Спорт | 17:40 / 15.05.2018
15144
17 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Уругвай

Фото: The Himalayan Times

Мустақиллиги: 28 август 1825 йил
Пойтахти: Монтевидео
Бошқарув шакли: Республика
Расмий тили: Испан
Аҳолиси: 3,4 миллион (130-ўрин)
Валюта: Песо

УРУГВАЙ ТЕРМА ЖАМОАСИ.

Лақаби – «Мовий олимпия юлдузлари»
Конфедерация – КОНМЕБОЛ (Жанубий Америка)
Федерация – Уругвай футбол ассоциацияси
Икки карра жаҳон чемпиони – 1930, 1950
15 карра Америка кубоги соҳиби –1916, 1917, 1920, 1923, 1924, 1926, 1942, 1956, 1959 (2), 1967, 1983, 1987, 1995, 2011
Терма жамоа таркибида энг кўп иштирок этган – Макси Перейра (124)
Энг кўп гол киритган – Луис Суарес  (49)
Илк ўйин – 1901 йил. 16 май. Аргентина - 2:3
Энг йирик ғалаба – 1927 йил. 9 ноябрь. Боливия – 9:0
Энг йирик мағлубият – 1902 йил. 20 июль. Аргентина – 0:6

Машҳур денгиз сайёҳи Магеллан узоқдан қуруқлик белгисини кўриб қолади ва «Мен тоғни кўряпман», (яъни испан тилида «Монте виде эу») деб қичқиради. Айтишларича, худди шу ибора кейинчалик Уругвай пойтахти Монтевидео атамасига асос бўлиб хизмат қилган экан.

Ҳар қандай футбол энциклопедиясини варақласангиз, кўзингиз қўйидаги маънодаги жумлаларга тушиши аниқ – «Уругвай 20 асрнинг биринчи ярмида дунёнинг энг кучли жамоаси эди». Эътибор беринг, кучлилардан бири эмас, энг кучли дейилмоқда. Бунга асослар етарли.

Уругвайга футбол 19 аср охирларида, британиялик денгизчилар томонидан, денгиз йўли орқали олиб келинган ва албатта бу ажойиб ўйин маҳаллий аҳолига жуда ёқиб қолган. Ҳар ерда футбол ўйнай бошладилар, клублар пайдо бўлди, 1900 йилда эса миллий федерация ташкил этилди, 1 йил ўтиб миллий терма жамоа Аргентинага қарши ўйинда илк бор майдонга тушди. Умуман, Аргентина терма жамоаси Уругвайнинг энг азалий рақиби ҳисобланади, ҳатто жамоа илк юзта ўртоқлик ўйинидан саксонтасини айнан Марадона аждодларига қарши ўтказган.

Хуллас, Уругвай футболни тезда ўзлаштириб олди, 1916-24 йиллар давомида беш марта Жанубий Америкада тенгсиз  топилган бўлса, Парижда ўтган Олимпиадада (у пайтларда деярли жаҳон чемпионати мақомида эди) уругвайликлар финалда Швейцарияни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва олтин медалларни қўлга киритди. Меҳмонларнинг такрорланмас техник футболига мафтун бўлган европаликлар уларни «дунёнинг саккизинчи мўъжизаси» деб атадилар, кўрсатган ўйинларига эса «афсонавий» деб таъриф бердилар.

Тўрт йил ўтиб кейинги олимпиадани ҳам ютган Уругвай 1930 йилда ўз мустақиллигининг юз йиллигини байрамона нишонлашга бел боғлади ва ФИФА уларнинг илк жаҳон чемпионатини қабул қилиш ҳақидаги аризасини ижобий ҳал қилди. Монтевидеода ҳозиргача «Уэмбли», «Маракана» каби афсонавий стадионлар билан бир қаторда тилга олинадиган 80 минг ўриндиқли «Сентарио» қад кўтарди. Қизиғи, ушбу ўйингоҳ қурилишига кетган маблағни халқ тўплаб берганди.

