Спорт | 16:49 / 12.06.2018
23136
9 дақиқада ўқилади

Мундиал арафаси: Ким нега чемпион бўла олмайди?

Мундиалда ғолиб чиқиш имконияти бўлган фаворитлар бор ва уларнинг ҳар бирида чемпионлик салоҳияти етарли. Айнан ниманинг ҳисобига ютуққа эга чиқишлари мумкинлигини биламиз. Одатда, ҳар қандай турнир олдидан фаворитларнинг устунликлари кўпроқ саналади. Мабодо омадсизлик қайд этилса, камчиликлар кўрина бошлайди, мағлубият сабаблари шунчалик таҳлил қилинадики, худди, бу жамоа олдиндан ютқазишга маҳкум бўлгандек.

Келинг шу ишни биз олдиндан қиламиз. Яъни, агар бу фаворитлар қаердадир ютқазиб қўйишса, сабаб сифатида нимани кўрсатиш мумкин?

ГЕРМАНИЯ

Фото: Twitter / @FIFAWorldCup

ЖЧ-2014 ғолиби ўша мураббий ва кучли таркиб билан бешинчи чемпионлик учун келмоқда ва айтиш керакки, турнирнинг энг асосий фаворитидир. Хўш, немисларга бу сафар нима халақит бериши мумкин?

Агар Италия терма жамоаси финал босқичига йўл олганида, жавоби осон бўларди. Лекин энди, янада чуқурроқ қарашга мажбурмиз ва балки тўрт йил олдин жамоада мавжуд бўлган баъзи жиҳатлар энди топилмас? Масалан, ўшанда терма жамоа асосини «Бавария» аъзолари – Мюллер, Швайнштайгер, Лам, Боатенг, Нойер, Кроос каби футболчилар терма жамоа асосини ташкил қилар эди. Мана шу пойдевор устида бошқалар ҳам жипслашиб, жуда кучли ўйин кўрсатилганди.

Бугунги Германияда аслида истеъдодли футболчилар янаям кўпайган, Лёв тенг кучли бир неча терма жамоа тузиш имкониятига эга бўлса-да, асосий таркиб ҳақида борганда, пасайишни кутган бўлардим. Юқоридаги номлардан икки футболчи футболни тарк этди, Кроос «Реал»га ўтиб кетди. Бу ҳам майли, бугунги Германия терма жамоаси юлдузларига қарасак, уларнинг бирортаси ҳам ўз клубида асосий ўринларда эмаслигини кўрамиз. Бундеслига етакчиси «Бавария»ни олсак, ҳимояни қўшмаганда фақат Руде ва Мюллер немис футболчилари, қолганлар легионер.

Айтмоқчиманки, тўрт йил олдинги Германия нима қилишни олдиндан биладиган, салобатли ва тажрибали жамоа бўлганди, бу сафар эса, Лёв бир қатор истеъдодли футболчилардан яхлит терма жамоа тузишга муҳтождир. Ўз-ўзидан, энди аввалгидек осон бўлмайди.   

АРГЕНТИНА

Фото: Twitter / @FIFAWorldCup

Аслида Аргентинанинг чемпион бўлиши учун сабаб битта – Лионель Месси. Бошқа барча факторлар аргентиналикларнинг рақобатчиларидан ожиз эканини кўрсатади. У қадар ишончли бўлмаган ҳимоя чизиғи ва камтаргина ярим ҳимоя Лионель Мессининг даражасига, унинг амбицияларига мос келиши осон эмас. Буни биз саралаш баҳсларида ҳам кўрдик. Аргентина фақат сўнгги турдаги ғалаба ёрдамида мундиал йўлланмасини қўлга киритди.

Топ терма жамоалар учун, айтайлик, ҳал қилувчи ўйинларда Аргентинага қарши тайёрланиш жуда қийин, бу ерда Аргентинанинг имконияти ошиб кетади. Чунки Месси омили бош планга чиқиб қолади, бунга қарши бирор режа ишламаслиги мумкин. Кучли жамоа ўз режасини Мессининг ўйинига қараб қурганида, албатта, ўйинни ташкил қилиш бобида кучсизланади. Аммо ҳимояланувчи жамоалар учун Аргентина жуда қулай рақиб. Сон жиҳатидан ҳимояда устунлик қилиш ва пайт пойлаш режаси билан тушган жамоалар Аргентинага кўпроқ ноқулайлик туғдирса керак. Масалан, Португалия...

Бундан ташқари, Икардининг шахсий сабабларга кўра терма жамоага олинмагани бошқа ҳужумчиларда, хусусан Игуаинда босим пайдо қилади. 

БРАЗИЛИЯ

Фото: Twitter / @FIFAWorldCup

Бразилия таркибида кучли ўйинчилар жуда кўп. Улар биргаликда жуда кучли жамоа бўла олади. Ҳатто Неймарсиз ҳам. Муаммо шунда, таркибда Неймар бор ва у эътибор, мақом жиҳатидан бошқа юлдузлардан ҳам бир бош баландда туради. Аслини олганда, бунинг ёмон томони бўлмаслиги керак, тўғрими? Аммо Неймарнинг февралда жароҳат олгани ва ўшандан буён футболдан четда қолганичи?

Яъни, бу ҳолатда шундоғам кучли бўлган терма жамоанинг ўйини Неймарнинг спорт формасига боғлиқ бўлиб қолади. Бразилия Неймарга ўйнаши керак, Неймар таркибда асосий скрипка бўлиши керак, лекин унинг спорт формаси ўша талабга жавоб бермай қолсачи?

