Жаҳон | 10:01 / 17.04.2018
27172
2 дақиқада ўқилади

Трамп Сурияга ҳужум ҳақида: Ракеталаримизнинг барчаси нишонга теккан

АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилдики, АҚШ, Франция ва Буюк Британия томонидан Сурияга йўлланган ракеталарнинг барчаси мўлжалга бориб теккан ва биронтаси ҳам уриб туширилмаган. Бу ҳақда CNN хабар тарқатган.

«Биз юздан ортиқ ракета учирдик, улар битта ҳам ракетамизни уриб тушира олишмади», — деган Трамп.

У АҚШ ҳарбийлари унга «ҳар бир ракета нишонга бориб теккани» ҳақида маълум қилишганини таъкидлаб ўтган.

Бундан олдинроқ Россия Мудофаа вазирлиги АҚШнинг Сурияга берган зарбасидан ҳақиқий мақсадини айтиб ўтганди.

Шунингдек, Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Ғарб томонидан йўлланган қанотли ракеталарнинг 71тасини тутиб қолгани ҳақида айтилди.

14 апрелга ўтар кечаси АҚШ, Буюк Британия ва Франция Шарқий Ғутадаги Дума шаҳрида амалга оширилгани тахмин қилинган кимёвий ҳужумга жавобан ракета зарбаларини берди. Сурия ҳукумати кимёвий ҳужум бўлганини инкор этмоқда, Россия бу борада Сурия позициясини қўлламоқда.

CNN телеканали Сурия ҳудудидаги АҚШ, Британия ва Франциянинг қўшма зарбалари натижасида вайрон бўлган объектларнинг сунъий йўлдошдан олинган тасвирларини эълон қилди.

Кадрлар Ҳомс вилоятидаги иккита ва Дамашқ ташқарисидаги битта объектга зарба берилишидан олдин ва кейин олинган. Аниқлик киритилишича, ракеталар Ҳомс вилоятидаги кимёвий қурол сақланадиган омборхона ва бункерни ҳамда Дамашқдаги Кимёвий қуролни ишлаб чиқиш ва тадқиқ қилиш марказини кўзлаб учирилган.

Объект ракета зарбасигача. Фото: CNN
Объект ракета зарбасидан кейин. Фото: CNN

 

Мавзуга оид