Ўзбекистон | 14:22 / 05.06.2018
18134
3 дақиқада ўқилади

2050 йилга бориб 90 миллионгача киши сув танқислигига дуч келиши кутилмоқда

Жаҳон банки прогнозларига кўра, Марказий Осиё минтақасининг демографик ўсиши фонида 2050 йилга бориб 90 миллионгача киши (25-30 фоиз аҳоли) сув танқислигига дуч келиши кутилмоқда. Суғориш учун сарфланадиган сув ресурслари эҳтиёжи эса 2020 йилга бориб  30 фоизга ошиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё халқаро экологик форуми доирасида шундай баёнот берди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

“Бугунга келиб Марказий Осиё қишлоқ хўжалик ерларининг 90 фоиздан ортиғи сунъий суғоришни талаб этади. Ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиёда аграр секторда банд бўлган 55 миллиондан зиёд кишининг турмуш шароити тўғридан-тўғри сув билан таъминланганлик даражасига боғлиқ”, - дейди у. 

Нодир Отажонов
Фото: Халқаро Пресс-клуб

БМТ экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш натижасидаги иқтисодий фойда минтақавий ЯИМнинг 5 фоизини ёки 20 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон минтақадаги барча мамлакатлар манфаатини инобатга олиб, БМТ томонидан таклиф қилинган Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш конвенцияси қўшма ишланмасини фаоллаштиришни таклиф қилди. 

“Фурсатдан фойдаланиб, сизларнинг эътиборингизни замонамизнинг энг долзарб экологик муаммоларидан бири – Орол фожиасига қаратмоқчи эдим. Бу нафақат бизнинг умумий экологик фожиамиз, балки биргаликдаги амалий саъй-ҳаракатларни талаб қилувчи жуда жиддий вазифамиз ҳамдир”, - қўшимча қилди у. 

БМТ маълумотларига кўра, 1950 йилдан то бугунга қадар сайёрамиз аҳолиси деярли уч бараварга ошиб, 7 миллиарддан зиёд кишини ташкил қилди. 

Отажоновнинг сўзларига кўра, дунёнинг барча мамлакатлари, жумладан Марказий Осиё минтақаси олдида турган энг жиддий муаммолардан бири атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланишидир. Пластикдан маиший фойдаланиш ҳажми 300 миллион тоннадан ошди. 

“Вазиятдан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳукумати чиқиндилар масаласида ички сиёсатни тўлиқ қайта кўриб чиқди, бу йўналишда уларнинг ҳосил бўлишидан то утилизацияси ва қайта ишланишигача интеграциялашган ёндашувлар қўлланмоқда. Республикада маиший чиқиндиларни комплекс бошқаришга доир замонавий кластерлар ишлаб чиқилмоқда, янги иқтисодий бошқарув механизмлари жорий қилинди. Биз жаҳон стандартларига асосланиб, қаттиқ маиший чиқиндилардан фойдаланишга нисбатан мутлақо янги стратегияни қўллаш ниятидамиз”, - деди у.

Мавзуга оид