Бу ҳолда Коутиньо, Фирмино ёки бошқа юлдузларга таяниб, бошқа усулни қўллашнинг ҳам иложи йўқ, чунки Неймар таркибда бор. Дисквалификация ёки жароҳат эмас, у майдонда бўлади. Неймарни эътибордан қолдириш мумкин эмас.

Шунга ўхшаш вазиятга кўпинча, Роналду ёмон формада бўлганида «Реал» ёки Португалия терма жамоаси тушиб қоларди. Бразилия бу вазиятда ёмон ўйнайди ёки нимадир қовушмайди, демоқчи эмасман, эътибор беринг, биз ҳозир энг олий ўринни қўлга киритиш учун халақит берадиган омиллар ҳақида гаплашяпмиз. Чемпион бўлиш учун эса, жамоа салкам мукаммал бўлиши керак.

АНГЛИЯ

Фото: Twitter / @England

Инглиз клубларида жуда кучли мутахассислар ишламоқда, АПЛнинг топ жамоалари аста-секин Европа майдонларидаги устунликни қайтармоқчидек кўриниб туришибди. Бу клубларда бир қатор инглиз футболчилари ҳам тўп суришади ва бир қатор истеъдодли футболчилар Саутгейт қўл остига йиғилишган. Уларни кузатиш қизиқ бўлади.

Аммо аслида Германиянинг муаммоси Англия термасида янада яққолроқ кўринади. «Манчестер Сити»дан Стерлинг, Стоунз, Уолкер, Делф олинган, аммо бу клубда асосий ишни легионерлар – Силва, де Брюйне ёки Агуэро қилишади. «Ливерпуль»дан ҳам тўрт футболчи, лекин бу жамоанинг номи тилга олинганда кўпроқ Салоҳ ёки Фирмино келади. «Манчестер Юнайтед»дан жалб қилинган Лингард, Жонс ёки Янг каби футболчилар ҳам клубда у қадар асосий футболчи эмас.

Англия терма жамоаси тарихида энг ёш сардор Ҳарри Кейн бўлаётганининг сабаби ҳам аслида шудир. 24 ёшли ҳужумчи «Тоттенҳэм»нинг етакчи футболчиси саналади. Саутгэйт айнан шунинг учун Кейн терма жамоада ҳам шерикларини олдинга бошлашидан умид қилаётган бўлиши табиий.   

ФРАНЦИЯ

Фото: Twitter / @FrenchTeam

Мундиалнинг энг истеъдодли ва ёш терма жамоаси. Гризманн, Мбаппе, Погба, Канте... Бу футболчиларнинг ҳар бири клубда ўз позициясида беназир. Франция таркибига кира олмаган футболчилардан ҳам яхшигина кучли терма жамоа тузса бўлади.

Бошқа томондан, терма жамоа юки елкасига тушадиган бу номлар ҳали жуда ёш ва тажрибасиз эканини ҳам эътиборга олиш керак. Ўзи мезбонлик қилган сўнгги Европа чемпионатида ҳам айнан шу жиҳат футболчиларга халақит бергандек кўринганди, бу муаммо ҳали ҳам бутунлай бартараф бўлгани йўқ. Чунки Гризманн ҳали ҳам бироз камтарроқ «Атлетико»да, Погба «МЮ»га келганидан буён жойида депсиниб турибди, яъни янги даражага чиқиб, ўша Месси ёки Роналдуга чақириқ қилиши кутилган бу футболчилар ҳали ўзларидан кутилган чўққига чиқа олганлари йўқ.

Терма жамоа жуда чиройли ўйин кўрсатиши, ҳар қандай рақибни енгиши мумкин, имконият ҳам, салоҳият ҳам бор, лекин қийин палла келиб, жуда қийин вазифани уддалашга тўғри келиб қолса, ҳаммани ўз ортидан бошлайдиган ёки вазиятни бир ўзи ҳал қиладиган юлдуз Францияда кўринмаяпти.

ИСПАНИЯ

Фото: Twitter / @SeFutbol

Ўтган мундиалда Испания гуруҳ босқичидаёқ муваффақиятсизликка учрагач, терма жамоада авлодлар алмашинуви аллақачон қилиниши кераклиги ҳақида кўп гапирилганди. Аммо таркибдаги футболчиларни алмаштириш имкони бўлмаса, келиши керак бўлган ёшлар таркибдагилардан пастроқ савияда бўлса, нима қилиш керак?

Испания «Барселона»нинг «тики-така»си ёрдамида ҳамма нарсани ютди. Лекин бу услубнинг асосий ижрочилари аста-секин сафдан чиқа бошлагач, ўйин даражаси ҳам тушиб бориши тайин эди. Шундай бўлмоқда ҳам.

Натижада, испан футболи яна ўз қобиғига ўрала бошлагандек. Бу қобиқ илгари бутун Европани зир титратиб, ҳаммани ўз ортидан эргаштириб келган бўлса, энди, натижа кўнгилдагидек бўлмаганда, Испания ўз қопқонига тушиб қолаверади. Испания клублари ичида услуб жиҳатидан испан футболига энг узоқ бўлган «Реал»нинг Европада муваффақиятлироқ экани ҳам шу нарсани исботламаяптими? «Барселона» ички майдонда «Реал»ни осонлик билан ютмоқда, лекин халқаро майдонда, яъни бошқача рақибларга қарши «Реал» самаралироқ. Лопетеги легионер футболчиларга камроқ эътибор бериб, кўпроқ Ла Лигадагиларга эътибор қаратганидан билиш мумкинки, жаҳон чемпионатида ҳам шундай бўлади, Испания у ерда ўзини қулай сезиши осон бўлмайди.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид