Жамият | 18:28 / 02.04.2018
12026
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ёнғин хавфсизлиги бўйича махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди 

Наманган шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида жойлашган “Шодлик” савдо марказида “Ёнғин билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлганда аҳолини тўғри харакат қилишга ўргатиш” мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.

Маълумки, Россиянинг Кемерово вилоятидаги кўнгилочар мажмуада содир бўлган ёнғиннинг оғир оқибатлари ҳақида бугун барча огоҳ бўлди. Бу каби ҳолатларни Ўзбекистонда такрорланишига йўл қўймасликдан кўзланган мақсад ҳам фуқаролар хавфсизлиги, тадбиркорларнинг мол-мулкини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Наманган вилояти ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган ёнғин ўчириш амалий тактик машқидан кўзланган мақсад ҳам фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ёки бошқа нохуш ҳолатларда соҳавий хизмат ходимларининг биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қаратилди.

Машқларга турли хизматларнинг 100 дан ортиқ ходими, 10 дан ошиқ махсус техника жалб этилди. Махсус-тактик ўқув машқи давомида шартли равишда мажмуада ёнғин келиб чиққанидан кейин харидорлар ва савдо маркази ходимларини эвакуация қилиш, ёнғинни ўчириш ҳамда жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ҳаракатлар амалга оширилди. Шунингдек, машқларда фуқаролар ва савдо марказлари ходимларини эвакуация қилиш, доимий тайёргарликдаги хизматларга тезкор хабар бериш схемалари ишлаб чиқилди.

Савдо марказининг барча қаватларидаги ҳамда асосий ташқарига чиқиш-қутқариш йўллари кўрсаткичлар билан жиҳозланди. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармон қутилари тўлиқ ҳолга келтирилди. Савдо марказининг масъул шахсларига қўшимча йўриқнома ва кўрсатмалар берилди. Бундай ўқув машғулоти шаҳарнинг сергавжум “Сардоба” даҳасида жойлашган “Мега полис” савдо марказида ҳам ташкил этилди.

 

Мавзуга оид