Жаҳон | 12:10 / 22.04.2018
20648
3 дақиқада ўқилади

Журналистлар Шаҳзода Ҳаррининг тўйига қанча маблағ сарфланишини ҳисоблаб чиқдилар

Фото: GLOBAL LOOK PRESS

Британия шаҳзодаси Ҳарри ва америкалик актриса Меган Марклнинг никоҳ тўйига саноқли кунлар қолмоқда. Бутун дунёда кутилаётган тўй 19 майга белгиланган. 

Тўйга бир ойдан камроқ вақт қолмоқда. Бунгача ҳамма нарса тайёр бўлиши керак. Тўй билан боғлиқ барча маълумот қаттиқ сир тутилмоқда. Бироқ Британия нашрлари тўйга кетадиган тахминий харажатларни баҳолаш учун мутахассисларни таклиф қилишди. 

Мутахассисларнинг тахминича, тўйга умумий миқдорда 45 млн доллар сарфланади. Ундан 42 млн доллари меҳмонларни қўриқлаш учун кетади. Бу мақсадда снайперлар ва махфий агентлар ёлланган. Тўй ўтадиган жой – авлиё Георгий ибодатхонасини тўйга тайёрлашга ярим миллион доллар, таомлар ва ичимликларга 650 минг доллар кетади. Мутахассисларнинг фикрича, куёвнинг костюми 12 минг доллар, келиннинг кўйлаги эса анча қимматроқ – ярим миллион долларга тушади. 

Меган ва Ҳарри безакларга каттагина пул сарфлашлари айтилмоқда. 

“Фикримча, ҳаммаси “ҳеч кимникига ўхшамас” тамойили бўйича бўлади. Чарьлз ва Диананинг тўйида кўп миқдорда оқ атиргуллар бўлган. Кейт ваУильямнинг тўйини безашда турли дарахтлар қўлланган. Бу тўйда эса аралаш, бироқ классик кўринишдаги композициялар бўлади”, деб айтмоқда мутахассислардан бири.

Ҳарри ўз қайлиғи учун тахтдан воз кечишга ҳам тайёр бўлган. Чунки Меган ундан ёши каттароқ, аввалги турмушидан ажрашган, ярмига афроамерикалик – буларнинг барчаси инглиз анъаналарига зид. Меган ва шаҳзодани хайрия ишлари бирлаштиради. Тўйга таклиф қилинганлар орасида бирорта сиёсатчи йўқ. Бироқ Манчестердаги теракт вақтида жабрланган 12 ёшли Амелия бор.

Бутун дунё ушбу тўйни интиқлик билан кутмоқда – у шаҳзода Уильям ва Кейтнинг тўйидан ҳам ёрқинроқ бўла оладими? Чунки дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ҳам Ҳарри ва Меганнинг тўйи уларникидан 20 млн доллар қимматроққа тушади. Уильям ва Кейтнинг тўйини 2,5 млрд одам кузатган бўлса, бўлажак тўйни ундан ҳам кўпроқ одам кузатиши тахмин қилинмоқда.

Буларнинг барчасини эса 19 май куни билиб оласиз.

 

Мавзуга оид