқитувчилар ва шифокорлар пахтага олиб чиқилмади?
Керак бўлса, водий ўқитувчилари вагонларга “юкланиб” ота-бобоси кўрмаган Қорақалпоққа олиб бориб, пахта тердирилди. Совет замонида ҳам, “янги турғунлик замони”да ҳам ўқитувчилар поездга “босиб”, пахтага олиб борилмаган эди.
Депутатлар эса тан олмади
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари билан телевидениеда бўлган учрашувда Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари бундай деган эди: “Республикамизнинг турли ҳудудларида депутатлар билан ўтказилган учрашувларнинг бирортасида бирор ўқитувчи “Бугун биз кўча тозалаяпмиз”, деган шикоят билан чиққани йўқ. Улар биз билан учрашувларда мажбурий меҳнат ҳақида оғиз очаётгани йўқ ва бундай ҳолат кузатилмаган”.
Ўша учрашувда журналист Барчиной Жўраеванинг “Нафақат ўқитувчилар, шифокорлар, боғча тарбиячилари ҳам кўча тозалагани чиқяпти. Буни ўзимиз ҳам кўряпмиз-ку?” деган саволига Светлана Ортиқова бундай жавоб берган эди: “Сиз билан биз яшайдиган ерни сиз билан биз тозаламасак, ташқаридан келган одам тозалаб берадими?”
Шундан кейин ҳам мен кўча супураётган ўқитувчилар ва шифокорларни кўп кўрдим, аммо уларнинг орасида ватанни севадиган, унинг тозалигини истайдиган парламент вакилларини кўрмадим.
Ёлғончилик нега керак?
Президент фалон вилоятга борармиш, деган гап чиқиши билан ўша вилоятнинг барча ўқитувчилари кўча супуриш, ювиш, бўяшга чиқиши кимга сир?
Президент ўтадиган йўлларнинггина ялтиратиб қўйилишини президент билмайдими?
Президент Ургутга келганида очиқ қилиб айтган эди: “Бу йўлларни президент келади деб, туни билан ухламасдан шу оқшом қилганларингни ҳам биламан, ҳаммани алдасаларинг ҳам, мени алдай олмайсизлар, кўзимга чўп суқмасдан, ҳалол ишланглар!”
Мана, қурбон ҳам берилди
23 яшар, ёшгина ўқитувчи аёл ўлди! Шунчаки ўлмади, КамАЗ юк машинаси остида қолиб, мажағи чиқиб кетди!
Каттақўрғон туманидаги 42-мактабнинг меҳнат таълими ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Енекеева мажбурий меҳнат қурбони бўлди.
− Бизни Самарқанд-Бухоро катта трасса йўлига чиқаришди, − дейди Диана билан бирга кўча тозалашга чиққан Жавлон исмли ўқитувчи. – Қора “Ласетти”да келган ХТБ вакили бизга алоҳида ҳудудни чегаралаб берди. Мен унга “Бу катта трасса, юк машиналари катта тез юради, одамларга яқин ерда тезликни пасайтириш лозимлигини кўрсатувчи ёки таъмирлаш ишлари кетаётганини билдирувчи белгилар қўйилмайдими, ГАИ ходимлари бизга яқин ерда туришмайдими?” дедим. Аммо у “Ана, машиналарида ГАИлар ўтирибди, сизларга қарайди”, дея машинасига ўтириб, жўнаб кетди. Машинадаги ГАИ ходимлари бизга яқин ҳам келишмади, бирор белги ҳам қўйилмади, бирортамизга ақалли бирорта байроқча ҳам беришмади, ана, шу фожиа содир бўлди. Биз йўл четидаги дарахтларни оқлаётган, кимдир йўлларни супураётган, Дианалар бардюрни оҳаклаётган эди. Катта тезликда келган КамАЗ Дианани уриб кетди...
− Мен Диана билан бирга эдим, − деди география фани ўқитувчиси Ҳайдарали Маматов. – Биз дарахтларни оқлаётгандик. Диананинг отини айтиб чинқиришганида машина уни урганини кўрдим. Бир “Дамас”ни тўхтатиб, уни шаҳарга, “Тез ёрдам”га олиб келдик. Бўйин томирини ушлаб кўрдим, юраги ураётган эди. Афсус, касалхонада жони узилди. Дианани биз, ҳамкасблар ҳам, ўқувчилари ҳам бир умр унута олмаймиз, у жуда ҳам болаларни севадиган, ўз касбининг фидойиси эди.
Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Дилрабо Эркаева имкон қадар саволларимга жавоб бермасликка ҳаракат қилди. “Ҳеч бўлмаса, Диана қандай ўқитувчи эди, шуни айтинг”, деганимдан кейингина унинг шаънига жуда яхши гапларни айтди:
− Ўз касбини яхши кўрарди, деярли ҳамма вақтини мактаб учун сарфларди. Ўқувчиларини яхши кўрарди. Уларга турли нарсалар ясаттириб, танловларга олиб борарди. Ўқувчилари бир неча бор туман танловларида ғолиб бўлган эди.
− 14 март куни ҳам дарси бормиди? – сўрайман.
− Ҳа, тўрт соат дарси бор эди, − деди Д.Эркаева. − Аммо дарслари ўтилмай қолди...
Ҳа, энди Диананинг дарслари ўтилмайди!
− Нега дарсларни қолдириб, кўча тозалашга кетишига рухсат бердингиз?
− Битта бизда бўлибдими? Ҳамма мактабдан ҳар куни ўқитувчилар чиқади, билмайсизми ё кўрмаяпсизми? – деди Д.Эркаева.
У ҳақ эди. Энг қизиғи, бир ўқитувчини машина босиб ўлдирганидан кейин ҳам катта трассадаги ишлар тўхтатилгани йўқ, 15 март куни ҳам ўқитувчилар “кўчага ҳайдалди”. Буни ўзим кўрдим, албатта, эртаси куни ишлаётган ўқитувчиларни ЙҲХ ходимлари “қўриқлаб” туришарди.
Шунча гапдан кейин, мана, бугун ҳам Каттақўрғонга борар эканман, йўлнинг икки чети муаллимлар билан тўла! Тўхтаб, Паст Дарғом туманининг 103-мактаби ўқитувчилари билан гаплашдим. Ҳаммаси “ўқитилиб” қўйилибди:
− Бизни биров мажбур қилгани йўқ, ўзимиз кўча тозалашга чиқдик, − деди бир муаллима.
Ҳокимлар, ХТБ мудирлари ҳеч нарсадан қўрқмас экан-да, деб Каттақўрғон ХТБга бордим. Мудир Алишер Жуманазаров бугун ишга келмабди. Тоби йўқ эмиш. Иккита телефонига ҳам бир неча бор қўнғироқ қилдим, кўтармади.
− Овора бўлманг, мудиримиз ҳозир ҳеч кимнинг қўнғироғига жавоб бермаяптилар, − деди ХТБнинг бир ходими. – У кишига ҳам қийин. Қон босимлари кўтарилиб кетган. Имкон қадар мудиримизни суяб ёзинг!
Ана бўлмаса! Мен прокурор ё қози эмасман, журналистман. Қолаверса, у ҳам буйруқни бажарган.
Албатта, мудир ўз қўл остидаги ходимларини ҳимоя қила олмагани учун тегишли жойда жавоб беради, ҳеч бўлмаганда Қиёмат куни Диана унинг ёқасидан олганида жавоб бериши аниқ. Аммо ҳозирча тоби қочгани ростга ўхшайди.
ХТБ мудирининг ОАВга айтган охирги сўзи мана бу бўлиб турибди:
− Ҳеч ким мажбуран кўча тозалашга олиб чиқилмаган!
“Уларни ўзим чиқарганман”, деганими, “Директорлар олиб чиққан” деганими ёки “Ўқитувчиларнинг ўзлари отилиб чиқишди” деганими, бунисини билмадим.
ХТБ мудирининг тоби қочганида мактаб директори ким бўлибди? Анча кутдириб бўлса-да, мактабга келган директор опа Наргиза Болтаева ҳам қон босими кўтарилиб кетганини, ҳозиргина “капельница” олиб келаётганини айтди.
− Мен ўзи Тошкентда, даволанишда эдим, фожиани эшитишим билан етиб келдим, − деди директор. – Ўринбосарим ХТБга йиғилишга борган ва топшириқ бўйича ўқитувчиларни кўча тозалашга олиб чиққан. Қолганини раҳбарларимиздан сўраб олаверасиз. Диана отига ишлайдиган ўқитувчим эмас эди. У ўз ишини, ўқувчиларини қаттиқ севадиган ўқитувчим эди. Унга жуда ачиняпман, куйяпман...
Ўқитувчисига ачинадиган, куядиган директор уни тириклигида эҳтиёт қилишни билмади. Авайлашни билмади. Уни сақлаб қолмади. Энг ёмони, қолган ўқитувчиларини ҳали ҳам кўча тозалашга, балки ўлимга юборяпти...
Нега кўзларинг маъюс, болажон?
Диананинг уйига бордим. Ота-онаси фарзанд доғида адо бўлибди.
− Қизим нега бунча шошганини энди англагандек бўляпман, − дейди отаси Александр Марсович Енекеев. – Ишонасизми, у беш ёшида мактабга борганди. Аъло баҳолар билан мактабни тугатди. Болаларни яхши кўрганидан ўқитувчи бўламан, деди. Каттақўрғон педагогика коллежига ўқишга кирди. Уни ҳам аъло баҳолар билан тугатди. Уйда русча тарбия олгани билан мактабда ҳам, коллежда ҳам ўзбекча ўқиди, ўзбекчани жуда яхши биларди. Мактабдоши Егорни яхши кўрди, тўйи ҳам барвақт бўлди. 23га кирган кўп тенгдошлари ҳали турмушга чиқмади, у эса фарзандли бўлишга ҳам улгурди. Мактабда олти йил ишлабди. Энди билсам, кўпроқ иш қилишга улгуриб қолиш учун шошган экан-да...
− Мен ҳеч кимга ҳеч нарса даъво қилмайман, − дейди Оксана Анатольевна Енекева. – Ҳамкасблари кўнгилдан чиқариб берган пулларни олдим, аммо ХТБдан ёрдам деб олиб келган уч миллион сўмни олмадим. Ягона қизимни ҳеч қанақа миллионлар қайтариб бермайди энди. Куёвим ўғлимдек бўлиб қолган. Отаси Туркманистондан уни гўдаклигида олиб келган эди. Олдин отаси, кейин онаси ўлиб, куёвим дунёда ҳеч кимсиз қолган эди. Қизим билан бир-бирини қаттиқ севишар эди. Шунинг учун ўзимиз ҳам рози бўлиб, уларни никоҳлаб қўйгандик. Мана, ғирт етим ўсган, хотинидан бошқа қариндоши бўлмаган куёвим яна ёлғиз қолиб, етимликни ўғли, менинг неварам ҳам мерос қилиб олди. Президентимизга раҳмат, куёвимга вақтинча яшаш рухсати берган эди. Умид қиламанки, куёвимга Ўзбекистон фуқаролигини ҳам беради. Неварамга ҳам ғамхўрлик қилади. Мен бунга ишонаман.
− Менинг Дианадан бошқа ҳеч кимим йўқ эди, биз иккимиз бир бутун одам эдик, − дейди Диананинг эри Егор. – Энди ярмим йўқдек, бир қўлли, бир оёқли одамга ўхшайман.
Қайнонаси унинг икки кун ичида ростдан ҳам озиб кетганини, икки кундирки, оғзига ушоқ солмаётганини айтди.
Оилада мотамсаро онага кўмакчи бўлиб юрган қиз эътиборимни тортди. Дурдона Ҳикматзода Диананинг дугонаси экан. Фожиани эшитиб, касалхонага келган кўйи Диананинг онасида ажралмай, унга далда бўлиб юрибди экан.
− Энг яқин дугоналар эдик, бирга тикувчиликни ўрганишга қатнар эдик, бир дақиқа ҳам ажралмасдик, − дейди Дурдона. − Фожиадан сал олдинроқ қўнғироқ қилган эди. “Трассадамиз, бу ер шамол, шовқин, ишимизни тугатсак, сенга қўнғироқ қиламан, устозимиз Оксана опаникига бирга борамиз”, деган эди. Ярим соат ўтмасдан бу машъум хабарни эшитдим. Ҳеч кимдан ёрдамини аямайдиган, ҳаммага меҳрибон қиз эди...
Диананинг ўғилчасини ҳам кўрдим. Болани эркалатдим, аммо кулдира олмадим.
− Биз гўдакнинг олдида ҳали бирон марта онасига нима бўлганини гапирганимиз йўқ, − дейди Диананинг холаси Ира. – Аммо олдин нуқул куладиган шўх Данила энди фақат онасини сўраб, йиғлайди. Унинг кўзлари маъюс бўлиб қолди. Энг ажабланарлиси, онасининг суратига қараб, нуқул “Мама, КамАЗ”, дейди...
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга
Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сиздаги ғайрат-шижоат таҳсинга лойиқ. Шу элни, шу юртни деб, тиним билмасдан вилоятларга чиқяпсиз, қўшни давлатларга бориб, халқ учун нафи тегадиган ислоҳотларни амалга оширмоқдасиз, ҳаммасини олқишлаймиз.
Сиз кўзбўямачилик қилишларини истамайсиз. Сиз ичкарида аҳвол қандайлигини ҳам яхши биласиз. Ушбу масалани ҳам ўзингиз қатъий назоратга олинг, илтимос.
Мавзуга оид
11:44
Тошкент - Самарқанд йўналишида янги темирйўлнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш бошланди
15:52 / 26.12.2024
Самарқандда “Turkish Airlines” авиакомпанияси экипаж аъзоси божхона назоратидан жанговар ўқ-дори олиб ўтишга уринди
07:35 / 26.12.2024
Бешта ҳудудда 16 кг гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди
09:09 / 20.12.2024