Фото: Википедиа

Демак, 1930 йилнинг 13-30 июль кунларида Уругвайда илк мундиал ўйинлари бўлиб ўтди. Жами 13 жамоа иштирок этган мусобақага Европанинг тўрт жамоаси ташриф буюрди (барчаси битта кемада). Қаттиқ интизом сиёсатини хуш кўрадиган Алберто Суппичи қўл остида шуғулланган мезбонлар гуруҳ босқичида Перуни (1:0) ва Руминияни (4:0) доғда қолдирди, ярим финалда эса Югославия терма жамоаси тор-мор этилди – 6:1. Финал Аргентина терма жамоасига қарши кечди ва биринчи бўлимда ҳисобда орқада борган Уругвай ишқибозларнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида ўзида керакли куч топа олди ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Италия ва Францияда ўтказилган кейинги икки жаҳон чемпионатига Уругвай бормади. Бу ҳаракатни улар илк жаҳон чемпионатига кўплаб кучли Европа вакилларини келмаганликлари учун жавоб тариқасида изоҳладилар. Иккинчи жаҳон уруши туфайли жаҳон футболида кузатилган танаффусдан кейинги мундиал – Бразилия – 1950 да эса... У ерда қаҳрамонларимиз чинакамига матонат кўрсатдилар.

Бразилияга жамоа услуб жиҳатидан демократ бўлган ва ўйинчиларнинг руҳий тарбиясига кўпроқ эътибор қаратадиган Хуан Лопес мураббийлигида ташриф буюрди. Унинг юмшоқ табиатидан келиб чиқиб, жамоада «Лопесито» деб аташарди. Илк ўйин Перуга қарши кечди ва уругвайликлар 8:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўша турнир бироз бошқача форматда ўтган, яъни алоҳида финал учрашуви ташкил қилинмасдан, финал босқичи тўрт жамоа ўртасида давравий тизимда бўлиб ўтганди. Майдон эгалари Швеция ва Испания терма жамоаларини йирик ҳисобда тор-мор этади. Уругвай эса бу рақиблар билан анча камтарона натижа кўрсатиб, бир ғалаба ва бир дурангга эришади. Сўнгги ўйин Бразилия ва Уругвай ўртасида кечган ва ҳатто дуранг натижа ҳам мезбонларни жаҳон чемпионига айлантирарди.

Аммо ҳеч ким дурангни хаёлига келтирмасди. «Маракана»га ташриф буюрган 200 минг мухлис (бу жаҳон чемпионатлари тарихидаги рекорддир) фақат йирик ғалаба ҳақида ўйлар ва даҳшатли суръатда севимли футболчиларини олдинга бошларди. Бу шароитда ғалаба учун ўйнаш меҳмонлар – Уругвай терма жамоасига қанчалик мушкул бўлганини тасаввур қилаверинг.

Ўша афсонавий ўйин ҳақида алоҳида китоб ёзса арзийди. Балки Уругвайда ёзилгандир ҳам. Илк дақиқаларданоқ майдон эгалари Роке Масполи дарвозаси олдида тинимсиз ҳужум уюштирдилар. Аммо Уругвайнинг бутун тарихидаги энг зўр ҳимоячиси Обдулио Варела ва ўша Андраденинг жияни бўлмиш Виктор бошчилигидаги ҳимоя чизиғи мардонавор ўйин кўрсатди. Барибир Бразилия гол урди. Иккинчи бўлим бошларида ҳисобни очган мезбонлар ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнай бошлади. Рақибнинг ва трибунанинг катта босимига қарамасдан уругвайликлар чинакамига қаҳрамонлик кўрсатди. Ўша даврнинг буюк футболчиларидан бири Алберто Скиаффино 65-дақиқада ҳисобни тенглаштирган бўлса, Алкидес Хиггиа 79-дақиқада ғалаба тўпини киритди. Уругвай – чемпион! 200 минг кишилик сукунатни кўрганмисиз ҳеч?

Фото: my-history.io.ua

Ташкилотчилар нима қилишни билмай қолдилар. Ҳеч қанақа мадҳиялар ҳам, нутқлар ҳам бўлмади. ФИФА президенти Жюл Римэ ғолиб сардорнинг елкасини бир қоқиб қўйди ва тамом. Шу билан футбол «байрами» ўз ниҳоясига етди. Уругвайда нималар бўлганини эса бу ерда ёзиб тушунтириб беришга маҳоратим етмайди.

Бу ўйин ҳақида футбол қироли Пеле ўзининг «Менинг ҳаётим ва ажойиб ўйин» номли китобида шундай ёзади:

«Ўша кунни болалигимнинг энг қора куни сифатида эслайман. Ўйинни радио орқали эшитгандик. Бразилиянинг ғалабага ишончи комил эди.

- Ўйиндан кейинги байрамга борсам майлими? – деб сўрадим отамдан.

Ярим соат ўтиб эса... Бразилия ютқазди. Мен мана шу соатни, мана шу кунни ҳеч қачон унута олмасам керак. Гўёки, Бразилия урушда ютқазгандек эди. Ҳамма ғалати аҳволга тушиб қолган, мен эса кўзимда ёшни тўхтата олмасдим, уйқум ҳам келмади. Йиғлаган битта мен эмасдим. Ҳаётимда илк маротаба йиғлаётган катта кишиларни кўргандим. Ўша куниёқ, мен ўзимнинг қайси касбни танлашим кераклигини ҳал қилиб бўлгандим. Мен футболчи бўлишни ва бир кун келиб Уругвайдан қасд олишим кераклигини ўзимга энг олий мақсад қилиб белгилаб олдим. Мен бунга қасам ичдим». 

Ҳақиқатдан ҳам орадан йигирма йил ўтиб, ўз фаолиятининг охирги йилларини ўтказаётган, аллақачон қирол номини қўлга киритган Пеле ўз қасамини устидан чиқмоқда эди. Мексикада ўтган 1970 йилдаги мундиал ярим финалида ушбу икки жамоа тўқнаш келди ва Бразилия 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, йигирма йиллик ғуборни чиқариб ташлади. Бунгача эса Уругвай яна бир бор ярим финалда ўйнаб улгурган эди. Бу 1954 йилда Германияда ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионатида кузатилди.

Ўша Лопес қўл остидаги Уругвай 1954 йилги жаҳон чемпионатини ҳам муваффақиятли бошлади. Чехославакия (2:0), Англия (4:2) ва Шотландия (7:0) каби Европа жамоаларини ортда қолдирган қаҳрамонларимиз ярим финалда Венгрияга қарши саф тортди. Ўшанда Венгрия дунёнинг энг кучлиларидан бири саналарди ва кўп мутахассислар ўша учрашувни финалдан олдинги финал сифатида баҳолаганди. Грошич, Кочиш, Хидегкути каби афсоналари билан майдонга тушган венгрлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, финал иштирокчисига айланди.

Англиядаги жаҳон чемпионатида эса Уругвай чорак финалда ГФР томонидан йирик ҳисобда тор-мор этилади. Мексикадаги чемпионат Уругвай футболи учун жаҳон миқёсидаги сўнгги ютуқ эди. Шундан сўнг ҳам жамоа уч марта Жанубий Америка кубогини қўлга киритган бўлсада, жаҳон чемпионатларида омад юришмади. Уругвай 1986 ва 1990 йиллардаги мундиалларнинг финал қисмида қатнашди, бу турнирларда эътиборли натижалар бўлмади. 1986 йилдаги гуруҳ ўйинида Даниядан қабул қилинган шармандали мағлубият (1:6) барчасидан ўтиб тушди.

Терма жамоанинг жаҳон чемпионатларидаги сўнгги муваффақияти 2010 йилги Африкада ўтган мундиалга тўғри келади. Диего Форлан бошчилигидаги терма жамоа ярим финалгача етиб борганди. Равшан Эрматов бошқарган ўша ўйинда Нидерландиянинг қўли баландроқ келганди.

Фото: Rusfan.ru

Уругвай футболи, умуман Уругвай жамоалари Жанубий Америкача услубга йўғрилган бўлса-да, Аргентина ва Бразилиядан фарқ қиладиган бир нечта хусусиятлари бор. Асосийси, Уругвай ҳимоядаги аниқ ҳаракатлари билан ва ўзига хос тактик услуби билан Европа жамоаларини эслатиб юборади. Италия-90 ўйинлари гуруҳ босқичида Испанияга тўқнаш келинганда, россиялик таниқли шарҳловчи Владимир Маслаченко шундай таъриф ишлатганди: «Майдонда Европанинг энг лотин америкача ва Лотин Америкасининг энг европача жамоалари куч синашмоқда»

БУГУНГИ УРУГВАЙ

Фото: World Cup

Ростан ҳам Уругвай бошқа Лотин Америкаси жамоаларидан бироз фарқ қилади. Натижага бўлган эътибор ва тактик томондан тартибли ўйнаш билан қайсидир маънода ўша Марадона давридаги Аргентинани эслатиб юборади. Уругвайнинг ҳимоя маркази Европадаги энг кучли ҳимояга эга бўлган «Атлетико» футболчиларидан ташкил топгани ҳам кўп нарсадан дарак беради. 

Албатта, Уругвайда Марадона йўқ, аммо айтиш мумкинки, жаҳон футболидаги энг кучли ҳужум жуфтлиги айнан ушбу жамоададир. Луис Суарес ва Эдисон Кавани. Икковлон Европанинг топ-клубларида тўп суришади ва сўнгги мавсумда ҳам биргаликда олсак, 60дан ортиқ гол уришга муваффақ бўлишди. Энг муҳими бу футолчилар терма жамоада бир-бирига халақит беришидан хавотир олишга ҳожат йўқ. Кавани «ПСЖ»да Мбаппе билан, Суарес «Барселона»да Месси билан биргаликда ўзини жуда яхши томондан кўрсатмоқда. Яъни, ҳар икки ҳужумчи керакли пайтда сояга ўтиш, керак бўлганда эса, тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиш борасида яхши тажрибага эга.

Терма жамоа жуда тажрибали номлардан ташкил топган. Юқорида тилга олинган футболчилардан ташқари, ҳимояда Макси Перейра бор, «Порту» футболчиси – 33 ёшда. У терма жамоа сафида барча даврларда энг кўп майдонга тушган ўйинчи саналади ва бу кўрсаткич Россияда яна ошиши аниқ. Шунингдек, ярим ҳимоячи Кристиан Родригес, ўз вақтида Португалия, Испания ва Италия чемпионатларида тўп сурган, у ҳам 100дан ортиқ ўйинда Уругвай терма жамоаси либосини кийган.

Умуман, заявкада камида 8 нафар 30дан ошган футболчи бўлиши кутилмоқда ва уларнинг ҳар бири ҳозир ҳам яхши спорт формасида бўлиб турган футболчилардир. Уругвай тарихидаги энг кўп майдонга тушган футболчи қатори, тарихдаги энг кўп гол урган бомбардир ҳам бугунги таркибда (Суарес) экани бугунги Уругвайнинг тажрибасини кўрсатиб турибди.  

Саралаш ўйинларида Уругвай фақат Бразилиядан ортда қолиб, 2-ўринни олган бўлса-да, йўлланма учун кураш охирги турларгача кечди. Агар айтайлик, охирги 4 турдаги 8 очко қўлга киритилмаганда, жамоа бешликдан четда қолиши ҳам мумкин эди. Ўтказилган 18 ўйиндан фақат ярмида Уругвай ғалаба қозонди холос.

Бошқа томондан, аслида бу жуда яхши кўрсаткич, дейиш ҳам мумкин. Лотин Америкаси терма жамоалар савияси бир-бирига яқин бўлиш билан бирга, ўсиб бораётганини ҳам эътироф этиш лозим. У ерда яққол аутсайдерлар қолмади ва ҳар бир терма жамоада Европада таниқли бўлган номларни учратиш мумкин. Қитъа чемпиони Чилининг мундиалдан четда қолгани, финалчи Аргентина фақат сўнгги турда масалани ҳал қилгани ҳам у ерда рақобат жуда юқорилигини кўрсатади. Мана шундай талатўпдан чиқиб борган нафақат Уругвай, балки қитъанинг бошқа терма жамоалари ҳам Россияда энг юқори ўринлардан умид қилаётганликлари табиий ҳол.

ҚАҲРАМОН МУРАББИЙ

Фото: Footboom.com

Бугунги Уругвай ҳақида гап борганда, мураббий ҳақида ёзмаслик имконсиз. Терма жамоалар футболи Фергюсони деймизми, Венгерими, у 12 йилдан бери ушбу терма жамоани бошқариб келмоқда.

2006 йилги жаҳон чемпионатидан қуруқ қолишгач, уругвайликлар бир пайтлар (1988-90) терма жамоани муваффақиятли бошқарган Оскар Табарес номзодига тўхталишди. 4 йилда Уругвай жуда катта қадам ташлаб, ЖАРда ўтган жаҳон чемпионатида 4-ўринни қўлга киритди. Бир йил ўтиб эса, Америка кубогида ғалаба қозонилди. Бу натижалар билан Табарес 2010-11 йилларда қаторасига икки йил Жанубий Американинг энг яхши мураббийи, ва ҳатто IFFHS уни 2011 йилда дунёнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этди.

Табареснинг бугун ҳам Уругвайнинг бошқарувида экани чинакам қаҳрамонлик. У Гийена-Барре синдроми билан касалланган. Асаб тизимидаги узилишлар туфайли, бу оғир касаллик аввал оёқларни, кейин эса, қўлларни фалажлантириши мумкин. Шу билан бирга, елка ва бошқа мушакларда қаттиқ оғриқлар кузатилади. Шу ҳолатда ҳам, Табарес ўз севимли ишидан воз кечмаяпти. Агар кузатган бўлсангиз, 2016 йилдаги Америка кубоги баҳсларида у аввал ҳассада, кейин эса, ногиронлар аравачасида ўтириб, шогирдларига кўрсатмалар берди.

Футбол тарихида терма жамоани энг кўп ўйинда майдонга олиб тушган мураббий сифатида тарихда қоладиган Оскар Табарес ўзининг тўртинчи мундиалида ҳам ўз сўзини айтиши керак. 

ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК: Луис СУАРЕС

Фото: championat.com

Бу футболчини алоҳида таништириш шарт эмас. Шунчаки, ҳар мундиалда бу футболчи билан боғлиқ қандайдир қизиқ воқеа содир бўлади ва дурдонага айланади.

ЖЧ-2010 чорак финалида Ганага қарши ўйин ҳамманинг эсида бўлса керак. Қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқаларида дарвозага кириб кетаётган тўпни Суарес очиқчасига қўли билан қайтарганди. Натижада, яққол гол пенальти+қизил карточка билан алмашган, Гана футболчиси Асамоа Гьян эса, пенальтини голга айлантира олмаганди. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида Уругвай устун келгач, Суарес қаҳрамонга айланади.

2014 йилдаги яна ҳам ноодатий қилиқ Уругвайга плей-офф йўлланмасини олиб келган ўйинда рўй берди. Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Италияга қарши ўйналди. Уругвайликларни фақат ғалаба қониқтирар эди. Вазиятлардан бирида Суарес рақиб ҳимоячиси Кьеллинининг елкасидан тишлаб олди. Бу ҳаракат ҳакам томонидан эътиборсиз қолдирилди ва аксинча, Италия ярим ҳимоячиси Маркизио бошқа вазият учун майдондан четлатилганди. Якунда бир киши кўп ҳаракат қилган Уругвай 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Суарес эса, терма жамоа сафида 9 ўйинга дисквалификация қилинди. Шунингдек, 4 ой умуман футболдан четлатилди.

«Барселона» юлдузи бу сафар учинчи марта жаҳон чемпионатига ташриф буюрмоқда. Энди нима қиларкин?

ЖЧ-2018

Уругвай А гуруҳида Россия, Миср ва Саудия Арабистони терма жамоаларига қарши ўйнайди. Бир қарашда оддий, лекин мураккаб гуруҳ. Чунки барибир мезбонларга деворлар ҳам ёрдам беради, Салоҳ бошчилигидаги Миср эса, ҳар қандай жамоага жиддий муаммолар туғдириши мумкин. Айнан Мисрга қарши ўйин натижаси гуруҳдаги энг муҳим ўйинлардан бири бўлса керак.

Бу ўйин 15 июнь куни Екатеринбургда бўлиб ўтади. 2-турни уругвайликлар Ростовда арабларга қарши ўтказишса, энг охирги ўйин Самарада, 25 июнь куни мезбонларга қарши кечади

Агар Уругвай гуруҳ босқичини муваффақиятли якунласа, бизни 1/8 финалдаёқ қизиқарли жуфтлик кутиб туриши мумкин. Зеро бу гуруҳ ғолиблари Испания ва Португалия терма жамоаларига қарши ўйнаш эҳтимоли юқори. Яъни, Жанубий Американинг энг европача жамоаси Европанинг «америкача» вакилларига қарши яна бир бор майдонга тушади. 

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Мавзуга оид