Жаҳон | 14:25 / 12.04.2018
6042
4 дақиқада ўқилади

Халқаро Меҳнат ташкилоти тренинг марказида Ўзбекистон тақдимоти ўтказилди

Халқаро Меҳнат ташкилоти Италиянинг Турин шаҳридаги Халқаро тренинг марказида “Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга доир ҳолатларни аниқлаш ҳамда суриштириш” мавзусида ўқув-тренинг ташкил этди. Айни вақтда унда Ўзбекистон, Тожикистон, Швейцария, Малайзия, Непал, Шри-Ланка, Кения, Уганда, Тайланд, Вьетнам ва Перу каби давлатлардан келган турли соҳа вакиллари иштирок этмоқда. Қайд этиш жоизки, мазкур тренингда Ўзбекистондан энг йирик делегация билан қатнашмоқда. 

Хусусан, Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош техник маслаҳатчиси Jonas Astrup ва идора мулозими Oxana Lipkanu, Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Бандликка кўмаклашиш ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг етакчи мутахассислари ННТ вакили ҳамда KUN.UZ мухбири ҳам бор.

 

Тренингнинг биринчи кунида Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош техник маслаҳатчиси Jonas Astrup Ўзбекистонда мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар қай даражада экани ҳақида тақдимот ўтказди. Jonas Astrup Ўзбекистон, унинг пахта етиштириш билан боғлиқ тарихига тўхталар экан, бу собиқ Иттифоқнинг ўтказган нотўғри сиёсати натижаси эканини билдирди. 

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда авваллари уқтирилганидек, одам савдоси ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар кўп эмас. Бироқ ҳамон жойлардаги ташкилотлар, халқ таълими ва тиббий муассасаларда мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар учраб тургани, аммо уларни тизимли, деб бўлмаслиги таъкидланди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнат тушунчаси қонунчиликда ҳам мустаҳкамлаб қўйилганини қайд этар экан, президент Шавкат Мирзиёев етакчилигидаги янги ҳукумат айни қонунчилик талабларини бажаришни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб олганини билдирди. 

“Бундан ташқари, Президент Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида қилган нутқида Халқаро Меҳнат ташкилоти номини тилга олди. Мазкур ташкилот билан ҳамкорлик янги босқичга чиқарилишини билдирди. Шу вақтгача бундай юқори минбардан давлат раҳбари томонидан ХМТнинг номи ёдга олинмаган ёки кам кузатилган. Бу ўз навбатида, давлат раҳбариятининг одам савдоси ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйиш борасидаги қатъиятини англатади”, - деди Jonas Astrup. 

Тренингнинг учинчи кунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ўзбекистонда “feedback mechanism” – яъни, мурожаатлар йўллаш тизими қандай ишлаши, қандай йўлга қўйилгани ҳақида Федерация мисолида тақдимот ўтказди. Шу ўринда таъкидлаш керак, мазкур тақдимот бошқа давлат вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Улар Федерация вакилларини саволларга кўмиб ташлашди. 

Шунингдек, тақдимот чоғида Ўзбекистон давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Виртуал қабулхонасидан ташқари, ҳукумат таркибидаги ҳар бир идоранинг ўз виртуал қабулхоналари, ишонч телефонлари мавжуд экани, уларнинг барчаси президент Виртуал қабулхонаси билан узвий боғлиқ тарзда ишлаши таъкидланди. 

Толиб Раҳматов

KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид