Ўзбекистон | 13:04 / 17.06.2018
124164
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати: ислоҳот сабаблари

2018 йилнинг 5 апрелида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Миллий хавфсизлик хизматини (МХХ) ислоҳ қилиш доирасида идоранинг номи Давлат хавфсизлик хизматига (ДХХ) ўзгартирилди. Мазкур хизматнинг ислоҳ қилиниши ҳақида илк бор президент 2017 йил якунлари бўйича мамлакат парламентига мурожаатномасида айтиб ўтган эди. 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси умумий концепциясида бу режали ва оқилона қадам сифатида тилга олинган: «МХХни ислоҳ қилиш фурсати етиб келди…». Бу гаплар билан давлатимиз раҳбари қонуннинг қабул қилиниши зарурияти ва фурсат етиб келганини таъкидлаган эди.

Биз ҳужжатни таҳлил қилиб, бунга сабабларни тушунишга ва хулосалар чиқаришга қарор қилдик.

Тарихдан бир шингил

Шу фактни қайд этиш жоизки, СССР даврида Давлат хавфсизлик хизмати катта роль ўйнаган ва улкан ваколатларга эга бўлган. СССРда ДХҚ (КГБ) 1954 йилнинг 13 мартида СССР Министрлар кенгаши қошида тузилган эди. ДХҚ таркибида тузилманинг бош бошқармаси билан биргаликда 21 бошқарма мавжуд эди ва бутун мамлакат бўйлаб ДХҚнинг «биринчи бўлими» фаолият кўрсатиб, у корхона ва муассасаларда иш олиб борган: жамоатчилик кайфияти устидан назоратни вужудга келтирган. Халқ ўртасида ДХҚ «қилич ва қалқон» ташкилоти дейилар, бунга идоранинг рамзи асос бўлган эди. Кўпинча ташкилот ишида «қалқон» эмас, «қилич» принципи ишга солиниши ҳақида гап-сўзлар юрарди, бу ҳолда тузилманинг кучишлатар услублари ва тотал ижтимоий назоратни қўллашига шаъма қилишарди. ДХҚ ҳамма иш билан шуғулланарди — биринчи шахсни қўриқлашдан тортиб, разведкагача.

Ўтган асрнинг 60-йилларида ДХҚнинг аҳамияти янада ошди, чунки 1967 йилда унга Юрий Андропов раҳбар этиб тайинланди. 1978 йилда ДХҚнинг бешинчи бўлими сиёсий қатағонларни қўллай бошлади. Ҳаттоки Юрий Андроповнинг КПСС МҚга ишга ўтганидан сўнг ҳам у энг асосий лавозимларга ўзига садоқатли инсонларни қўя бошлади. 70-80-йилларда халқ ДХҚни «контора» деб атай бошлади, бунда тузилма раҳбарияти партияга оидлигига ишора қилинди. ДХҚ ўз «юзи»ни йўқота бошлади. 80-йиллар сўнгида уни қайта жонлантиришга уриниш бўлди, ДХҚ тузилмалари республика ҳокимияти органлари тасарруфига ўтди, бироқ СССР инқирозга учраб, парчалангач — 1991 йилда қўмита тарқатиб юборилди.

Совет иттифоқи таназзулга учрагач, республика манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 1991 йилнинг 25 августида Ўзбекистон ССР президенти фармони билан Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ) республика юрисдикциясига олиниб, партиядан ажратилди. 1991 йилнинг 26 сентябрида Ўзбекистон ССР ДХҚси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматига айлантирилди. Идорага генерал-лейтенант Ғулом Алиев раҳбар этиб тайинланди.

1995 йилда МХХга Ғулом Алиевнинг ўринбосари Рустам Иноятов раҳбар бўлди. Идоранинг вазифаси сирасига энди мустақил Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сақлаш бўлса-да, иш тузилмаси ва кадрлар тизими эски даврнинг «меросхўри» сифатида қолаверди.

МХХнинг фаолияти ҳақидаги низом 26 йил муқаддам тасдиқланган эди. Мирзиёевнинг баҳолашича, бу давр ичида МХХ ўз ваколатлари ва фаолият кўрсатиш соҳасини асоссиз равишда кенгайтирган, гарчи хизмат ҳақидаги қонун тузилмаси ўзгармаган бўлса ҳам. Ҳукуматнинг янги стратегияси шакллантирилиши жараёни ва тарихий шарт-шароитлар инобатга олиниб, идорани ислоҳ қилиш ва қайта ташкил этиш масаласи кўндаланг бўлди. Ўзининг навбатдаги чиқишларидан бирида Шавкат Мирзиёев МХХнинг «идора»ни рўкач қилиб халқ ва ватан манфаатларини менсимасдан барча соҳаларга аралашиш вақти ўтганини баён қилди. Тарих нуқтаи назаридан бу абсолют нормал жараёндир: янги етакчи — янги динамика дегани. Мазкур ҳолатда хавфсизлик ва қонунийлик динамикаси ишга тушди.

Кадрлар ҳаммасини ҳал қилади

Фото: Бош прокуратура

2018 йил январь ойининг охирларида президент МХХ раиси генерал-полковник Рустам Иноятовни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Давлат хавфсизлик хизматига республиканинг бош прокурори бўлиб ишлаб турган Ихтиёр Абдуллаев янги раҳбар этиб тайинланди. Ихтиёр Абдуллаев суд тизими — ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ва назорат этувчи органлар ҳаракатларини мувофиқлаштирувчи, қонунчиликни мониторинг этувчи тизимда ишлагани инобатга олинса, унинг ДХХ раиси лавозимига тайинланишини оқилона қарор дейиш мумкин. Бош прокуратуранинг ДХХ фаолияти устидан назорат этиш омили ҳисобга олинса, бу ҳолатда ҳам собиқ бош прокурорнинг тажрибаси жуда асқотади.

ОАВга берган интервьюларидан бирида Ихтиёр Абдуллаев 26 йил мобайнида хизматнинг фаолияти қонун доирасида тартибга солинмагани, бу эса, ўз навбатида, жуда кўплаб муаммоларни келтириб чиқарганини қайд этди.

Кадрлар борасида сўз очилса, ДХХда структуравий силжиш юзага келганини қайд этмоқ керак. Энди ДХХ раҳбари ва унинг ўринбосарларини мамлакат президенти тайинлайди. Илгари МХХ раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари МХХ раисининг тавсиясига кўра президент ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тайинланар эди. Бундай ўзгариш муҳим лавозимлар устидан назоратнинг кучайтирилганига ўхшайди. Бу қонун нуқтаи назаридан ўзини оқлайдими? Тўлиқ оқлайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати бўлиб хизмат қилади ҳамда мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни қўллайди, шу сабабли бундай қадам тўлиқ мантиқли ҳисобланади.

Янги қонун — янги принциплар?

Қонун вазифа, иш структураси, услублари ва принципларини аниқлаштирувчи 9 боб ва 48 моддадан иборат. Биринчидан қонуний асосий тушунчалари бу: давлат хавфсизлиги, давлат манфаатлари, разведка ва контрразведка фаолиятидир. Бу ерда ҳаммаси шаффоф ва тушунарли. Фаолиятнинг асосий йўналиши сифатида давлат хавфсизлигини таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, давлат сирларини қўриқлаш, стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш (мудофаа қобилияти).

Принципларга тўхталадиган бўлсак, янги қонунда улар ҳуқуқий асосни сақлаб қолди, бироқ янада ижтимоий муҳимлик касб этди. Масалан, фуқароларнинг ёрдамига таяниш ва ДХХга кўмак кўрсатиш учун рағбатлантириш, давлат органларида коррупцияга қарши кураш, маданий-тарихий ва маънавий меросларни ҳимоя қилиш кабиларда.

Қонун тизимининг ўзи ҳам асосий процессуал жиҳатларни эътиборга олишини ҳам қайд этмоқ жоиз. Масалан, тезкор фаолият давомида ДХХ ходимларининг турар-жойларга киришида прокурорни 24 соат ичида ёзма равишда хабардор қилиш сингари.

Жисмоний куч, махсус воситалар ва қуролларни ишлатиш чегарасига ҳам алоҳида эътибор берилган. Масалан, инсоннинг боши, бўйни, ўмров соҳаси, қони, жинсий аъзолари ва юрак проекцияси соҳасига резина таёқ билан уриш тақиқланади, бу ҳолда фуқаролар ва ДХХ ходимларининг ҳаётига реал таҳдид туғдирувчи қуролли қаршилик кўрсатиш ва гуруҳ бўлиб ҳужум қилиш истисно этилади.

Мустақиллик приниципи: хизмат фақат қонунга бўйсунади. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг идора ишига аралашуви тақиқланган, бу эса ДХХ ҳаракатлари холисона ва мустақил олиб борилади, дегани;

Ягоналик принципи: идора марказлашган, раис томонидан бошқарилади, раис эса ўз навбатида фақат президентга бўйсунади;

Конспирация принципи: бу хизматнинг ихтисослашгани, ахборотни олиш ва сақлаш инобатидан фаолиятнинг махсус тартиби ҳисобланади.

Қонунга риоя қилиш

Юқорида биз ўз фаолиятини амалга оширишда фақат Ўзбекистон Республикасига бўйсунади ва ҳисоб беради, деб ёздик. У шунингдек Олий Мажлис Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитасига ўз фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича мунтазам ахборот бериб туради. ДХХ фаолиятида қонунларнинг аниқ ва оғишмасдан амал қилиниши устидан назорат Ўзбекистон Республикасининг бош прокураори ва унга бўйсунадиган прокурорлар томонидан амалга оширилади.

Бундай кўринишдаги назорат хизмат ишида қонунийлик принципини таъминлаш учун зарур. ДХХ тўғрисидаги қонунда Конституцияга риоя қилиш меъёрлари аниқ ёзиб қўйилган. Бинобарин, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш ҳам. Янги қонун билан Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистоннинг конституциявий тузуми, суверенитети ва манфаатларини ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли органи сифатида қайд этилган. ДХХ раҳбари прокуратура органларида катта иш тажрибасига эга эканлигидан келиб чиқсак, қонунийлик принципи устуворлиги янада ўзини оқлайдиган кўринишга келади.

Фуқаролар ва давлат ҳимояси

Давлат механизмида муҳим жиҳатлардан бири ривожланишнинг барқарорлиги ва тинчлик таъминланишидир. Давлат ва жамият учун ҳам жаҳон, ҳам минтақа нуқтаи назаридан хавфсизликка таҳдид долзарблигича қолмоқда. Масалан ИШИД террорчиларининг фаоллашуви, қурол-яроғ ва наркотик моддаларни олиб киришга уринишнинг кўпайиши, турли айирмачи кучларнинг дин ва маданиятни дастак қилиб, жамиятга таъсир ўтказишга уриниши кабилар.

Жаҳон миқёсида давлатни беқарорлаштиришга «инвестиция» киритиш деб аталувчи муаммо айниқса долзарб бўлиб турибди. Бу легитим ҳокимиятни ағдариш бўйича турли лойиҳалар, давлатни ичидан емирувчи сиёсий экстремизмдир. Бу масалалар МДҲ бўйича айрим «қўшни»ларимизни четлаб ўтмади. Давлат тизими ва иқтисодиёт пули тўлаб қўйилган «сиёсий мухолифат», «рангли инқилоблар», диний фанатиклар томонидан вайрон қилинади. Барқарорлик ва тинчликка ушбу таҳдидларни ҳисобга олиб, жамият ва мамлакат хавфсизлик ташкилоти Давлат хавфсизлик хизмати фаолияти ва ташкилоти тизимига янгича нигоҳ ташлашни тақозо этади.

Хулоса

«Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун, кадрлар алмашинуви ва ўрнатилган қонунийлик ва ҳуқуқ устуворлигини таҳлил қилар эканмиз, ишонч билан айтиш мумкинки, ўзгаришлар даври етиб келган. Бу даврда махсус хизмат монополист бўлмайди. Бу эса барча давлатлар ўз тарихининг у ёки бу даврида бошдан кечирадиган нормал жараён ҳисобланади. Давлат хавфсизлиги биринчи навбатда «қалқон» бўлган давлатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун ва тинчлик ҳимоя қилинади.

Наташа Кучерявая
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид