Жамият | 08:56 / 26.03.2018
9812
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Avtotest болалар учун ижтимоий лойиҳа йўлга қўйди

Фото: Avtotest 

Avtotest компанияси болаларга йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларини ўргатишга бағишланган махсус «Avtotest ва болалар» деб номланган ижтимоий лойиҳага қўл урди.

Лойиҳа февраль ойининг охирида Тошкент шаҳрида, март ойи ўртасидан эса республиканинг барча ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда старт олди.

Фото: Avtotest 

«Лойиҳамизнинг мақсади — болаларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича билимларни шакллантириш ва ривожлантириш, уларни кўчаларда тартибли ва ҳушёр бўлишга ўргатишдан иборат. Лойиҳа доирасида биз болаларга йўл ҳаракати белгиларига амал қилиш, йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш ва транспортда ўзини тутиш қоидаларини ўргатамиз. Ҳар бир бола ёшлигидан йўлни қаерда ва қандай кесиб ўтишни билиши, шунингдек, йўл белгиларини ажрата олиши лозим», — дейди Avtotest бош директори О. Тигай.

Avtotest ўқитувчилари ва методистлари лойиҳа учун махсус йўл ҳаракати қоидалари акс этган рус ва ўзбек тилларида буклетлар, шунингдек, дидактик ўйинлар тайёрлашган.

«Мутахассисларимиз боғча ва мактаблар учун алоҳида технологик хариталар ишлаб чиқишди. Дарслар ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Ҳар бир машғулот дақиқалар бўйича тақсимланган ва жараёнга барча болаларни жалб этиш учун интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Масалан, мактаб ўқувчиларига биз ижтимоий ва анимацион видеороликларни кўрсатамиз, сўнг уларни ўқувчилар билан биргаликда муҳокама қиламиз. Боғчалардаги машғулотлар асосан тарбиячилар билан турли ўйинлар асосида ўтади» — дея таъкидлайди лойиҳа раҳбари Ю. Рисюкова.

Машғулот сўнгида мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига ранг ажратувчи браслетлар ва буклетлар тарқатилади. Шундан сўнг эсдалик учун фотосессия ўтказилади.

Фото: Avtotest 

Лойиҳа бошланганидан бугунги кунга қадар 900 нафардан ортиқ болалар йўловчилар ва пиёдаларнинг йўлларда ўзини тутиш маданияти бўйича билимларга эга бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Avtotest томонидан барча машғулотлар мутлақо бепул ўтказилади.  Шунингдек, ўқувчиларга ўргатувчи материаллар текин тарқатилади.

Барча мактаблар ва МТМ раҳбарлари компаниянинг Facebook’даги саҳифасига мурожаат қилган ҳолда Avtotest ўқитувчиларини ўз таълим масканларига таклиф этишлари мумкин.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид