Ўзбекистон | 22:03 / 09.04.2018
33884
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қийноқлар учун жавобгарлик кучайтирилди

Ўзбекистон Президенти томонидан 4 апрелда имзоланган қонунга мувофиқ, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди, деб хабар қилди «Norma.uz».

Жиноят кодексининг 235-моддасига тузатишлар киритилгунга қадар унда қатор расмий тўсиқлар мавжуд бўлиб, улар бир қанча ҳолларда қийноққа солишда шерик бўлган шахсларни айни мазкур модда бўйича жавобгарликка тортиш имконини бермас эди. Эндиликда чекловлар бартараф этилди.

Биринчидан, эҳтимолий жабрланувчилар доираси кенгайтирилди. Илгари гумон қилинувчига, айбланувчига, гувоҳга, жабрланувчига, жиноят процессининг бошқа иштирокчисига ёхуд уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар қийноққа солиш деб эътироф этилар эди. Маъмурий қамоққа олинган шахслар, маҳкумлар, судланувчилар (ҳақиқатда аниқлик киритилди, сабаби айбланувчи судда судланувчи деб номланади, ЖПКнинг 45-моддасига қаранг), шунингдек уларнинг яқин қариндошлари ЖКнинг 235-моддасида эътибордан четда қолдирилган эди.

Иккинчидан, жавобгарликка тортиладиган шахслар доираси кенгайтирилди. Шу пайтгача унга суриштирувчилар, терговчилар, прокурорлар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёхуд жазони ижро этиш муассасаларининг бошқа ходимлари кирар эди. Тергов изоляторлари, ҳарбий тузилмалар ва ҳ.к. «тушиб қолган эди». Эндиликда ЖКнинг 235-моддаси бўйича нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки исталган бошқа давлат органининг ходимлари ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бундан ташқари, низоли жиҳат бартараф этилди. Айримлар бевосита давлат органининг ходими томонидан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф содир этилган бошқа ҳаракатларни қийноққа солиш деб ҳисоблар эди. Энди аниқ белгиланишича: унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан бундай қилмишнинг содир этилиши ҳам ЖКнинг 235-моддаси бўйича қийноққа солиш деб баҳоланади. Ҳақиқатда бу қийноққа солиш факти ҳақида билган, бироқ тегишли чораларни кўрмаган (ҳеч бўлмаганда мазкур жиноят ҳақида хабар бермаган) барча давлат органларининг ходимлари жиноятчи деб ҳисобланишини англатади.

Жиноят процессининг фундаментал принципларидан бири — ҳақиқатни аниқлашни тартибга солувчи ЖПКнинг 22-моддасига янги қоида киритилди: далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд-тиббий экспертизаси ёки бошқа экспертиза ўтказилган ҳолда мажбурий текширилиши лозим.

Учинчидан, жиноят даражасини белгиловчи янги аломатлар (оғирлаштирадиган ҳолатлар) киритилди — икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан; ҳаётга ва соғлиққа зарар етказиши мумкин бўлган ашёлар қўлланилиб; далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) мақсадида қийноққа солиш.

Тўртинчидан, санкциялар кучайтирилди. ЖКнинг 235-моддаси биринчи қисми (жиноят даражасини белгиловчи аломатларсиз) бўйича 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо белгиланди. Илгари максимал жазо 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш бўлган.

ЖКнинг 235-моддаси иккинчи қисмида (жиноят даражасини белгиловчи аломатларсиз) эндиликда 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилади.

Агар ушбу ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид